СЭХ тадбиркорларга махсус белгиларни беришни бошлайди

preview

1 октябрдан бошлаб СЭХ тадбиркорлик субъектларига уларнинг фаолияти санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мослиги асосида "Санитария-эпидемиологик осойишталик белгиси"ни беришни бошлайди. "Яшил" тоифадаги белгига эга бўлганларни СЭХ текширмайди. Батафсил – norma.uz эксперти Эльмира СИРАЗИЕВАнинг шарҳида:

- Белги уч хил турдаги - "яшил", "сариқ" ва "қизил" тоифаларга эга бўлади - ва 12 ой муддатгача амал қилади.

"Яшил" тоифадаги белгига эга бўлган тадбиркорлик субъектларининг фаолияти СЭХ органлари томонидан ўрганилиши ва текширилишига йўл қўйилмайди, оммавий заҳарланиш ва гуруҳли касалликлар қайд этилган ҳолатлар бундан мустасно.

"Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED" тизимининг хавфсиз объектлари реестрига киритилган туризм ва ёндош инфратузилма объектлари "яшил" тоифадаги белгига эга бўлган объектларга тенглаштирилади.

Белги:

  • тадбиркорлик субъектларининг ташаббуси билан – ихтиёрий ЯИДХП орқали пуллик асосда;
  • давлат органлари ташаббуси билан - қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда мажбурий берилади – ҳужжатнинг мантиғига кўра, бепул. Бироқ бу борада идоранинг алоҳида тушунтиришини олиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

15 октябрга қадар белгини бериш тартиби ишлаб чиқилиши керак.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.07.2020 йилдан кучга кирди.

 
Norma.uz материаллари асосида