Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Тасодифан солиқ аудитига тушиб қолманг
Солиқ органи камерал текширув натижалари бўйича шахсий кабинетга йўлланган талабномага компания 5 кунлик муддатда жавоб бермаганлиги туфайли солиқ аудитини тайинлади. Солиқ тўловчи бундай қарорни асоссиз деб ҳисоблайди, сабаби хат очиқ бўлмаган ва раҳбар ҳатто бу ҳақда билмаган.
Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:
– Ушбу ҳолат my.soliq.uz да солиқ тўловчининг шахсий кабинетини мунтазам текшириб туриш қанчалик муҳимлигини яққол кўрсатади.
СКнинг 19-моддасида солиқ органи солиқ тўловчига ҳужжатларни топширишнинг учта усули белгиланади:
Ҳужжатларни йўллаш усули |
Ҳужжат олинган деб ҳисобланадиган пайт |
my.soliq.uz да солиқ тўловчининг шахсий кабинети |
Солиқ тўловчи ўқигандан сўнг, бироқ жўнатилган санадан бошлаб 3 кундан кечиктирмай. “Ўқиш” нима эканлиги аниқ белгиланмаганлиги боис, солиқ тўловчи янги хатга босган пайтдан бошлаб кечиктирмаслиги лозим |
Почта орқали буюртма хат билан |
Жўнатилгандан кейин 5 кундан сўнг |
Солиқ тўловчига ёки унинг вакилига шахсан имзо қўйдириб топшириш |
Ҳужжат олинган сана |
Кўрсатилган усуллардан солиқ тўловчининг шахсий кабинети - энг қулай ва тез-тез фойдаланиладиган усул.
Барча юридик шахсларнинг раҳбарларига қуйидагиларни тавсия қиламан:
- солиқ тўловчининг шахсий кабинетида хат-хабарларни олиш учун жавобгар шахсларни тайинлаш;
- ҳужжатни ўқигандан кейин ҳаракатлар тартибини белгилаш.
Хатни эътиборсиз қолдирсангиз, нима бўлади
Агар текширувдан олдинги таҳлил натижалари бўйича хабарнома олинган пайтдан эътиборан 10 кунлик муддатда солиқ ҳисоботини қайта топширмаган ёки солиқ органига ўз позициянгизни тушунтириб бермаган бўлсангиз, солиқ органи ҳақиқатан камерал текширув тайинлашга ҳақли .
Камерал текширув натижалари бўйича хабарнома олинган пайтдан эътиборан 5 кунлик муддатда солиқ ҳисоботини қайта топширмаган ёки солиқ органига ўз позициянгизни тушунтириб бермаган бўлсангиз - яна солиқ аудити тайинланади .
Солиққа оид қонунчиликда белгиланган муддатларни ҳисоблашда СКнинг 5-моддасида ўрнатилган тартибга риоя қилинг.
Хусусан, кунлар билан ҳисобланадиган муддат, агар бу муддат календарь кунлар билан белгиланмаган бўлса, иш кунлари билан ҳисобланади. Агар муддатнинг охирги куни қонун ҳужжатларига мувофиқ дам олиш ва (ёки) иш куни бўлмаган кун деб эътироф этиладиган кунга тўғри келса, дам олиш кунидан ва (ёки) иш куни бўлмаган кундан кейинги иш куни муддатнинг тамом бўлиш куни деб ҳисобланади.
Амалга оширилиши учун муддат белгиланган ҳаракат муддатнинг охирги куни соат 24 га қадар бажарилиши мумкин.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади