Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
2022 йилда бизнесда кутилаётган янгиликлар
2021 йилни оптимист тадбиркорлар учун ҳам оддий ва ёқимли деб бўлмайди. СКга киритилиши режалаштирилган тузатишлар ва бошқа янгиликларни ҳисобга олинган ҳолда 2022 йил қандай бўлади? Кимдир бундан ютади, кимдир эса ютқазиши мумкин, эҳтимол.
ННТ, аудиторлар ва маслаҳатчилар нима учун ҚҚС тўловчисига айланмоқда? Нима учун айрим солиқ имтиёзлари бекор бўлмоқда? Акцизлар, мол-мулк солиғида қандай ўзгаришлар бўлади? Buxgalter.uz саволларига молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ жавоб берди:
- СК-2022 да аудиторлик фирмалари ва солиқ юзасидан маслаҳат берувчи ташкилотларнинг мажбурий тарзда ҚҚСни тўлашга ўтиши назарда тутилган. Нима учун уларга 1 млрд сўмлик чегара амал қилмайди?
- “Нима учундир кўпчилик 1 млрд сўм чегарасини шу кўрсаткичдан камроқ айланмага эга бўлганларни ҚҚСдан озод этиш учун жорий қилинган, деб ўйлашади. Бундай эмас. Шунчаки айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган тўловчилар тоифаси ҚҚС ҳисоблаб чиқариш бўйича етарли тажрибага эга эмас. Миллиард суммаси бўйича таклифларни тайёрлашда қуйидаги иккита ҳолат эътиборга олинган:
- солиқ тўловчи томонидан солиқ мажбуриятларининг бажарилиши имконияти. Айланмаси 1 млрд сўмдан кам бўлган солиқ тўловчи ҚҚС ва фойда солиғини тўғри тўлай оладими;
- солиқ органлари кўп сонли ҚҚС тўловчилар маъмуриятчилигини амалга ошира оладими.
Бугунги кунда барча ҚҚС тўловчиларнинг 17%и - бу уни тўлашга ихтиёрий асосда ўтган шахслар. Шу боис белгиланган чегаранинг оширилишини кутиш унчалик ҳам асосли эмас.
Солиқ сиёсати нуқтаи назаридан “нолдан” ҚҚС солиниши керак, яъни умуман чегара бўлмаслиги лозим. Бироқ буни амалга ошира олмайдиган муайян тоифа борлиги сабабли, уларга чегара ўрнатилади. У ўртача 30 дан 50 минг АҚШ долларигачани ташкил этади. Баъзи мамлакатларда бундай чегаралар мавжуд эмас, у ерда ҚҚСни ҳамма тўлайди.
ҚҚС бўйича солиқ мажбуриятларини бажариши мумкин бўлганлар уни тўлаши керак. Албатта, солиқ маслаҳатчилари ва аудиторлар шу тоифага киради, уларда ҳисоб-китоблар билан муаммолар юзага келмаслиги лозим.
- ННТлар ҳам ҚҚС тўлайдилар. Бундай янгиликнинг маъноси нима?
- Бу солиқ маъмуриятчилиги нуқтаи назаридан самаралидир. Бугунги кунда бизда тахминан 40 мингдан зиёд нотижорат ташкилотлар, жумладан бюджет нотижорат ташкилотлари мавжуд бўлиб, фақатгина уларнинг катта бўлмаган қисми қандайдир тижорат фаолияти билан шуғулланади.
Нотижорат ташкилот ажратилган ресурслар ёки хайриялар ҳисобига мавжуд бўлса ва ҳомийлик, ижтимоий-фойдали фаолиятни солиқ солинадиган айланмаларга эга бўлмаган ҳолда устав вазифалари доирасида амалга оширса, у ҚҚС ёки айланмадан олинадиган солиқ тўламайди. Бироқ у тижорат фаолиятини амалга оширишни бошлаши билан - айланмадан олинадиган солиқ ёки ҚҚС тўловчисига айланади. Бу ерда солиқ маъмуриятчилигида мураккабликлар юзага келади. Уни соддалаштириш учун барча ННТлар ҚҚС тўлашга ўтказилмоқда. Бу тақдим этилган электрон ҳисобварақ-фактураларни таҳлил қилишни соддалаштиради. Барча ННТлар солиқ солинадиган айланма мавжуд бўлган тақдирда дастлабки ҳолатда ҚҚС тўловчилар ҳисобланади.
- ҚҚС бўйича имтиёзларни, шу жумладан жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари учун имтиёзларни босқичма-босқич бекор қилиш давом эттирилмоқда. Бу имтиёз кимга халақит берди?
- ҚҚС бўйича имтиёзлар билан маъмуриятчиликда доим муаммолар юзага келади. Бунда имтиёзлардан фақат анча юқори даромадга эга истеъмолчилар ютишади. Айнан улар фитнес-марказларига ташриф буюришади, демак, имтиёзлардан фойдаланишади. Биз имтиёзларсиз ҳам улардан фойдаланадиган тўлов қобилиятига эга шахслар учун фитнес бўйича хизматларни ҚҚСдан озод қилган бўламиз.
Бундан ташқари, спорт-томоша тадбирларини ўтказиш учун биноларни ижарага беришдан олинган даромадлар ҳам имтиёзга тушган.
