Ўзбекистон товар ва хизматларнинг ягона номенклатурасини барпо этади

preview

Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган маҳсулотларнинг Ягона электрон каталогини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Бу товарлар ва хизматлар ҳисобини тизимлаштириш, маҳсулотлар ҳаракати ва таъминот занжири таҳлилини жиддий осонлаштиради. “Норма” эксперти Мирёқуб ҲАЙДАРОВ лойиҳа тўғрисида батафсил гапириб берди.

- Бирламчи ҳужжатларда унификациялашган маҳсулот (товарлар, хизматлар) номларидан фойдаланиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш, маҳсулотларнинг ноёб кодларини (штрих-кодларини) маҳсулот номларига автоматик равишда боғлашни яратиш режалаштирилмоқда.

Қарор лойиҳасига иловада ТИФ ТН асосида ишлаб чиқарилган маҳсулот, товар ва хизматлар асосий турларининг ягона электрон каталоги келтирилган – жами 885 та ном. Каталог тартиб рақами, товарлар ва хизматлар гуруҳи, тасниф кодлари ва ўлчов бирликларини ўз ичига олган. Уни ДСҚ юритади, шунингдек унинг вазифалари жумласига қуйидагилар киради:

  • Каталогга киритилган маълумотларни шакллантириш;
  • уни янгилаб туриш;
  • фойдаланувчилар учун техник ёрдам;
  • Каталогни расмий сайтда нашр этиш.

Шунингдек, ҳужжат лойиҳаси Каталогга киритилган товарлар ва хизматларнинг стандарт тавсифлаштирилиши ҳамда тизимлаштирилиши учун Товарлар, хизматларнинг Ягона электрон каталогини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни ўз ичига олган. Aсосий таснифлагичлар ва стандартлар янгиланган тақдирда Каталогга киритиладиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар ДСҚнинг қарори билан амалга оширилади.

Қарорга иловада Хўжалик юритувчи субъектларнинг тузилган шартномаларини Ягона шартномалар ахборот платформасида рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом келтирилган. Ҳужжатда шартномаларнинг электрон реестрини шакллантириш тартиби, иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, каталоглаштиришнинг асосий қоидалари айтиб ўтилган. 2021 йил 1 февралдан бошлаб электрон ҳисобварақ-фактураларида маҳсулотларнинг унификациялашган номлари ва Ягона электрон каталогда рўйхатга олинган товарлар ва хизматлар учун идентификация кодларининг автоматлаштирилган тарзда акс этилиши жорий қилинади.

Молия вазирлиги 2021 йил ва кейинги йиллар учун Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашда тадбиркорлик субъектларининг халқаро тизимда штрих-кодларни олиш учун йўналтирилган маблағлар миқдорини солиқ солинадиган базадан чиқариб ташлашни назарда тутиши керак.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

 

Norma.uz материаллари асосида