Аутсорсинг ёки штатдаги бухгалтерия – қай бири афзал?

preview

Узоқ давом этган карантин чекловлари шароитида тадбиркорларда бухгалтерия ҳисобини аутсорсингга топшириш имконига бўлган қизиқиш тобора ортмоқда. Юридик масалалар бўйича «Норма» экспертлари – адвокат Элеонора МАЗУРОВА ва юрист Альберт САФИН buxgalter.uz илтимосига кўра бундай ечимнинг ижобий ва салбий жиҳатлари ҳақида гапириб бердилар:


Аутсорсинг нима ўзи?

– Оддий қилиб айтганда, аутсорсинг – компаниянгиз функцияларининг бир қисмини ташқи ижрочи – бухгалтерия ҳисобини юритишга ихтисослашган чет ташкилотга топшириш. Бундай компаниялар штатида солиқлар ва бухгалтерия ҳисоби бўйича мутахассислар бўлиб, улар корхонангиз учун ҳисоб сиёсатини ўзлари ишлаб чиқадилар.

Моҳиятан олганда, аутсорсинг – узоқ муддатли тусга эга бўлган хизматларни кўрсатиш шартномаси. Ижрочи хизмат кўрсатилаётган компаниянинг бухгалтерия ҳисоби учун унинг раҳбарияти билан тенгма-тенг жавобгар бўлиб, солиқ органида унинг манфаатларини ҳимоя қилиши мумкин.


Аутсорсинг афзалликлари

1. Йирик корхоналарга тежаш имконини беради

Бухгалтерлар штатини сақлагандан кўра, йирик компания бухгалтериясини аутсорсингга топшириш деярли ҳар доим молиявий жиҳатдан фойдалироқ бўлади. Бухгалтерия ҳисобини юритиш учун аутсорсинг тарифларини сиз бухгалтерия хизмати – бош бухгалтер, моддий бухгалтер, бухгалтер-иқтисодчи, кассир, бухгалтер ёрдамчиси ва бошқаларга тўлайдиган иш ҳақи суммаси билан солиштиришнинг ўзи кифоя.

Аутсорсингда қатъий белгиланган тариф бўйича суммани тўлайсиз, компаниянинг ўзи сиз учун керакли мутахассисларни ажратади.

2. Иш ҳақи билан боғлиқ солиқларни тўлаш керак эмас

Бухгалтерияни аутсорсингга топширгач, фақат хизмат ҳақини тўлайсиз, яъни оддий етказиб берувчилар билан бўлганидек ишлайсиз. ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳақида эса қайғурмайсиз.

3. Иш жойини жиҳозлашга ҳожат қолмайди

Ўзингизга қарашли ёки ижарага олинган қўшимча хоналарни бухгалтерия учун иш кабинетлари қилиб ажратишга, компьютерлар, ташкилий техника, лицензияланган бухгалтерия дастурлари, ёзув-чизув товарлари ва бошқаларни сотиб олишга зарурат йўқ. Фаолият юритишингиз учун кўпроқ жой қолади ёки ижара тўлови суммаси камаяди.

4. Аутсорсинг компанияларида, одатда, юқори малакали мутахассислар ишлайди

Аутсорсинг билан шуғулланадиган ҳар қандай компания обрўсини йўқотмаслик пайида бўлади, ўз соҳасида рақобатбардош бўлишга интилади. Улар ўз мижозларига эътиборли бўладилар, хизмат кўрсатадиган ҳар бир компанияни қадрлайдилар. Шу сабабли штатларида бир нечта бухгалтер бўлиб, уларнинг ҳар бири муайян соҳага ихтисослашган бўлади. Юзага келадиган мураккаб масалаларни биргаликда ҳал қиладилар, бу эса хатога йўл қўйиш эҳтимолини камайтиради.

Бир вақтнинг ўзида кўпгина компанияларга хизмат кўрсатиш давомида аутсорсинг компанияларида республиканинг барча ҳудудларида ҳуқуқни қўллаш амалиёти шаклланади, улар солиқ органлари билан яқин алоқа ўрнатадилар, бу ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга. Амалий тажрибалари ва соҳанинг барча «нозик жиҳатларини» билишлари жиҳатидан штатдаги бухгалтерлардан бир поғона баланд турадилар.

5. Аутсорсинг компанияси билан доим алоқа боғлаш мумкин

Штатдаги бухгалтердан фарқли равишда компания касал бўлмайди ёки таътилга чиқмайди. «Сизга ишлайдиган» компания мутахассиси вақтинча иш жойида бўлмаса, унинг ўрнига бошқаси бухгалтериянгизни юритишда давом этади. Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва таътил пулини тўлашингизга ҳам тўғри келмайди.

6. Аутсорсинг компанияси ўз мутахассисларининг хатолари учун жавоб беради

Аутсорсинг бўйича ижрочининг айби билан солиқ инспекцияси корхонага жарима санкцияларини қўлласа ёки пеня ҳисобласа, аутсорсинг компанияси ушбу харажатларни қоплайди. Бунинг учун аутсорсинг хизматлари кўрсатиш шартномасини тузаётганда ушбу шартни назарда тутишингиз зарур.

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқлар бўйича давлат органлари билан юзага келадиган – солиқ назоратидан бошлаб судларгача бўлган барча масалаларни ҳам аутсорсинг компанияси зиммасига олиши кераклиги ҳақида аввалбошдан келишиб олинг.