Ихтисослаштирилган тўгаракларда шуғулланадиган болаларга келсак - улар учун имтиёзлар сақлаб қолинади. Асосан ушбу хизматлар ҚҚСдан озод қилинган бюджет муассасалари томонидан тақдим этилади.
- Бошқа ўзгартиришлар қаторида СКда инвестициявий чегирма ва амортизация нормаларини ошириш режалаштирилган. Бу бизнесга қандай таъсир кўрсатади?
- Амортизация нормаларини қайта кўриб чиқиш асосий воситаларга инвестициялар киритадиган қарийб 130 мингта фойда солиғи тўловчиларига солиқ базасини қўшимча равишда 10 трлн сўмга камайтириш ва уларнинг тасарруфида тахминан 1,5 трлн сўмни қолдириш имконини беради.
- Молия вазирлиги юридик шахслар учун мол-мулк солиғи ставкасини 0,5%га пасайтириш ва бунда бир квадрат метрнинг минимал қийматини қайд этишни таклиф қилмоқда. Бунинг сабаби нима?
- Бино ва иншоотлар учун бир квадрат метрнинг минимал қийматини жорий этиш - юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларининг бозор қийматига яқинлаштирилган кадастр қийматини жорий этиш юзасидан ўтиш чораси.
Ўрта муддатли истиқболда юридик шахсларнинг кўчмас мулк объектларининг бозор қийматига яқинлаштирилган кадастр қиймати улар томонидан мол-мулк солиғини ҳисоблаб чиқаришда солиқ базаси асосига қўйилади.
Мол-мулк солиғини ҳисоблаб чиқаришда бино ва иншоотлар бўйича солиқ базаси 1 кв.м. учун мутлақ миқдорда белгиланган минимал қийматдан паст бўлиши мумкин эмас. Тошкент шаҳрида - 2,5 млн сўм, Нукус шаҳрида -1,5 млн сўм, бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда - 1 млн сўм. Бу бозор қийматидан анчагина пастдир. Жумладан, Тошкент шаҳрида офиснинг бир квадрат метри нархи 9,5 млн атрофида ўзгариб туради.
Мазкур қоида фақат юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш мақсадида жорий этилади. Бу баъзи солиқ тўловчилар кўчмас мулк қийматини сунъий равишда камайтирадиган, бошқа солиқ тўловчилар эса виждонан солиқни унинг қийматидан тўлайдиган мавжуд адолатсизликни бартараф этади. Инсофли солиқ тўловчилар ўзгартиришлардан ютишади, сабаби мол-мулк солиғи ставкаси 2%дан 1,5%га пасайтирилади.
Кўчмас мулк қиймати белгиланган минимал қийматдан паст бўлган тақдирда солиқ тўловчи мустақил баҳолашни амалга оширишга ҳақлидир. Унинг натижалари солиқ базаси сифатида эътироф этилади.
- Нима учун импорт қилинадиган товарларга акциз пасайтирилиб, мамлакат ичида ишлаб чиқариладиган товарларга оширилмоқда?
- Бозорда тенг рақобат шароитларини яратиш учун солиқ солиш нуқтаи назаридан маҳаллий ва импорт қилинадиган товарлар учун тенг шароитлар зарурдир. Бу халқаро амалиёт ва Бутунжаҳон савдо ташкилотининг талабларига ҳам мувофиқ келади, уларга асосан импорт қилишда ва ички ишлаб чиқаришда акцизлар бир хил бўлиши керак.
Шу боис биз босқичма-босқич ички акцизларни ошириб, ташқи акцизларни пасайтирамиз. Яқин 5 йилда улар тенглаштирилади. Бизнинг ишлаб чиқарувчиларимиз ишлаб чиқаришни техник жиҳатдан қайта жиҳозлашлари ва чет эл ишлаб чиқарувчилари билан тенг рақобат шароитларига тайёрланишлари учун мазкур жараён узайтирилмоқда.
Масалан, 1 л ароқ учун акциз солиғи ставкаси уни мамлакат ичида ишлаб чиқаришда 12.5 минг сўмни, импорт қилишда эса - 50 минг сўмни ташкил этади. Уларни яқинлаштирамиз.
Полиэтилен гранулалари учун акцизларга нисбатан ҳам худи шу сиёсатни амалга оширмоқдамиз, бироқ бу ерда дастлабки вазият бошқача. Ишлаб чиқарувчи 20% тўлайди, импорт бўйича эса ҳеч нарса йўқ. Шу боис ички ишлаб чиқариш учун акцизларни пасайтириб, уларни импорт учун жорий этиш таклиф қилинмоқда. Шунда ишлаб чиқарувчилар ва импортёрлар учун тенг шароитлар яратилади.
Бунда ички бозорда 2021 йилда акциз ставкасининг 30%дан 20%га пасайтирилиши ички бозорда гранулаларни реализация қилиш ҳажмларининг ўсишига олиб келди. Тегишинча, бюджетга тушумлар камаймади, ҳатто ошди. Шу сабабли кейинчалик ставканинг 20%дан 10%га пасайтирилиши, афтидан, мамлакат ичида ҳажмларни ошириш ва полиэтилен гранулалари ишлаб чиқарувчилар тўлайдиган акцизлардан келиб тушадиган тушумларнинг пасайтирилишига йўл қўймаслик имконини беради”.