Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Ҳисобварақ-фактуралардаги бош бухгалтер имзоси қаерга «йўқолди»
Низом билан тасдиқланган ЭҲФнинг янги шакллари билан танишган бухгалтерларда саволлар юзага келмоқда. Нима учун янги шаклларда фақат раҳбарнинг фамилияси назарда тутилган? Бош бухгалтер қайд этилган сатр нима учун олиб ташланган? Энди юридик шахс номидан ҳисобварақ-фактурани имзолашга ким ҳақли?
Вuxgalter.uz илтимосига кўра экспертлар вазиятга ойдинлик киритдилар.
«Янги технологиялар» ИТМ (роуминг-оператор) ЭҲФни жорий этиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Нозим ТЎРАЕВ:
– Илгари қоғозда расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактураларга ҳам бош бухгалтер, ҳам директор ўз фамилиялари олдига албатта имзо қўйишлари керак эди. Қоғоздаги ҳисобварақ-фактуралар шакллари ЭҲФнинг дастлабки шакллари прототипи бўлди.
Бироқ ЭҲА тизимининг техник хусусиятлари ва қонунчилик асосида қабул қилинган қоидалар сабабли электрон ҳужжат юридик шахснинг ЭРИ ёрдамида тузилади ва имзоланади. Шу сабабли бош бухгалтер ва раҳбарнинг фамилиялари қайд этилган сатрлар аввалбошда назарда тутилган аҳамиятини йўқотди – масъул шахсларнинг ҳар бири ўз имзосини қўйиши керак бўлган жойни белгилашга ҳожат қолмади.
Бу ЭҲФнинг янги шаклларини ишлаб чиқувчиларга ҳужжатда маъно жиҳатидан такрорлашларга йўл қўймаслик учун бош бухгалтер сатрини олиб ташлаш имконини берди.
«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, бухгалтерия ҳужжатларини ким имзолашини айнан у ҳал қилиши сабабли раҳбарнинг фамилиясини қолдирдилар. Ҳужжатни ўқийдиган шахс ташкилот раҳбари ким эканлигини билиши муҳим.
Аслида, бош бухгалтернинг ёки ҳужжатни тузиш ва имзолаш ваколати берилган шахснинг фамилиялари ҳам ҳужжатда қайд этилиши лозим. Аввалбошдан имзо ўз тавсифига кўра уни қўйган шахс ҳақидаги ахборотни акс эттириши керак. У – идентификацияловчи белги. Бинобарин, ушбу ходимнинг фамилияси катакчада – ҳужжат имзоланганини билдириш учун ҳужжатда кўринадиган белгида қайд этилиши керак. Бу амалиётда ишлаши учун ташкилот раҳбарияти e-imzo.uz сайтидан фойдаланиши, офисдан чиқмай туриб энди бош бухгалтер ёки ЭҲФни имзолайдиган бошқа ходим номига юридик шахснинг яна битта ЭРИни олишининг ўзи етарли. Йўриқномани бу ерда ўқинг.
Ҳозирча турли сабабларга кўра кўпгина ташкилотларда барча электрон ҳужжатларни директорнинг ЭРИ билан имзолаш одат тусига кирган. Аслида шундай қилиш ҳам мумкин, бу билан қонун бузилмайди, бироқ ушбу хатти-ҳаракатларни оқлаш ўринсиз. Фикримча, раҳбар имзолашдан олдин ҳатто кўз ташламаган ҳужжатларни раҳбарнинг ЭРИси билан имзолаш контрагентга нисбатан ноҳақлик бўлади. ЭРИ ҳужжатни тузган ва имзолаган шахснинг номини акс эттириши керак. Бу билан раҳбарнинг ўрни ҳеч ҳам камситилмайди.
Юридик шахснинг ЭРИ номига берилган ходимга раҳбар томонидан ҳужжатни имзолаш ваколати берилганини англатади. Раҳбарнинг тегишли кўрсатмасисиз ташкилотда ҳеч ким юридик шахснинг қўшимча ЭРИни ололмайди. Зеро юридик шахснинг ЭРИ берилгани учун ташкилот счётидан ҳақ тўланмагунча у топширилмайди. Бундай транзакцияни раҳбарнинг хабарисиз амалга ошириб бўлмайди. Бундан ташқари, ЭРИ Давлат хизматлари марказлари орқали олинса, уни олувчи ходимнинг номи кўрсатиладиган ишончнома ҳам керак бўлади.
Ташкилот раҳбари барча электрон ҳужжатлар фақат ўз ЭРИ билан имзоланиши керак деб ҳисобласа, ходимлар ўртасида ролларни тақсимлаш имконини берувчи ЭҲА функционалидан фойдаланиш мумкин:
- бухгалтер ёки ваколатли ходим ҳужжатни тузади;
- директор уни кўриб чиқиб, ЭРИ билан тасдиқлайди.
Афсуски, техник сабабларга кўра ЭҲАнинг барча ахборот тизимларида ва давлат хизматларида ҳозирча бундай имконият йўқ.
Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА:
– ЭРИ қўлланадиган ЭҲФга ўтиш билан бош бухгалтер фамилияси қайд этилган сатр ўз долзарблигини йўқотганига тўлиқ қўшиламан.
Бухгалтер ёки бошқа масъул ходим ҳужжатда кўрсатилган барча ахборот ҳақиқатга мувофиқ эканлигини тасдиқлаш учун директор имзоси ёнига ўз имзосини қўйган. Шу тариқа, у назорат функцияларини бажарган.
Электрон ҳужжат айланиши маълумотларни тасдиқлаш ва ҳужжатни имзолаш учун битта рақамли имзо – юридик шахснинг ЭРИни назарда тутади.
«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, биринчи имзо қўйиш ҳуқуқи доим директорга берилган. Шу сабабли ЭҲФнинг электрон шаклларида унинг фамилиясини қолдирдилар. У ҳужжатни имзолаш ваколати бериладиган ходимларни белгилаши мумкин.
Директор ҳужжатни расмийлаштиради, унга биноан бухгалтер, масалан, ҳисобварақ-фактураларни имзолаш учун раҳбар номига берилган юридик шахснинг ЭРИдан фойдаланади.
Ҳар бир ташкилот юридик шахснинг фақат битта ЭРИга эга бўлиши керак, деб ҳисоблайман, у одатда раҳбар номига берилган бўлиши керак. Раҳбар эса ички ҳужжатлар билан муайян ходимларга айрим вазифаларни ҳал қилиш учун ушбу рақамли имзони қўллаш ваколатини беради.
Бироқ бу борада ҳам эътиборга лойиқ бўлган бошқа фикрлар бор. Икки хил талқин қилинишига йўл қўймаслик учун бу масалаларни НҲҲда янада аниқроқ очиб бериш лозим, деб ҳисоблайман. ЭРИ тизими қандай тузилгани ва уни амалиётда қандай қўллаш кераклиги ушбу нормалардан аён бўлиши керак.
Олег ГАЕВОЙ суҳбатлашди.