Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Дилшод СУЛТОНОВ жавоб беради: пудратчи ва ёрдамчи пудратчи учун ҚҚС
Buxgalter.uz ўқувчилари саволларига молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВнинг жавобларини эълон қилишни давом эттиради. Ушбу материал – объектлар қурилишини молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобига амалга ошираётган юридик шахсларга ҚҚС солиш жиҳатлари ҳақида.
- Объектлар қурилишини молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобига амалга ошираётган юридик шахслар ҚҚС ва фойда солиғини тўлашлари шарт, яъни – айланмадан олинадиган солиқ тўлашга ҳақли эмас. Ушбу талаб марказлаштирилган манба ҳисобига қурилишнинг барча иштирокчиларига – бош пудратчи ҳам, ёрдамчи пудратчиларга ҳам татбиқ этиладими?
- 2020 йил 1 январга қадар амал қилган Солиқ кодексига асосан солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби асосида солиқ тўловчилар қурилиши молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбаларини жалб этган ҳолда амалга оширилаётган объектлар бўйича ҚҚС тўлашлари шарт бўлган .
Бунда мазкур норма қурилишни молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобига амалга ошираётган юридик шахсларга – бош пудратчиларга татбиқ этилган, бу қурилишда иштирок этувчи ва умумий қурилиш доирасида алоҳида ишларни (хизматларни) бажарадиган ёрдамчи пудратчиларга тегишли эмас.
Янги СКда мазкур норма сақланиб қолган, лекин унга аниқлик киритилган: марказлаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан объектлар (жорий ва капитал таъмирлаш бундан мустасно) қурилишини амалга оширувчи юридик шахслар айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ҳақли эмас .
Шу тариқа, ҚҚС тўлаш тўғрисидаги талаб буюртмачи билан қурилиш пудрати шартномасини тузган пудратчига (бош пудратчига) тааллуқли. Бош пудратчи билан марказлаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан объектларни қуриш юзасидан пудрат шартномасини тузган ёрдамчи пудратчиларга ҚҚС ва фойда солиғи тўлашга ўтиш тўғрисидаги талаб татбиқ этилмайди.