Дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасаларига ҚҚСни қандай қоплашади

preview

14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚ билан тасдиқланган ҚҚС солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида низом билан ҚҚСни қайтариш тартиби белгиланган. Buxgalter.uz илтимосига биноан молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ бу ҳақда батафсил гапириб берди:

Қуйидагилар учун сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган ҚҚС қопланади:

  • хорижий давлатларнинг Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотлари томонидан расмий фойдаланиш учун;
  • уларнинг дипломатик ва маъмурий-техник ходимларининг (Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар бундан мустасно), шу жумладан, улар билан бирга яшовчи оила аъзоларининг (кейинги ўринларда-дипломатик ва маъмурий-техник ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари) шахсий эҳтиёжи учун .

ҚҚСни қайтариш учун солиқ органларига сотиб олиш операция санасини, суммасини, хусусиятини аниқлаш ва унинг иштирокчиларини идентификация қилиш имконини берадиган харидларни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхасини илова қилган ҳолда ариза тақдим этиш зарур. Бундай ҳужжатлар жумласига етказиб берувчилар томонидан расмийлаштирилган ҚҚС суммаси алоҳида ажратиб кўрсатилган ҳисобварақ-фактуралар, инвойслар, назорат-касса техникасининг чеклари, давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтган чипталар, талонлар, чеклар ёки шуларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатлар киради.

Дипломатик ва маъмурий-техник ходимлар ва уларнинг оила аъзолари томонидан сотиб олинган товарлар бўйича тўланган ҚҚС суммаси хорижий давлатларнинг дипломатик ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналари орқали қопланади .

Эътибор беринг

Тўланган ҚҚС суммаси дипломатик ва маъмурий-техник ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига харидлар сонидан қатъи назар фақат битта объект бўйича қоплаб берилади :

  • бир йил мобайнида автотранспорт воситалари бўйича;
  • уч йил мобайнида кўчмас мулк объектлари бўйича.

Бунда, кўрсатилган шахслар қайси объект бўйича ҚҚС суммаси қопланишини мустақил белгилаш ҳуқуқига эга бўладилар.

Тақдим этилган ҳужжатлар камерал солиқ текширувидан ўтказилади. Ариза берилган кундан эътиборан беш кун мобайнида солиқ суммасини қоплаш (тўлиқ ёки қисман) ёки солиқ суммасини қоплашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади .

Эътибор беринг
Ушбу ҚҚСни қоплаш қоидалари чет давлатнинг қонун ҳужжатларида Ўзбекистоннинг шу каби шахсларига нисбатан ҚҚС суммасини қоплаш назарда тутилган бўлса ёхуд бундай норма ЎзРнинг халқаро шартномасида назарда тутилган бўлса қўлланилади .

Чет давлатнинг қонун ҳужжатларида Ўзбекистоннинг шу каби шахсларига нисбатан ҚҚСни қоплашда қўшимча чекловлар ва шартлар мавжуд бўлиши мумкин. Бу ҳолда солиқ органи Ташқи ишлар вазирлиги таклифига биноан Низомда кўзда тутилмаган қўшимча чекловлар ва шартларни паритет асосда қўллаши мумкин.

Ташқи ишлар вазирлиги ҳар йили жорий йилнинг 1 февралига қадар ДСҚга:

  • хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотлари рўйхатини;
  • ҚҚСни қоплашда қўшимча чекловлар ва шартлар тўғрисида маълумотни ва уларни паритет асосда қўлланилишининг мақсадга мувофиқлиги юзасидан хулосасини тақдим этади.
ҚҚС ҚҚС ҚҚС /uz/publish/doc/text162269_diplomatik_vakolathonalari_konsullik_muassasalariga_qqsni_qanday_qoplashadi