Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Янги қурилган уйдаги квартира учун тўланган ҚҚСни қандай қайтариш мумкин?
2019 йилнинг январь ойидан май ойигача янги қурилган уйдан квартира сотиб олган фуқаролар нафақат унинг қийматини, балки 20% миқдорда ҚҚС ҳам тўладилар. 13 майдан эса Президентнинг ПФ-5715-сон Фармони билан 2019 йилдаги барча сотувлар солиқдан озод қилинди. Янги қурилган квартира сотиб олишда тўланган ҚҚСни қандай қайтариб олиш мумкинлиги ҳақида «Perfect Business Consulting» МЧЖ консалтинг фирмаси бош директори Шоҳрух ЮЛДАШЕВ сўзлаб беради.
- Бизнинг консалтинг компаниямизга 2019 йилнинг январь ойида янги қурилган уйдан квартира сотиб олган фуқаро мурожаат қилди. Квартира унга 600 млн сўмга тушди, шартнома қийматида ҚҚС ажратиб кўрсатилмаган эди. Қурувчиларга тақдим этилган имтиёзлардан хабар топгач, у бизга: “Менга ҚҚСни қайтариб беришлари мумкинми?”, деган савол билан мурожаат қилди.
Дастлаб биз қурилиш ташкилоти ҚҚС тўловчи эканлигини аниқладик. Буни осон бажардик, бундай ахборот Солиқ қўмитаси сайтида мавжуд. Шундан кейин биз квартира мулкдорига олди-сотди шартномасига ўзгартиришлар киритиш мақсадида қурувчига мурожаат қилишни тавсия қилдик. Шу тариқа шартномада “Квартира қиймати – 600 млн сўм, шу жумладан ҚҚС – 100 млн сўм”, деган формулировка пайдо бўлди.
Охирги қадам – қурилиш ташкилотига қуйидаги илтимос билан мурожаат қилиш:
- Президентнинг 2019 йил 13 майдаги ПФ-5715-сон Фармони билан тақдим этилган имтиёзни қўллаш;
- шартномага тегишли ўзгартиришлар киритиш;
- 100 млн сўм миқдорида тўланган ҚҚСни қайтариш.
Қурилиш компанияси пулларни қайтариб берди, сабаби:
- Президентнинг 2019 йил 13 майдаги ПФ-5715-сон Фармони имтиёзни 2019 йил 1 январдан бошлаб жорий этади;
- Солиқларни бекор қилиш ёки солиқ тўловчиларнинг аҳволини бошқача тарзда енгиллаштиришни назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга бўлиши мумкин;
- Солиқ тўловчи солиқ даври тугаганидан кейин беш йил ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ортиқча тўланган суммаларини ҳисобга олишни ёки қайтаришни талаб қилишга ҳақли.
2019 йил январь-май ойларида квартираларни ҚҚС билан сотиб олган харидорларга тўланган солиқни қайтариш бўйича қуйидаги алгоритмни тавсия этамиз:
- Шартномада ҚҚС ставкаси ва суммаси кўрсатилганлигини текширинг.
- Кўрсатилмаган бўлса - my.soliq.uz сайтида квартира сотувчиси солиқ тўловчи эканлигини текширинг.
- Агар тўловчи бўлса – қуйидаги формула бўйича квартирада “ўтирган” ҚҚС суммасини аниқланг:
ҚҚС = (квартира қиймати : 120) х 20
4. Қурувчига тўланган ҚҚСни қайтариш тўғрисида ёзма ариза йўлланг.
Агар сизга пулларни қайтаришмаса, дадил судга мурожаат қилинг.