Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Иккиламчи ижара шартномаси е-ijara тизимида қандай расмийлаштирилади
Ijara.soliq.uz сервисида кўчмас мулкнинг иккиламчи ижараси шартномасини расмийлаштириш ҳамда уй-жойни талабаларга ижарага бериш имкони пайдо бўлди. Батафсил - buxgalter.uz шарҳида
Иккиламчи ижара шартномаси қандай расмийлаштирилади
Умуман, одатий ижара шартномасини расмийлаштириш жараёни каби: ижарачи шартнома бўйича маълумот киритади, шундан сўнг, ижарага олувчи уни тасдиқлаши лозим. Натижада, расмийлаштириш тўғрисидаги гувоҳнома шакллантирилади. Бироқ иккита жиҳат бор:
1. Ижарачи ijara.soliq.uz га иккиламчи ижара шартномаси тўғрисида маълумот киритади, “Кўчмас мулкни ижарага бериш тўғрисида маълумот” бўлимида “Иккиламчи ижара” банди белгиланади.
2. Ижарага берувчи “Кўчмас мулк объекти” сатрида чиқиб келадиган тавсиядан ўзи ижарага олган объектни танлайди.
Талабалар билан ижара шартномаси қандай расмийлаштирилади
Талаба–ижарачи ижарага берувчи томонидан киритилган маълумотларни тасдиқлаш учун ijara.soliq.uz га кириши шарт эмас. Унинг мобил телефонига юборилган кодни маълум қилишнинг ўзи етарли.
Ижарага берувчига:
1. “Ижарачи тўғрисида маълумот” бўлимини тўлдиришда талабанинг ЖШШИРни киритинг. “Ф.И.О.” “Ўқув муассасаси”, “Факультет”, “Таълим шакли ва босқичи”, шунингдек, “Доимий рўйхатдан ўтиш манзили” устунлари автоматик тарзда тўлдирилади.
2. Тегишли устунга талабанинг телефон рақамини киритинг ҳамда “Тасдиқлаш кодини юбориш” тугмасини босинг. Талабага СМС-хабар тарзида 5 хонали тасдиқлаш коди юборилади. Талабадан мазкур кодни маълум қилишини сўранг.
3. “Тасдиқлаш коди” қаторига кодни киритинг.
4. Агар уйни фақат бир талабага ижарага бераётган бўлсангиз, “Тасдиқлаш” тугмасини босинг. Агар бир нечтасига бўлса, барча ижарачилар тўғрисида маълумот киритиш учун “Қўшиш” тугмасидан фойдаланинг.
Бу ердаги ва мана бу ердаги манбага қаранг