Ходим учун туристик йўлланмага ҳақ тўласангиз...

preview

Хусусий мактаб бир неча нафар ўқувчиларини Самарқандга саёҳат қилиш билан рағбатлантирди. Бу ўқувчилар учун моддий наф ҳисобланадими? Буни “Норма” эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА тушунтирди:

 

– Ҳа, моддий наф бўлади. Туристик йўлланмани сотиб олиш ва саёҳат билан боғлиқ харажатлар учун тўловни амалга ошириш ўқувчилар, аниқроғи - уларнинг ота-оналари учун моддий наф ҳисобланади, сабаби бундай саёҳат кўпроқ ўқув дастурига кирмайди. Ва тегишинча - ўқув муассасаси (хусусий мактаб) ва ўқувчиларнинг ота-оналари ўртасидаги пуллик таълим хизматлари кўрсатиш шартномалари шартларида назарда тутилмаган.

 

ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаш мумкинми

Мазкур ҳолатда - мумкин эмас. Агар ташкилот йўлланмалар қийматини тўлиқ ёки қисман қопласа, бундан туристик йўлланмалар мустасно, имтиёз қўлланилади :

  • Ўзбекистонда жойлашган санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларга, шу жумладан ушбу иш берувчида ишламайдиган ногиронлиги бўлган шахсларга;
  • Ўзбекистонда жойлашган болалар оромгоҳлари ва бошқа соғломлаштириш оромгоҳлари, шунингдек санаторий-курорт ҳамда соғломлаштириш муассасаларига ўз ходимларининг 16 ёшгача болалари (ўқийдиганларга - 18 ёшгача) учун.

Кўрганимиздек, бу умуман бошқа ҳолат.

 

ЖШДС ушлаб қолинадими

Агар ўқувчининг отаси (онаси) бир вақтнинг ўзида мазкур ўқув муассасасининг ходими бўлса, ўқув муассасаси, солиқ агенти сифатида, моддий наф тарзидаги даромаднинг барча суммасидан ЖШДС ушлаб қолиши шарт.

Агарда моддий наф олувчи - жисмоний шахс-резидент ушбу ташкилотда ишламаса, ЖШДСни ушлаб қолмаса бўлади. Бироқ бунинг учун бундай ота-оналардан ёзма ариза олинг .

Аризада ўқувчининг отаси (онаси) даромад тўлаш чоғида ЖШДСни ушлаб қолмасликни сўраши ва у солиқни декларация асосида мустақил равишда тўлашини тасдиқлаши керак. 

Эътибор беринг

Фойда солиғи тўловчилар учун тўланган йўлланмалар қиймати - бу чегирилмайдиган харажат .

Агар туристик йўлланмаларни харид қилишда ташкилот ҚҚСни ҳисобга олган бўлса, уларни ўқувчиларга топширишда бир томонлама ЭҲФ расмийлаштирган ҳолда йўлланмалар қийматига ҚҚС солинг .

Мисол
Хусусий мактаб 9-синфни аъло баҳоларга битирган ўқувчилар учун Самарқандга 10 та туристик йўлланмага тўловни амалга оширди
Йўлланмаларнинг умумий қиймати - 4 500 000 сўм. Ўқувчиларнинг ота-оналари (улар мазкур мактабда ишлашмайди) учун - бу моддий наф тарзидаги даромад .  Ўқув муассасаси, солиқ агенти сифатида, даромад тўлашда 540 000 сўм миқдорида ЖШДС ушлаб қолиши керак (ҳар бир ота-онадан 54 000 сўмдан). Ота-оналар солиқни мустақил равишда тўлаш ҳуқуқидан фойдаланишга қарор қилишди ва бу ҳақда ариза беришди .

Бу ҳолда корхона барча суммани - 4 500 000 сўмни туристик агентликнинг ҳисоб рақамига ўтказади ва солиқ агенти сифатида, солиқ даври (йил) тугаганидан кейин 30 кун ичида тўлов манбаидан солиқ солинмаган моддий наф тарзида даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида маълумотномани тақдим этиши шарт . Маълумотнома шакли солиқ тўловчининг шахсий кабинетида - ЖШДС бўйича электрон солиқ ҳисоботи таркибида жойлашган. Шакл коди - 11102_5. Унга юклаб, тўлдириб, бириктириб жўнатиладиган шаблон-файл илова қилинади.

Шаблон-файлни тўлдириш учун сизга қуйидагилар талаб қилинади:

  • тўлов манбаидан ЖШДС солинмаган моддий наф тарзида даромадлар олган жисмоний шахсларнинг Ф.И.О.;
  • жисмоний шахснинг СТИРи;
  • рўйхатдан ўтган жойи бўйича манзили;
  • моддий наф тарзидаги даромадларнинг ҳисобланган суммаси ва улардан ушлаб қолинмаган ЖШДС суммаси.
Эътибор беринг

Бундай жисмоний шахсларга барча ҳужжатларни (паспорт маълумотлари, СТИР ва ЖШШИР) тезкор тарзда олиш муаммоли бўлади. Бироқ агар сиз ҳеч бўлмаганда унинг паспорт нусхасини сўраб олсангиз, сиз:

  • “Ўз СТИРини билиш” хизмати ёрдамида жисмоний шахснинг паспорт маълумотлари асосида унинг СТИРини билишингиз мумкин;
  • паспорт бўйича ЖШШИРни билишингиз мумкин, у ҳам тўлов манбаида солиқ солинмаган моддий наф тарзидаги даромадлар олган жисмоний шахслар бўйича ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобига 6-иловани тўлдириш учун талаб қилинади (01 ва 0121-сатрлар).

Эслатиб ўтамиз, давлат фуқаролар ва ходимлар учун преференциялар, шунингдек иш берувчилар учун республика бўйича ички саёҳатларга  тааллуқли мажбурияларни белгилаган. Хусусан:

  • 2022 йил 1 июндан бошлаб "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" дастури доирасида жамоа шартномаларига иш берувчилар томонидан ходимлар учун йилига бир маротаба маҳаллий саёҳатга чиқиш имконини яратиш қоидалари киритилиши керак .
  • 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари республика ҳудудлари бўйлаб ички саёҳатларни амалга ошириш харажатларининг бир қисмидан кешбэк олишлари мумкин. Бунинг учун улар саёҳат қилиш давомида авиа, темир йўл ёки автомобиль транспортидан фойдаланишлари, “жойлаштириш воситалари” мақомига эга жойларда яшашлари ва маданият объектларига ташриф буюришлари керак. Саёҳат харажатларини ҳар бир туристга қуйидаги миқдорларда қайтариш назарда тутилмоқда:

       – авиақатнов орқали бориб-келиш чиптаси нархининг 15%и, лекин 150 минг сўмдан ошмаган миқдорда;

       – темир йўлда ёки автобусда бориб-келиш чиптаси нархининг 15%и, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;

       – жойлаштириш воситасида тунаб қолиш харажатининг 15%и, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;

       – театр, музей, цирк ва бадиий галереяларга ҳар бир ташриф чиптаси нархининг 50%и, лекин 20 минг сўмдан ошмаган миқдорда.

 

07.02.2018 йилдаги ПҚ-3514-сон қарорга асосан "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" дастури доирасида Ўзбекистон фуқароларига туристик-экскурсия турлари учун тўловлар билан боғлиқ харажатлар:

  • таълим муассасалари ўқувчилари учун - ўз маблағлари ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан;
  • ташкилотлар ходимлари учун - ўз маблағлари, иш берувчи маблағлари (бюджет ташкилотлари учун - ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари) ва жамоавий шартномаларга мувофиқ бошқа маблағлар ҳисобидан;
  • етим болалар, кам таъминланган оилалар фарзандлари, ногиронлиги бўлган шахслар учун уларнинг умумий сонидан камида 20%и қамраб олиниши таъминланган ҳолда - хайрия маблағлари, шунингдек, ҳар йили давлат бюджети кўрсаткичларида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан;
  • пенсионерлар ҳамда уруш ва меҳнат фахрийлари учун - ўз маблағлари, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармасининг маблағлари ва хайрия маблағлари ҳисобидан;
  • фаол хотин-қизлар учун - ўз маблағлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси маблағлари, Ўзбекистон "Маҳалла" хайрия жамоат фонди маблағлари ва хайрия маблағлари ҳисобидан;
  • маҳалла фаоллари ва ёш оилалар учун - ўз маблағлари, Ўзбекистон "Маҳалла" хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан тенглик асосида қопланади.

 

2018 йил 10 февралдан 2025 йил 1 январга қадар

  • иш берувчининг туризм соҳасида фаолият кўрсатиш бўйича лицензияга эга бўлган субъектлардан ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун республика бўйлаб туристик йўлланмаларни сотиб олиш харажатлари ходимнинг даромади сифатида кўриб чиқилмайди ҳамда юридик шахсдан олинадиган фойда солиғини ҳисоблаб чиқишда чегириб қолиниши лозим;
  • жисмоний шахсларнинг солиққа тортиладиган даромадлари Ўзбекистон бўйлаб туристик йўлланмаларни туризм соҳасида фаолият кўрсатиш бўйича лицензияга эга бўлган субъектлардан сотиб олишга йўналтирилган харажатлар суммасига камайтирилади. Бунда туристик йўлланма (айирбошланадиган ваучер), авиа ва темир йўл чипталари, автотранспорт ташкилотларининг ҳисоб-фактуралари (чипталари) ва жойлаштириш воситалари чеклари тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади.

 

Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига:

  • жамоавий шартномаларга рағбатлантириш чораси сифатида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига ўз ходимларининг камида 10%ини оила аъзолари билан биргаликда ҳар йили дам олишга (ички туризмга) юборишни назарда тутадиган ходимларнинг жамоавий ва оилавий дам олишини ташкил қилиш нормасини киритиш;
  • ходимларга меҳнат қонунчилигига мувофиқ, улар учун қулай бўлган вақтда саёҳат қилиш ва дам олиш учун таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми ҳисобидан дам олиш кунлари (отгул) бериш;
  • Дастур тадбирларини амалга ошириш доирасида ҳар йили 30 декабргача давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимлари учун туристик-саёҳат турларини ташкил қилиш жадвалларини тасдиқлаш;
  • тижорат банкларига Ўзбекистон фуқароларига туризм соҳасида фаолият кўрсатиш бўйича лицензияга эга бўлган субъектлардан Ўзбекистон бўйлаб сайёҳлик турларини сотиб олиш учун 10 млн сўмгача истеъмол кредитларини ажратиш ва кредитни иш ҳақи ҳисобидан қоплаш имкониятини бериш тавсия этилади.