ҚҚС ҳисоботида толлинг операцияларини қандай тўғри акс эттириш мумкин

preview

ҚҚС ҳисоботининг толлинг операциялари бўйича даромадларни акс эттириш учун мўлжалланган қисмига тузатишлар киритилиши лозим. Мазкур даромадлар ҳозиргидек Харид қилинган товарлар реестрида эмас, балки Реализация қилинган товарлар реестрида (экспортга ўхшаб) акс эттирилиши керак. Акс ҳолда, солиқ тўловчилар ҚҚС ҳисоботини тўлдиришда муаммоларга, солиқчилар эса - текширувдан олдинги таҳлил юзасидан хабарномалар жўнатишларига ва улар бўйича жавобларни кўриб чиқиш бўйича қўшимча ишларни бажаришларига тўғри келади. 

Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни молиявий маслаҳатчи Анвар РЎЗМАМАТОВ (ACCA DipIFR, CAP) шарҳлаб берди:

 

– Солиқ қўмитасининг мазкур муаммодан хабари бор, лекин нимагадир ҳозиргача ҳал қилинмаган. ДСҚ мазкур масала бўйича мурожаатларни “Yangi texnologiyalar” ИАМга йўналтиради, ИАМ эса – ДСҚга. Давлат солиқ қўмитаси бу масалани ҚҚС солиқ ҳисоботига ўзгартириш киритиб, ҳал қилиши керак.

 

Нима учун ҚҚС ҳисоб-китоби ва ЭҲФ реестри маълумотлари ўзаро мувофиқ келмаяпти 

Менинг қўлимда “Yangi texnologiyalar” ИАМнинг ёзма жавоби бор, унда маълум қилинишича, “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимига жойлаштирилган товарларни қайта ишлаш бўйича хизматлар қиймати ҚҚС ҳисоботида реализация сифатида эмас, балки харид қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестрида “ЭК-11” режимига ўхшаб манфий акс эттирилиши лозим. Лекин бу ёндашув нотўғри.

Ҳақиқатан, Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 6-бобига асосан “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимига жойлаштирилган товарларни қайта ишлаш бўйича хизматлар қиймати учун реэкспорт божхона режими каби “ЭК-11” бланкасида тўлдирилади. Афтидан, солиқ ҳисоботи шаклларини ишлаб чиқувчилар ҳам айнан ушбу нормага амал қилишган. Шунинг учун ҚҚС ҳисоботида “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимига жойлаштирилган товарларни қайта ишлаш бўйича хизматлар қиймати ва реэкспорт бир хил акс эттирилмоқда.

ҚҚС ҳисоботининг 2-иловаси 042-сатрига қўлда киритилган толлинг операциялари бўйича хизматлар қиймати ҳисоботнинг 7-иловаси 0103-“Ноль даражали ставка бўйича айланмалар (товарлар экспортидан ташқари), шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудуди реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайдиган хизматларни кўрсатиш бўйича айланмалар” сатрида автоматик тарзда акс эттирилади. Натижада ҳисоботнинг 1-иловаси 010-“Солиқ давридаги товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмалари” сатридаги сумма реализация қилинган товарлар бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) Реестри маълумотларига мос келмайди. Бу толлинг операциялари бўйича айланмалар реализация қилинган товарлар Реестрида мавжуд эмаслиги сабабли содир бўлади. ДСҚнинг ахборот тизимлари ушбу номувофиқликни аниқлайди ва бу хато ҳақида хабар чиқаради.

 

Нима қилиш керак

Муаммонинг ечими - ҚҚС ҳисоботи шаклларини такомиллаштиришда. Толлинг операцияларини акс эттиришни харид қилинган товарлар Реестридан реализация қилинган товарлар Реестрига олиб ўтиш зарур (экспортга ўхшаб). Акс ҳолда солиқ тўловчилар нафақат солиқ ҳисоботини топширишда, балки текширувдан олдинги таҳлилда ҳам муаммоларга дуч келаверишади. Солиқчилар қўшимча ҚҚС ҳисоблашга интилишади, солиқ тўловчилар эса ҳар сафар нега тафовут юзага келганлигини ёзма равишда тушунтиришларига тўғри келади.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


ҚҚС ҚҚС ҚҚС /uz/publish/doc/text181926_qqs_hisobotida_tolling_operaciyalarini_qanday_tugri_aks_ettirish_mumkin