7. Кадрларнинг кетиб қолишидан хавфсирамайсиз

Раҳбарлар буни яхши тушунадилар: ходимларга пул тикасиз, ўзингизга мос мутахассис «етиштирасиз», у эса билим ва тажриба орттиргач, яхшироқ иш излаб кетиб қолади. Бош бухгалтер нуфузлироқ жойда ишлашга лойиқман деган қарорга келган бўлса, ҳатто маошини ошириб ҳам масалани ҳал қила олмайсиз. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари солиқ текшируви ўтказилаётган ёки ҳисобот топширилаётган даврда ҳам ходимни ушлаб туришингизга йўл қўймайди.


Аутсорсинг камчиликлари

1. Бухгалтериянгизни юритаётган мутахассисни кўрмайсиз

Айрим раҳбарлар бу билан бухгалтерия ҳисоби назоратсиз қолади деб ўйлашлари мумкин. Бунинг устига, штатдаги бухгалтер солиқ солиш, маблағларнинг ҳаракатланиши ва бошқа масалаларнинг у ёки бу жиҳатларини доим раҳбарга тушунтириб бериши мумкин. Умуман олганда, бухгалтер корхонада ўз иш жойида ўтирганини кўриб, кўп раҳбарлар ўзларини хотиржам ҳис қиладилар.

2. Аутсорсингдаги ходимдан кўра штатдагиси ишончлироқ туюлади

Кўпинча айни шу ҳолат раҳбарни ишни аутсорсингга топширишдан тўхтатиб туради. Чет компания барча сирларингиздан бохабар бўлиши аниқ. Раҳбар билан «битта аравада» бўлган штатдаги бухгалтер билан бўлганидан кўра, бу ҳолда тижорат сири фош бўлиши эҳтимоли катта бўлади деган хавфсираш юзага келади.

3. Айрим масалаларни ҳал қилишга кўпроқ вақт кетиши мумкин

Бухгалтерия масофадан туриб ишлаганда раҳбар масалани ҳал қилиш учун бухгалтерни икки дақиқага кабинетига чақира олмайди. Боз устига – муаммони телефон орқали ёки ёзишмалар билан ҳал қилиш мушкул бўлган ва шахсан учрашиш маъқул бўлган вазиятда.

Аутсорсингда мутахассис корхонангизнинг ишини юритиш билангина чекланмайди, шу сабабли шахсан учрашишга деярли вақти бўлмайди.

4. Штатдаги бухгалтер параллель равишда бошқа ишни ҳам бажариши мумкин

Кўпинча корхонанинг бош бухгалтери кўп вазифаларни бажариши ҳеч кимга сир эмас. У – ҳам кадрлар бўйича мутахассис, ҳам юрист, баъзида эса ҳам омбор мудири. Айниқса, унча катта бўлмаган компанияларда бухгалтер бухгалтерия ҳисобига умуман алоқаси бўлмаган вазифаларни бажаради. Бухгалтерияни аутсорсингга топширишга қарор қилсангиз, бухгалтерия ҳисобига бевосита алоқаси бўлмаган қўшимча мажбуриятларни бажариш учун алоҳида ходимларни ёллашингизга ёхуд оширилган ойлик ҳақ тўлаган ҳолда шартнома тузишингизга тўғри келади.

5. Аутсорсинг компанияларининг стандарт ёндашуви

Ихтисослаштирилган компаниялар юритадиган бухгалтерия ҳисоби бирмунча стандарт ва конвейер тусига эга бўлиши мумкин. Мураккаб хўжалик операциялари амалга ошириладиган ўзига хос бизнес юритсангиз, айнан сизнинг соҳангизга ихтисослашган ўз бухгалтерингизни «етиштирганингиз» маъқулроқ. Тўғри, бу ҳолда тажриба орттиргач, ишдан бўшаб кетмаслиги учун уни яхшигина рағбатлантиришингизга тўғри келади.

6. Солиққа оид таваккалчиликларни баҳолай олмаслик эҳтимоли мавжуд

Аутсорсинг компаниясининг мутахассиси ҳужжатларингиздаги ахборотни ҳақиқатдагиси билан солиштириш имконига эга бўлмагани сабабли солиққа оид таваккалчиликларни доим тўғри баҳоламайди. Штатдаги бухгалтер эса, мисол учун, етказиб бериш ва сотиш ҳажми, омборларнинг сиғими, ходимларнинг сони билан боғлиқ реал вазиятни билгани учун келгусида юзага келиши мумкин бўлган у ёки бу таваккалчиликларни олдиндан кўра олади.

7. Прогнозлашнинг мушкуллиги

Бу айниқса одатда режалаштириш бўлими мавжуд бўлмаган кичик ва ўрта бизнес корхоналарига тегишли. Иқтисодиёт жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган бу пайтда бизнес йўналишини ўзгартириш, янги бозорларни ўзлаштириш, инвестицияларни жалб этиш чоғида ва бошқа вазиятларда раҳбар бухгалтердан иқтисодий кўрсаткичларни ҳисоб-китоб қилишни кўп илтимос қилади. Аутсорсингдаги бухгалтер ё бу ишни буткул бажара олмайди, ёхуд бунинг учун қўшимча ҳақ тўлашни талаб қилади.


Хулоса чиқарамиз:

Санаб ўтилган барча афзалликлар ва камчиликлар исталган аутсорсинг компаниясига ва ҳар қандай штатдаги бухгалтерга хос деб бўлмайди, албатта. Ҳар бир вазият – ўзига хос. Шу сабабли қарор қабул қилишдан олдин унинг барча ижобий ва салбий жиҳатларини мустақил равишда баҳоланг, ҳар бир ҳисоб юритиш усули қанча сарф-харажат талаб этишини ҳисобланг, айнан сизнинг бизнесингиз учун қай бири фойдалироқ эканини чамалаб кўриб, қарор қабул қилинг.

Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма /uz/publish/doc/text161569_autsorsing_eki_shtatdagi_buhgalteriya_-_qay_biri_afzal