Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
DDP етказиб бериш шартларида тўланган “божхона” ҚҚСни ҳисобга олиш мумкинми?
Корхона DDP етказиб бериш шартларида товарни импорт қилди. Божхона тўловлари, шу жумладан ҚҚСни чет эллик етказиб берувчи топшириғига биноан брокерлик фирмаси тўлади. Импорт қилувчи корхона брокерлик фирмаси томонидан тўланган ҚҚСни ҳисобга олишга ҳақлими? Buxgalter.uz илтимосига биноан ушбу саволга молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ жавоб берди.
- ИНКОТЕРМС 2010 га асосан DDP (Delivered Duty Paid – «Бож тўланган ҳолда етказиб бериш») шартларида етказиб бериш, сотувчи товарни:
- олиб кириш учун зарур бўлган божхона божларидан тозаланган;
- уни етказиб бериш ва суғурталаш учун ўз ҳисобидан тўловни амалга оширган;
- келишилган сана ёки даврда муайян белгиланган жойда юкни тушириш учун тайёр ҳолда харидор тасарруфига тақдим этишни англатади.
Мазкур етказиб бериш шартларида сотувчи:
- товарни белгиланган жойга етказиб бериш билан боғлиқ харажатлар ва хатарларга эга бўлади;
- товарни ҳам олиб чиқиш, ҳам олиб кириш учун зарур божхона тартиб-таомилларини амалга оширади;
- товарни олиб чиқиш ва олиб кириш чоғида ундириладиган барча божлар, солиқлар ва йиғимларни тўлайди.
Агар контрактда бошқа шартлар назарда тутилмаган бўлса, DDP импорт қилишда ҳар қандай солиқлар, шу жумладан ҚҚС сотувчи томонидан унинг ҳисобидан тўланишини назарда тутади.
Декларантнинг ўзи ҳам, божхона брокери ҳам, агар бу декларант билан тузилган шартномада назарда тутилган бўлса, божхона тўловлари тўловчиси бўлиши мумкин . Бунда ҳар қандай манфаатдор шахс тўловчи учун божхона тўловларини тўлашга ҳақли.
Божхона брокери томонидан тўланган “божхона” ҚҚСни импорт қилувчи корхона томонидан ҳисобга олиш имконияти шартнома шартларига боғлиқ. Агар шартномага биноан ҚҚСни божхонада брокер тўласа, импорт қилувчи эса тўланган солиқ суммасини қоплаб берса, импорт қилувчи ушбу ҚҚС суммасини ҳисобга олишга ҳақли.
Шу тариқа, импорт қилувчининг “божхона” ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқини аниқлашда шартнома шартларига, айнан – DDP етказиб бериш шартларида ким ҚҚС тўловчиси эканлигига мурожаат қилиш зарур.