1 июлдан йил охиригача идоравий НҲҲ қабул қилинмайди

preview

Президентнинг 19 майдаги Фармонида норма ижодкорлиги жараёнида бир қатор янгиликлар назарда тутилган. Хусусан, 1 июлдан ва 2020 йил охиригача идоравий НҲҲ қабул қилинмайди  Бу қонунчиликни тизимлаштириш ва ортиқча ҳуқуқий тартибга солишни камайтириш учун зарур. Ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги, шунингдек, унификация қилишни назарда тутувчи идоравий НҲҲни қабул қилиш бундан мустасно. Идоравий НҲҲ лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш, ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш онлайн режимга ўтказилади. Бунинг учун ягона электрон тизим функционалидан фойдаланилади (1 июлдан бошлаб – тест тариқасида, 1 октябрдан – тўлиқ). Бошқа муҳим янгиликлар ҳақида юридик масалалар бўйича “Норма” эксперти Олег ЗАМАНОВнинг шарҳида ўқинг:

 - 2020 йил 1 июлдан бошлаб:

  • хўжалик бошқаруви органлари ваколатига кирувчи масалалар ва корпоратив муносабатларни қонуности ҳужжатларини қабул қилиш ёки маъмурий усуллар орқали тартибга солиш тақиқланади;
  • жисмоний ва юридик шахслар учун жавобгарлик фақатгина қонунларда назарда тутилиши мумкин ;
  • идоравий НҲҲга:

- жисмоний ва юридик шахслар учун қўшимча тўлов ва йиғимларни белгиловчи;

- ортиқча маъмурий ва бошқа чеклашларни назарда тутувчи;

- уларга асосланмаган харажатлар юзага келишига олиб келувчи, рухсат бериш хусусиятига эга бўлган нормаларни киритишга йўл қўйилмайди;

  • техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар (техник регламентлар, стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар, санитария, ветеринария-санитария, фитосанитария, шаҳарсозлик, экологик нормалар ва қоидалар) Адлия вазирлигида мажбурий тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади, ижобий хулоса олингандан сўнг ҳисобга олинади ва кучга киради. Уларга ҳуқуқий нормалар киритишга йўл қўйилмайди. Кейинги йил бошигача техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги барча норматив ҳужжатлар Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига жойлаштирилади.

Шунингдек, 2020 йил 1 июлдан бошлаб НҲҲ лойиҳаларини тайёрлашнинг «пакет» принципига ўтилади. Хусусан, у қуйидагиларни назарда тутади:

  • янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда уни амалга оширишга қаратилган ҳаволаки нормалар янги қонун билан бирга ёки қонунда белгиланган муддатда ишлаб чиқилади ва кучга киради;
  • илгари қабул қилинган қонунларга ўзгартириш киритиш янги қонунни қабул қилиш билан бир вақтнинг ўзида амалга оширилади;
  • вазирлик ва идоралар ўзлари томонидан қабул қилинган идоравий НҲҲга бир хил масаладаги ўзгартириш ва қўшимчаларни битта ҳужжат билан киритади;
  • Адлия вазирлиги идоравий НҲҲнинг давлат реестрида мавжуд бўлган ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритига ҳақли, бунда улар айнан бир хил масалада ва техник кўринишда бўлиши лозим. 

Олег ЗАМАНОВ