Қарз тан олинса – судсиз ундириб олинади

preview

 

Солиқ кодексида ана шундай механизмни назарда тутиш таклиф этилмоқда. Қонун лойиҳаси ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинмоқда.

 

Айни пайтда ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш солиқ органларининг даъво аризаси асосида суд тартибида амалга оширилади (Солиқ кодексининг 65-моддаси). Давлат солиқ қўмитаси солиқ органларининг қарори асосида, яъни суддан ташқари тартибда ундириш имконини берувчи тузатишлар киритишни таклиф этмоқда.

 

Бунинг учун қуйидаги шартларни бажариш мажбурий саналади:

  • солиқ тўловчи солиқ қарзини ёзма равишда тан олиши, уни ЭРИ билан тасдиқланган электрон ҳужжат шаклида тақдим этиш мумкин;
  • солиқ тўловчи ундирув унинг мол-мулкига қаратилиши ҳақида огоҳлантирилиши.

 

Қарорни солиқ органининг раҳбари имзолайди, у гербли муҳр билан тасдиқланади. Ҳужжатнинг нусхаси у чиқарилган кундан бошлаб 2 иш кунидан ошмаган муддатда солиқ тўловчига тилхат олган ҳолда тақдим этилиши ёки почта орқали (тақдим этилганлиги ҳақида билдиришнома берилган буюртма хат билан) йўлланиши керак бўлади.

 

Қарор тақдим этилгандан кейин 10 кун ўтгач кучга киради, шундан сўнг 3 иш куни ичида давлат ижрочисига мажбурий ижро этиш учун юборилади. Бунда ҳам ЭРИ қўйилган электрон ҳужжатни расмийлаштиришга ва идоралараро ҳамкорлик ахборот тизимларидан фойдаланишга йўл қўйилади.

 

Қарорга қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши шарт:

  • солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома нусхаси, талабнома солиқ тўловчига тақдим этилганлиги (йўллангани) далили илова қилинган ҳолда;
  • солиқ тўловчининг солиқ қарзи суммасини тан олиш тўғрисидаги хати нусхаси;
  • солиқ тўловчига қарор нусхаси тақдим этилганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

 

Эслатиб ўтамиз, ундирувни солиқ тўловчиларнинг мол-мулкига қаратиш учун солиқ қарзининг энг кам миқдорлари белгиланган:

  • Солиқ кодексига мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти зиммасига юкланган юридик шахслар ва уларнинг алоҳида бўлинмалари – 4 054 600 сўм;
  • жисмоний шахслар – 1 013 700 сўм.

 

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

 

Олег Заманов.


Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text148782_qarz_tan_olinsa_-_sudsiz_undirib_olinadi