Узоқ муддатли шартномалар бўйича тўлов НКТдан қандай ўтказилади

preview

2022 йил 11 июлдан бошлаб товарлар ва хизматларни аҳолига реализация қилувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг анча қисми бир томонлама ЭҲФни тақдим этиш имкониятини йўқотди. Мижозлардан олинадиган тўловни айланмадан олинадиган солиқ ва ҚҚС бўйича ҳисоботларда тушумни автоматик тарзда акс эттирилишини таъминлайдиган назорат-касса техникаси орқали ўтказиш лозим.

Солиқ ҳисоботлари тўғри шакллантирилиши учун узоқ муддатли контрактлар бўйича онлайн-НКМ билан ишлашни қандай ташкил этишни buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ ҳузуридаги “Янги технологиялар” ИАМ бошқарма бошлиғи Шерзод ТЕШАБАЕВ гапириб берди:

 

- Агар контракт 1 ойдан ортиқ (айланмадан олинадиган солиқ ва ҚҚС бўйича бир ҳисобот (солиқ) давридан ортиқ) амал қилса, узоқ муддатли контракт деб эътироф этилади   .

Агар узоқ муддатли контракт шартлари хизматларга босқичма-босқич ҳақ тўлашни назарда тутмаса, айланмадан олинадиган солиқ ва ҚҚС бўйича ҳар ойлик солиқ базаси ҳисоб маълумотлари асосида даромадни бир меъёрда эътироф этиш принципи бўйича аниқланади. Уни ҳисобот даврининг охирига келиб ҳақиқатда ижро этиш контрактни бажариш бошлангандан эътиборан қилинган харажатларнинг солиштирма миқдорини контрактни бажаришга доир харажатларнинг умумий суммасида ҳисоб-китоб қилиш асосида аниқланади  .

Масалан, 10 ойлик ўқув курсларининг 1 нафар тингловчи учун қиймати 3 млн сўмни ташкил этади. Солиқ базасини тўғри аниқлаш учун, ўқув маркази ҳар ойда унга 300 минг сўмдан (3 000 000 : 10) киритиши керак.

 

Бу солиқ ҳисоботида НКТ ёрдамида қандай акс эттирилади

Ўқув юрти ҳар ойлик солиқ ҳисоботларини шакллантириш учун ҳар бир тингловчига ҳар ойда чек уради (ой тугагунга қадар). Унда “Тўлов тури” реквизити сифатида “Сотиш” кўрсатилади, тўлов суммаси - 300 000 сўм. Бундай чек QR-код ва фискал белгини ўз ичига олади ва у чек урилган ҳисобот даврида солиқ бўйича ҳисоботда акс эттирилади.

Бунда мижоз марказнинг хизматларига ҳар  ойнинг бошида ҳақ тўлаши, бир неча ой ёки умуман бутун таълим учун олдиндан тўловни амалга ошириши мумкин. Барча тўловларни марказ чек билан расмийлаштиради, унда тўлов тури сифатида “Бўнак” кўрсатилади ва чек бўйича қабул қилинган сумма акс эттирилади. Бундай чек бўйича фискал маълумотлар солиқ бўйича ҳисоботдан ўтмайди.

Мижозга бўнак тўловларининг чекланмаган сондаги чеклари берилиши мумкин. Бундай чекни ҳар бир бўнак тўлови учун бериш мумкин.

Бўнак тўлови контракт қийматига тенг бўлиши мумкин. Масалан, мижоз таълим бошлангунга қадар контрактнинг тўлиқ қийматини тўлаши мумкин. Ва ушбу суммага ўқув маркази унга бўнак тўлови чекини бериши керак.

Агар сиз мижоз олдиндан тўловсиз бир мунча вақт ўқиши мумкин деб ҳисобласангиз, ҳар ойнинг якунлари бўйича сиз сотиш чекларини уришингизга тўғри келади. Бу ҳолда тўламасликнинг барча хатари ва улар билан боғлиқ оқибатлар сизнинг зиммангизга тушади. Ушбу давр учун тўлов факти бўйича чек беринг, унда тўлов тури сифатида “Кредит (бўлиб-бўлиб тўлаш)”, шунингдек ҳақиқатда тўланган сумма кўрсатилади. Бундай чекнинг суммаси солиқ бўйича ҳисоботда акс эттирилмайди.

Эътибор беринг

Онлайн-НКТнинг айрим моделлари ўзгача тарзда ишлаши мумкин

Биз НКТ орқали таълим қиймати олдиндан тўлов шарти билан бир йил учун 12 млн сўмни ташкил этадиган вазиятни расмийлаштиришга ҳаракат қилиб кўрдик. Мижоз ягона тўлов билан 100% олдиндан тўловни амалга оширди. Биз НКТнинг учта турли моделларида 12 млн сўмга бўнак тўловини уришга ҳаракат қилдик:

  • “Випос” виртуал кассаси;
  • “Ўзсмартбанк” онлайн-НКМ;
  • “Семурғ 001” онлайн-НКМ.

“Випос” виртуал кассаси биз бўнак чекини расмийлаштирганимизга қарамай, автоматик тарзда сотиш чекини берди. Ишлаб чиқарувчининг тушунтиришича, бўнак тўлови суммаси шартнома қийматига тенг ёки ундан кўп бўлиши мумкин эмас.

Афтидан, “Ўзсмартбанк” онлайн-НКМга ҳам шунга ўхшаш принцип киритилган. Бироқ у курснинг қийматига бўнак тўловини шакллантирганимизда, шунчаки хато чиқарди.

“Семурғ”да муаммолар юзага келмади.

Тадбиркорлар онлайн-НКМни харид қилишда харид қилинаётган қурилманинг техник хусусиятлари бош оғриғига айланиши мумкинлигини инобатга олишлари лозим.

 

Фискал маълумотлар оператори, онлайн-НКМ ва виртуал кассалар ишлаб чиқарувчилари ҳамда ТХКМга таклифларимиз бор.

Ишни шундай ташкил этиш жоизки, тадбиркорлар кассалар билан ишлашда фискал маълумотлар операторининг йўриқномаларига риоя қилган ҳолда мураккабликка дуч келишмасин.

Бунда барча эҳтимолий амалий вазиятларни қамраб олувчи йўриқномалар ДСҚ томонидан тасдиқланиши ва истисносиз барчага ижро этиш учун мажбурий бўлиши керак.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

Онлайн-НКТ Онлайн-НКТ Онлайн-НКТ /uz/publish/doc/text182958_uzoq_muddatli_shartnomalar_buyicha_tulov_nktdan_qanday_utkaziladi