Агар қурилиш – асосий фаолият тури бўлмаса, даромад қандай ҳисобланади

preview

Қурилиш соҳасида ушбу фаолият тури асосий фаолият тури бўлмаган корхоналар ҳам фаолият кўрсатиши мумкин. Бундай вазиятда даромадларни қандай қилиб тўғри аниқлаш ва уларга айланмадан олинадиган солиқ солишни “Норма” эксперти Дилором САИДОВА buxgalter.uz ўқувчилари учун махсус тушунтирди:

- Ташкилот қурилиш хизматлари кўрсатишга ҳақли, ҳатто қурилиш асосий фаолият тури ҳисобланмаса ҳам. Қурилиш хизматларидан олинган даромадни бу ҳолда ёрдамчи пудратчи ташкилотлар томонидан бажариладиган ишлар қийматини чегирмаган ҳолда аниқланг.

Вазиятни шартли мисолда кўриб чиқамиз.

Ишлаб чиқариш корхонаси 2020 йил IV чорак учун қуйидаги даромадларга эга:

  • тайёр маҳсулотларни реализация қилишдан – 150 млн сўм;
  • қурилишдан олинган даромад (шартномага асосан) – 50 млн сўм, шу жумладан ёрдамчи пудратчи ташкилотга 30 млн сўм тўланди.

1) Ҳисобот чораги учун асосий фаолият турини аниқлаймиз:

Фаолият тури

Даромад суммаси

Умумий ҳажмда улуши

Ишлаб чиқариш

150 000 000,00

75%

Қурилиш

50 000 000,00

25%

Жами:

200 000 000,00

100%

2020 йил IV чорак учун ишлаб чиқариш (75%) асосий фаолият тури ҳисобланади.

2) Қурилиш – асосий фаолият тури бўлмаганлиги боис, солиқ солинадиган даромадга қурилиш хизматларидан олинган даромаднинг барча суммасини (50 млн сўм) қўшамиз – ёрдамчи пудратчи ташкилотга тўланган хизматларни чегирмаган ҳолда.

Эътибор беринг
Агар ҳисобот чораги якунига кўра қурилишдан олинган даромад сизда устун бўлмаса ва сиз қурилиш ташкилоти бўлмаган ҳолда қурилишдан олинган даромадни ёрдамчи пудрат хизматларига харажатларни (50 млн – 30 млн = 20 млн сўм) чегирган ҳолда эътироф этган бўлсангиз, сиз ёрдамчи пудрат хизматлари суммасини солиқ базасига қўшишингиз керак.