Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Бизнес муаммоларини ҳал этиш – Ҳукумат назорати остида
Президентнинг 14.05.2019 йилдаги «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзоланди. Ҳужжат ЎзАда жойлаштирилган.
Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари (бундан кейин – Қабулхоналар), Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида эса Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти (бундан кейин – Котибият) ташкил этилмоқда.
Тадбиркорлар, шу жумладан, чет эллик инвесторлар тасдиқланган жадвал бўйича ҳар куни қабул қилинади. Бунда ҳокимликлар, ССПнинг тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари, инвестициялар ва савдо, адлия, солиқ инспекцияси, қурилиш, давлат кадастри органлари, банк ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудий органлари вакиллари иштирок этади.
Мурожаатда кўрсатилган қонуний талаблар ва таклифларни туман ва шаҳар даражасида қаноатлантириш имконияти бўлмаса, улар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Қабулхоналарга юборилади. Республика даражасида ҳал этилиши керак бўлган мурожаатлар кейинчалик бизнес-омбудсман, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, ССПнинг раҳбарлари ва бошқа ваколатли органлар иштирокида кўриб чиқиш учун Котибиятга юборилади.
Бош вазир мурожаатлари ваколатли органлар томонидан ҳал этилмаган тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан, чет эллик инвесторларни доимий асосда шахсан қабул қилади. Унинг қарори талаб этиладиган мурожаатлар Котибият томонидан киритилади.
Мурожаатларда кўрсатилган масалаларни тартибга солувчи нормалар мавжуд бўлмаган тақдирда, Котибият томонидан қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади ва Бош вазирга кўриб чиқиш учун киритилади. Бундан ташқари, Котибият бизнес-омбудсман билан биргаликда тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган сабаблар ва шароитларни доимий равишда таҳлил қилади ва тизимлаштиради. Бунинг натижасида шакллантирилган ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича таклифлар ҳар чоракда Ҳукумат раҳбарига киритилади.
! Қабулхоналарда тадбиркорларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар, шунингдек, бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан мурожаатлари кўриб чиқилади. Қарори ёки ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган ташкилотларнинг мансабдор шахсларига мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз топшириш тақиқланади.
Ҳужжатда ҳисобот тизими йўлга қўйилган. Туманлар ва шаҳарлардаги Қабулхоналар ҳар ойнинг 5-санасигача вилоят даражасидаги Қабулхоналарга ҳисобот ва ахборотни киритадилар, улар 7-санагача Котибиятга йиғма-таҳлилий ахборотни киритадилар. Котибият Бош вазирга мурожаатларнинг кўрилиши жараёни ҳақида ҳар ҳафтада ахборот киритади, ҳар чоракда унинг раислиги остида алоҳида йиғилишлар ўтказилади. Бош вазирнинг ўзи ҳар чоракда Президентни хабардор қилади.
Қабулхоналар тегишли давлат хизматлари марказлари биноларида жойлаштирилади. Бироқ кўпроқ қулайлик яратиш учун «business.gov.uz» ягона интерактив портали ишга туширилади. Унинг ёрдамида масофадан туриб мурожаат қилиш ва унинг кўриб чиқилиши жараёнини онлайн режимда кузатиб бориш мумкин бўлади.
Олег Заманов.