Маҳаллий солиқлар бўйича тўлов муддатини кечиктириш имкониятини қандай олиш мумкин

preview

Молия вазирлиги Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан юридик шахсларга юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва ягона ер солиғининг тўлов муддатини кечиктиришни тақдим этиш тартиби тўғрисида низом лойиҳасини тайёрлади (ID-5463).

Ушбу солиқлар бўйича тўлов муддатини кечиктириш имкониятини молиявий аҳволи солиқ қарзини белгиланган муддатда тўлаш имконини бермайдиган юридик шахсларга тақдим этиш кўзланмоқда. Юридик шахс қуйидаги ҳолларда тўлов муддатини кечиктиришни сўраши мумкин:

а) агар солиқлар бўйича қарзлар, пеня ва жарималарни бир йўла тўлаш банкротликка олиб келса;

б) юридик шахснинг товарлар ёки хизматларни ишлаб чиқариши ва (ёки) реализация қилиши мавсумий тусга эга бўлса;

в) юридик шахсга табиий офат, технологик ҳалокат ёки бошқа енгиб бўлмас кучлар ҳолатлари натижасида зарар етказилган ҳолда.

А ва б-бандларида кўрсатилган ҳолларда солиқ қарзи миқдорида тўловни кечиктиришни тақдим этишда пеня ўрнига худди шу миқдорда фоиз ҳисобланади.

Солиқ тўловчига солиқлар бўйича тўловни кечиктириш:

- унинг соф активлари қийматидан ошмайдиган миқдорда;

- 24 ойгача муддатга;

-  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қарори асосида солиқ тўловчининг аризаси олинган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида тақдим этилади.

Тўловни кечиктиришни тақдим этишни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилиниши мумкин, агар:

-жиноят иши қўзғатилган бўлса;

-солиқни тўлаш шартлари бузилганлиги муносабати билан илгари тақдим этилган тўловни кечиктиришнинг амал қилиши тўхтатилиши тўғрисида қарор чиқарилган бўлса;

-юридик шахсни тугатиш амалга оширилса. 

Таклиф этилаётган Низом лойиҳаси  Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан айрим тоифадаги юридик шахсларга мол-мулк солиғи, ер солиғи, ягона ер солиғи бўйича имтиёзлар бериш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 02.10.2012 йилдаги 281-сон қарори) ўрнига ишлаб чиқилмоқда.

Жорилла Абдуллаев, етакчи эксперт.