Дилшод СУЛТОНОВ жавоб беради: ҚҚС бўйича мақсадли имтиёзлар

preview

Buxgalter.uz ўқувчилар саволларига молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВнинг жавобларини эълон қилишни давом эттиради. Ушбу материал – ҚҚС бўйича мақсадли имтиёзлар ҳақида.

-  Корхона Президент қарори билан тақдим этилган ва 2022 йил 1 январга қадар амал қиладиган ҚҚС бўйича мақсадли имтиёздан фойдаланади. Имтиёзни унинг амал қилиш муддати тугагунига қадар қўллаш мумкинми? Агар мумкин бўлса, унинг мақсадли йўналиши сақланиб қоладими?

- Ҳа, имтиёзни унинг амал қилиш муддати тугагунига қадар қўллаш мумкин. Унинг мақсадли йўналиши сақланиб қолади.

30.12.2019 йилдаги ЎРҚ-599-сон Қонуннинг 4-моддасига асосан, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тақдим этилган имтиёзлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар амал қилади.

Бунда СКнинг 75-моддасига асосан солиқлар бўйича имтиёзлар солиқ солишдан бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириши шарти билан берилиши мумкин. Бундай маблағлар мақсадли ишлатилмаган тақдирда мақсадсиз ишлатилган маблағлар суммаси белгиланган тартибда пеня ҳисобланган ҳолда бюджетга ундирилиши лозим.

Солиқлар бўйича имтиёзлар берилиши муносабати билан бўшаган ва мазкур имтиёзларнинг амал қилиш даврида фойдаланилмаган маблағлар суммаси берилган имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг бир йил давомида уларни тақдим этишда белгиланган мақсадлар учун йўналтирилиши мумкин. Бунда белгиланган муддатда фойдаланилмаган маблағлар бюджетга ўтказилиши лозим.

Шунингдек, СКнинг 75-моддасида назарда тутилишича, ҚҚС бўйича имтиёзлар, шу жумладан товарлар Ўзбекистоннинг ҳудудига олиб кирилишида (импортида) солиқ солишдан бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш шарти билан берилиши мумкин эмас. Бу норма 2020 йилдан бошлаб жорий этиладиган имтиёзларга татбиқ этилади.

Шу тариқа, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига тегишли ўзгартиришлар киритилгунига қадар корхона ушбу қарорлар билан тақдим этилган имтиёзларни қўллашга ҳақли ва улардан мақсадли фойдаланилишини таъминлаши шарт.

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /uz/publish/doc/text157769_dilshod_sultonov_javob_beradi_qqs_buyicha_maqsadli_imtiezlar