Камерал текширув қачон ўтказилади?

preview

Buxgalter.uz ДСҚ хабарининг қонунийлиги ҳақида ёзганди, унга кўра худди шу давр учун олдинги солиқ даврига нисбатан тўланиши лозим бўлган солиқлар суммалари камайишини ўз ичига олган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи фақат камерал солиқ текширувидан кейин қабул қилинади. Аниқланишича, ДСҚнинг мазкур хабарида хато кетиб қолган. Камерал текширув  ҳисобот қайта топширилгандан кейин ўтказилади. Тафсилотлар – бизнинг шарҳимизда:

Эслатиб ўтамиз, бизнинг материалимизда солиқ маслаҳатчиси, «Муҳаммадбоев арбитраж уйи» СМТ директори Абдуғани МУҲАММАДБОЕВ нима учун солиқчилар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этишлари мумкин эмаслигини СК ва амалиёт нуқтаи назаридан асослаб берган эди.

Бугун Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан ташкил этилган “ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этиш”  онлайн-семинарида бухгалтерлар ДСҚ вакилларидан ҳисоботларни қайта топшириш чоғида камерал солиқ текширувини ўтказиш қандай ҳужжат билан тартибга солинганлигини тушунтириб беришни илтимос қилишди.

Идора вакиллари тушунтиришди: “29.05.2020 йилдаги 3236-сон Низомнинг 5-бандига асосан солиқ тўловчи томонидан илгари тақдим этилган солиқ ҳисоботига нисбатан тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси камайтирилган ёки кўрилган зарар суммаси кўпайтирилганлиги сабабли, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этиш ҳолатлари бўйича унда камерал солиқ текшируви ўтказилади. Бунда, камерал солиқ текширувини ўтказиш, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилган кундан эътиборан 3 кун ичида бошланади”.

Бинобарин, солиқ органи аввал қайта ҳисоб-китобни қабул қилади, шундан кейин эса камерал солиқ текширувини ўтказади.

Таъкидлаб ўтамизки, кўрсатилган Низомнинг амал қилиши барча солиқ тўловчиларга нисбатан татбиқ этилади.

Фақат ДСҚнинг расмий каналида ўзида хатони сақлаган ахборот хабари ҳануз тузатиш киритилмаган ҳолда қолаётганлиги тушунарсиз.

Олег ГАЕВОЙ