ҚҚС тўловчиларни рўйхатдан ўтказишга ариза бериш бўйича белгиланган муддат узайтирилди

preview

Солиқ кодексига декабрь ойида киритилган охирги ўзгартиришларни амалиётдан келтирилган мисоллар билан Молия вазирлигининг Билвосита солиқлар ва божхона тўловлари методологияси бўлими бошлиғи Баҳодир БОЙҚАБИЛОВ buxgalter.uz учун махсус тушунтириб берди:


– 2020 йилда СКда айланмадан олинадиган солиқни тўламайдиган солиқ тўловчиларнинг 8 та тоифаси назарда тутилган эди. Бу йилдан уларнинг рўйхати кенгайтирилди. Энди айланмадан олинадиган солиқ қуйидагиларга ҳам татбиқ этилмайди :

  • алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пивони чакана сотиш бўйича турғун савдо шохобчалари;
  • бозор ва савдо комплекслари.


Турғун чакана савдо шохобчаси
– бу :

  • жойлардаги давлат ҳокимияти органлари қарори билан ажратилган ер участкаларида жойлашган;
  • «Давархитектқурилиш» қўмитаси органларида тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича қурилган;
  • санитария ва ёнғин хавфсизлиги нормалари ва талабларига жавоб берадиган;
  • савдо залига, савдо асбоб-анжомларига ҳамда товарларни сақлаш, сортларга ажратиш ва қадоқлаш учун хоналарга эга бўлган, шунингдек НКМ билан жиҳозланган объект (бино, иншоот).


Бозор
– белгиланган жойларда ва белгиланган қоидалар бўйича савдо фаолиятини амалга ошириш учун мўлжалланган, белгиланган тартибда ана шундай мақом олган доимий ёки вақтинчалик асосда фаолият кўрсатадиган мулкий комплекс.


Савдо комплекси
– чакана савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасининг турғун объектлари жойлашган ягона ер участкасида қурилган бинога (иншоотга) ёхуд бинолар (иншоотлар) комплексига мулк ҳуқуқи билан ёки бошқа қонуний асосда эгалик қилувчи юридик шахс .

Мазкур тоифадаги солиқ тўловчилар қуйидагилардан қатъи назар, 2021 йил 1 январдан бошлаб ҚҚС ва тегишинча, фойда солиғини тўлашга ўтадилар:

  • жами даромад ҳажми. Корхона алкоголли маҳсулотлар, шу жумладан пивони чакана сотган бўлса ёки бозор ёхуд савдо комплекси ҳисобланган тақдирда, у жами даромади миқдори 1 млрд сўмдан ошишини кутмасдан ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиши лозим;
  • умумий жами даромадда алкоголли маҳсулотларни (шу жумладан пивони) чакана сотишдан олинган даромад улуши.
1-вазият
Савдо комплексининг 2020 йил учун жами даромади 1 млрд сўмдан ошмаган

 

МЧЖ шаклидаги савдо-кўнгилочар комплекси умумий овқатланиш, болалар майдончалари, кўнгилочар марказлар, дўконлар ва бошқалар учун биноларни оператив ижарага беради. Комплекснинг 2020 йилдаги жами даромади 865 млн сўмни ташкил этди.

Жамият даромади ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиш учун белгиланган 1 млрд сўм миқдордан ошмади. Бироқ СКга ўзгартиришлар киритилганлиги муносабати билан корхона 2021 йил 1 январдан ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиши лозим.

2-вазият
Кўп тармоқли корхона пивони чакана сотиш билан шуғулланади

 

Айланмадан олинадиган солиқни тўловчи кўп тармоқли корхона ўз ишлаб чиқаришига эга, воситачилик хизматларини кўрсатади ҳамда мол-мулкининг бир қисмини оператив ижарага беради. 2020 йил октябрдан корхона алкоголли маҳсулотларнинг чакана савдосини йўлга қўйди.

2020 йилда даромадлар қуйидаги миқдорларни ташкил этган:

Т/р

Фаолият тури

Даромад миқдори, млн сўм

Жами даромаддаги улуши, %

1

Ишлаб чиқариш

310

36

2

Алкоголли маҳсулотларни чакана сотиш

150

17

3

Воситачилик хизматлари

160

18

4

Ижарадан олинган даромадлар

250

29

 

Жами

870

100

Алкоголли маҳсулотларни чакана сотишдан олинган даромад умумий жами даромадда устунлик қилмайди (17%). Шунга қарамай, корхона 2021 йил 1 январдан ҚҚС ва фойда солиғини тўлаши лозим.

Шартли равишда айтганда, корхона 2020 йилда ҳатто 1 шиша пиво сотган бўлса ҳам 2021 йилдан ҚҚС тўлашга ўтиши лозим.


ҚҚСни ҳисобга олиш

Корхона ҚҚС тўловчиси сифатида ҳисобга қўйилган санадаги балансидаги ТМЗ қолдиқлари қиймати ва узоқ муддатли активларнинг баланс қийматида ҳисобга олинган солиқ суммасини ҳисобга олишга ҳақли бўлади. Ҳисобга олинадиган солиқ суммаси қуйидагича аниқланади:

  • ТМЗ қолдиқлари бўйича – сўнгги 12 ой ичида олинган товарларнинг ҳақиқий қиймати бўйича;
  • узоқ муддатли активлар бўйича – мазкур объектларнинг шахс ҚҚС бўйича рўйхатдан ўтказиш ҳисобига қўйилган санадаги қайта баҳоланиши ҳисобга олинмаган, солиқнинг тегишли суммасини ўз ичига олган баланс (қолдиқ) қийматидан келиб чиққан ҳолда .
Эътибор беринг!

Мазкур тоифадаги солиқ тўловчилар ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтишлари лозим. Бунинг учун улар солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали белгиланган шаклдаги аризани тақдим этишлари ва ҚҚС тўловчининг махсус рўйхатдан ўтиш кодини олишлари керак.

Белгиланган муддат бўйича ариза 5 январдан кечиктирмай тақдим этилади .

Таҳририятдан: солиқ тўловчиларнинг кўп сонли мурожаатларини инобатга олган ҳолда ариза тақдим этиш муддати 2021 йил 15 январга қадар узайтирилди. Бу ҳақда солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетларига хабарнома юборилган.