Қўшилган қиймат солиғи маъмурчилиги жаҳон стандартларига мослаштирилади

preview

Давлат солиқ хизмати органлари солиқ ислоҳотларининг янги даврида қўшилган қиймат солиғи маъмурчилигини ва солиқ ҳисоботларини соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Ҳисобот шаклларининг 9 та иловаси 5 тага камайтирилган бўлса, ҳисобварақ-фактураларнинг электрон кўриниши синов тариқасида Навоий ва Сирдарё вилоятлари ҳамда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида қўлланилмоқда.

Натижада жорий йил I чораги якунларига кўра, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сони 5 баробарга кўпайиб, 35 мингтага етди. Ушбу солиқ орқали тушган маблағлар 5,2 трлн. сўмни ташкил қилди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробарга ошди.

Шу билан бирга, жорий йилдан қўшилган қиймат солиғи тўловига ўтган 26 мингта янги солиқ тўловчиларнинг 7,4 мингтаси ҳисоботларини ноль ва 5,5 мингтаси манфий суммада тақдим этган.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 4 апрел куни 2019 йилнинг I чораги якунлари бўйича Давлат бюджетига тушумлар ва экспорт прогнозлари ижроси натижадорлиги ҳамда I ярим йиллик учун белгиланган кўрсаткичларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида қўшилган қиймат солиғини ҳисоблашнинг самарали ва содда механизмлари ишлаб чиқилмаганлиги танқид қилинган эди.

Ҳозирда қўшилган қиймат солиғи маъмурчилигини тўлиқ автоматлаштириш ва тадбиркорлик субъектларига қулай рақобат шароитини яратиш бўйича тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадида Жаҳон банкининг экспертлар гуруҳи билан биргаликда иш олиб борилмоқда.

soliq.uz ахбороти асосида.