Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Муассиснинг даволаниши учун ҳақ тўлаймиз
Корхона нафақат ўз ходимларининг, балки у билан меҳнатга оид муносабатларда бўлмаган шахсларнинг даволаниши учун ҳам ҳақ тўлаши мумкин. Мисол учун – муассиснинг. Буни қандай амалга ошириш мумкин ва бунда қандай солиқ оқибатлари вужудга келади? “Норма” эксперти Дилором САИДОВА buxgalter.uz учун махсус амалиётда эҳтимоли бўлган вариантлар ҳақида гапириб берди:
- Даволаниш учун ҳақ тўлаш – ходимнинг моддий наф тарзидаги даромадидир . Шу боис даромадга нисбатан имтиёз – ЖШДС солиғини солишдан озод этиш назарда тутилган . Имтиёзни қуйидаги шартларда қўллаш мумкин:
1) даромад фақат ходимлар ва уларнинг болаларига тўланиши керак;
2) тўлов нақдсиз шаклда амалга оширилганда маблағлар фақат соғлиқни сақлаш ташкилотига ўтказилади. Бунда қонунчилик соғлиқни сақлаш муассасасини хусусий ва давлат муассасаларига ажратмайди;
3) пул маблағларини нақд шаклда бериш ёки ходимнинг банк ҳисобварағига ўтказиш фақат соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан ёзиб берилган ҳужжатлар асосида амалга оширилади.
Даволаниш учун ўтказилган суммага ижтимоий солиқ солинмайди, сабаби ушбу даромад меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга кирмайди .
Фараз қилайлик, корхона муассиси унинг хусусий клиникада даволаниши учун 2 000 минг сўм миқдорида тўловни амалга ошириш учун шартномани тақдим этди. Эҳтимолий тўлов вариантларини кўриб чиқамиз.
1. Корхона ўз ходими ҳисобланган муассиснинг даволаниши учун ҳақ тўлайди
Мазкур ҳолатда ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаш мумкин.
Корхона учун муассиснинг даволаниши учун ҳақ тўлаш қўшимча харажат бўлади. Фойда солиғи тўловчилари учун бу чегирилмайдиган харажатдир .
2. Корхона ўз ходими ҳисобланмаган муассиснинг даволаниши учун ҳақ тўлайди
Бу ҳолда даволаниш учун ҳақ тўлашда ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаш мумкин эмас, муассис солиқни 12% ставка бўйича тўлаши лозим бўлади.
Муассис солиқни даромад тўғрисидаги декларация асосида ўзи тўлаши ҳақида ариза ёзиши мумкин .
Корхона учун солиқ оқибатлари – худди биринчи ҳолатдаги каби бўлади.
3. Корхона муассиснинг даволаниши учун унинг дивидендлари ҳисобидан ҳақ тўлайди
Муассис, бошқалар қаторида, ўзига тўланиши лозим бўлган дивидендларни унинг аризасига биноан маблағларни бошқа ташкилотларга, шу жумладан – даволаш муассасасига ўтказиш йўли билан олиши мумкин.
Бунда унутмаслик жоизки, дивидендлар тарзидаги даромаддан олинадиган ЖШДС даромадни тўлаш билан бир вақтда ушлаб қолинади . Яъни даволанишга 2 000 минг сўм миқдорида ҳақ тўлаш билан бир вақтда бюджетга 105,3 минг сўм (2 000 : 0,95 х 0,05) миқдорида солиқни ўтказиш лозим.
Мазкур ҳолатда ЖШДС бўйича имтиёз қўлланилмайди, сабаби корхона даволаниш учун ҳақ тўлаш бўйича қўшимча харажатлар қилмайди, балки мазкур имтиёз татбиқ этилмайдиган дивидендларни тўлайди.