Саволларингизга жавобларни Buxgalter Pro да топасиз:
Корхона 2019 йилда ташкил этилган ва ташкил этилган пайтдан эътиборан 2 йил муддатга мол-мулк солиғини тўлашдан озод этилган. Имтиёз муайян муддатга тақдим этилганига асосан у имтиёздан 2020 йилда фойдаланишда давом этишга ҳақлими?
Ушбу саволга жавоб беришни buxgalter.uz молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВдан илтимос қилди:
- 2007 йил таҳриридаги Солиқ кодексида янги ташкил этилган корхоналар учун юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича имтиёз назарда тутилган эди. Улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан этиборан 2 йил давомида солиқни тўлашдан озод этилганди. Бунда имтиёз қайта ташкил этилган юридик шахслар негизида ташкил этилган корхоналарга, шунингдек бошқа корхоналар ҳудудида шу корхоналардан ижарага олинган асбоб-ускуналардан фойдаланган ҳолда ўз фаолиятини амалга ошираётган юридик шахсларга нисбатан қўлланилмаган 2007 й. таҳрир СК 269-м. 2-қ. 4-б..
2020 йилдан буён амал қилаётган Солиқ кодекси мазкур имтиёзни назарда тутмайди. Бунда 2007 йил таҳриридаги СКда назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар 2020 йил 1 апрелга қадар амал қилган 30.12.2019 й. ЎРҚ-599-сон 4-м..
Бинобарин, 2019 йилда ташкил этилган ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод этиш тарзидаги имтиёзни қўллаган корхоналар ушбу имтиёздан 2020 йил 1 апрелга қадар фойдаланишга ҳақли бўлишган.
2020 йил 1 апрелдан бошлаб имтиёз, 2007 йил таҳриридаги СКда назарда тутилган 2 йил муддат ўтган ёки ўтмаганлигидан қатъи назар, тўхтатилади.
Қуйидагилар 2020 йилнинг 1 июнидан 31 декабригача бўлган даврда мол-мулк солиғини тўлашдан озод қилинган 18.05.2020 й. ПФ-5996-сон 1-б. 20.07.2020 й. ПФ-6029-сон 7-б. «а»-кичикбанд:
- кичик тадбиркорлик субъектлари (микрофирмалар, кичик корхоналар ва якка тартибдаги тадбиркорлар);
- бозорлар ва савдо комплекслари;
- кинотеатрлар;
- умумий овқатланиш корхоналари;
- жамоат транспорти корхоналари;
- спорт-соғломлаштириш муассасалари;
- йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар.