Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган шахслар қандай ишлашади

preview

Ўзбекистонда жисмоний шахсларни ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида рўйхатдан ўтказиш нисбатан яқинда бошланди. Уларнинг сони кундан-кун ошмоқда ва улар қонуний шуғулланишлари мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати мунтазам кенгайтирилиб борилмоқда. Бунда бундай мақомда қандай тўғри ишлаш юзасидан саволлар қолмоқда. 

Нима учун миллий қонун ҳужжатларидаги айрим нормалар Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар фаолиятини қонунийлаштиришга кўмаклашмаслигини Profi Training бизнес-тренери Юлия ПАКИДИШЕВА (ACCA DipIFR, CAP) РФда бундай фаолиятни тартибга солиш амалиёти мисолида сўзлаб берди:

 

1. Солиқ солиш тартиби

Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган шахслар мақомини аниқлаш нуқтаи назаридан улар даромадининг максимал ёки минимал миқдорлари белгиланмаган.

Уларга солиқ солиш – минимал даражада. Улар ҳеч қандай солиқ ёки мажбурий тўловларни тўлашмайди, солиқлар бўйича ҳеч қандай ҳисоб-китобларни топширишмайди:

  • ЖШДС қисмида – ўзини ўзи банд қилган шахснинг фаолиятидан олинган даромадлари жисмоний шахснинг солиқ солинадиган даромади сифатида ҳисобланмайди ;
  • улар ШЖБПҲни тўлашмайди;
  • ижтимоий солиқни ихтиёрий тартибда 2022 йил 1 декабрга қадар тўлов кунида БҲМнинг 1 баравари миқдорида тўлашади .

Ўзини ўзи банд қилган шахслар учун ижтимоий солиқ, масалан, юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорларда каби, ойма-ой ҳисоблаб чиқарилмайди. Шунингдек, мисол учун, жисмоний шахс ўзининг гувоҳномасини 2022 йил 1 декабрга қадар бекор қилишга қарор қилса, у томондан ихтиёрий тартибда бюджетга тўланган ижтимоий солиқ суммаси қайта ҳисобланмайди ва қайтарилмайди деб тахмин қилиш мумкин.

Тўланган ижтимоий солиқ Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига келиб тушади. Бу суммадан ўзини ўзи банд қилган шахснинг пенсиясини ҳисоблаб чиқариш учун иш ҳақи миқдори аниқланади.

Россияда ўзини ўзи банд қилган шахслар профессионал даромаддан олинадиган солиқни (ПДС) тўлашади. Даромад товарларни, хизматларни реализация қилишдан келиб чиқиб аниқланади. Солиқ солиш базаси йил бошидан ўсиб борувчи якун билан ҳисобга олинади. Солиқ солиш базасига қуйидаги ҳолларда тузатиш киритилади:

  • олдиндан тўлов;
  • товарларни, хизматларни қайтаришда;
  • даромад нотўғри аниқланганда.

 

ПДС ставкалари:

  • юридик шахслар билан ишлашда – олинган даромад сумманинг 6%и;
  • жисмоний шахслар билан ишлашда – олинган даромад сумманинг 4%и.

Ҳисобот даври – бир ой.

Солиқ ойма-ой тўланади.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар даромадининг максимал суммаси бир йил учун йилига 2,4 млн рублдан ошмаслиги керак. Даромадлар суммаси ойма-ой ўзгариши мумкин.

Агар ўзини ўзи банд қилган шахсда даромадлар бўлмаса, солиқ ҳисоблаб чиқарилмайди ва тўланмайди. Яъни бу – қатъий белгиланган тўлов эмас.

Шунингдек, солиқ чегирмаси ҳам мавжуд. Ўзи ўзи банд қилган шахснинг ҳисобланган йиллик даромади муайян  суммага камаяди:

  • 4% ставка бўйича солиқ солинадиган даромаднинг 1%и миқдорида чегирма;
  • 6% ставка бўйича солиқ солинадиган даромаднинг 2%и миқдорида чегирма.

Чегирма суммаси одатда бир йилда 10 минг рублдан ошмайди.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳисоб ҳужжатларини юритмайди, Федерал солиқ хизматига ҳисоботни фақат солиқ ҳисоб-китоби учун топширади. Ҳисобот жисмоний шахслар учун тақдим этилган чекларни ёки юридик шахслар билан ҳисоб-китобларда банк ҳисобварақларидан кўчирмани шакллантириш йўли билан тақдим этилади. ФСХ солиқни амалга оширилган операциялар асосида мустақил тарзда ҳисоблаб чиқаради.

 

2. Фискал техникани қўллаш

Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат-касса техникаси ва пластик карталар ёрдамида ҳисоб-китоблар учун тўлов терминалларидан фойдаланишади. Шунингдек, улар тижорат банкларида ҳисобварақлар очишлари мумкин . Ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан онлайн-НКТ ва тўлов терминалларидан фойдаланиш бўйича алоҳида йўриқнома мавжуд эмас. Тўловлар нақд пул ва нақд пулсиз шаклда амалга оширилиши мумкин, ҳар қандай тўлов иловасидан фойдаланиш мумкин. Ўзини ўзи банд қилган шахсда онлайн-НКТ чекини бериш мажбурияти йўқ.

Менинг фикримга кўра, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг НКТ орқали ҳисоб-китобларга талабларсиз ишининг бундай амалиёти - истеъмолчи учун ноқулай. Аммо у ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг даромадларига СК доирасида солиқ солинмагунча амал қилади. Афтидан, кейинчалик даромадларни қайд этиш ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга солиқ солиш тартиб-таомили қатъийлаштирилади.

Россияда ўзини ўзи банд қилган шахсларда назорат-касса техникасини қўллаш зарурати йўқ. Харидорлар ёки буюртмачилар билан ҳисоб-китоблар "Менинг солиғим" мобиль иловаси ёки ФСХ сайтидаги солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади. У ерда ўзини ўзи банд қилган шахс касса чекларини тақдим этади ва рўйхатдан ўтказади. Даромад тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда ФСХга узатилади.

Харидордан ҳар гал пул маблағлари келиб тушгани учун илова автоматик тарзда чек шакллантиради. Чек мижозга ҳар қандай усулда берилиши зарур: смс, мессенжерлар орқали, электрон почтага, чекдаги QR кодини сканерлаш орқали ва ҳоказо. Агар ҳисоб-китоблар вақтида чек тақдим этилмаган бўлса, чексиз сотиш суммасининг 20%и миқдорида жарима ундирилади. 6 ой давомида такроран ҳуқуқбузарлик содир этиш, тақдим этилмаган чекнинг бутун суммаси миқдорида жарима солиш билан жазоланади.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар билан чексиз ишлайдиган юридик шахслар сотиб олинган товарлар ва олинган хизматлар суммасини фойда солиғи бўйича чегириб ташланадиган харажатлар таркибида акс эттира олмайди. Харидор ўзини ўзи банд қилган шахсдан чекни олишдан манфаатдордир.

 

3. Фаолият турлари бўйича чекловлар

Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган шахслар қуйидагилардан фойдалана олишмайди:

  • улгуржи савдо;
  • товарларнинг тўлиқ ассортиментини чакана сотиш;
  • 08.06.2020 йилдаги ПҚ-4742-сон қарорга илова билан тасдиқланган Рўйхатдан ташқари фаолият турлари.

Россияда ўзини ўзи банд қилган шахслар қуйидагиларни амалга ошира олишмайди:

  • акциз тўланадиган товарларни (алкоголь, бензин, тамаки маҳсулотлари) реализация қилиш;
  • мажбурий маркировкаланиши лозим бўлган товарларни реализация қилиш;
  • фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва реализация қилиш ва ҳоказо.

 

4.  Турар жой биноларини ижарага беришдан олинган даромад

Ўзбекистонда турар жой ва нотурар жой биноларини жисмоний шахс томонидан ижарага бериш тадбиркорлик фаолияти сифатида ҳисобланмайди. Ўз мол-мулкини ижарага беришдан олинган даромад – бу 12% ставка бўйича ЖШДС солинадиган мулкий даромад .

Кўчмас мулк жисмоний шахсга ижарага берилганда солиқ даромадлар тўғрисида декларация асосида тўланади. Юридик шахсга ижарага беришда - солиқ тўлов манбаида ундирилади.

Агар жисмоний шахс - ижарага берувчида ЭРИси калити бўлса, у ижарага олувчи - юридик шахсга ЭҲФ тақдим этиши мумкин. Агар - мавжуд бўлмаса, ижарага олувчи харажатни E-ijara тизимида тузилган ижара шартномаси асосида ҳисобга олади.

Россияда жисмоний шахс бинони ижарага бериши учун ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олиши ва ПДС тўловчисига айланиши зарур. Бусиз ўзининг биносини у ижарага беролмайди. Ўзини ўзи банд қилган шахс ҳар ойда рента даромадини олган ҳолда, ижарага олувчига чек тақдим этиши шарт.

 

5. Фаолиятни амалга ошириш жойи

Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган шахслар фаолиятни амалга ошириш ҳудуди бўйича ДСХОда рўйхатдан ўтказилади. Бироқ улар хизматларни ҳар қандай ҳудудда кўрсатишлари мумкин.

Қонун ҳужжатларида ҳам ўзини ўзи банд қилган шахс бир вақтнинг ўзида шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари сони бўйича чекловлар йўқ. Масалан, у бир вақтнинг ўзида болаларни парваришлаш ва уларга қараб туриш бўйича хизматлар ва параллел равишда - уй хўжалигини юритиш бўйича хизматлар кўрсатиши мумкин.

Айрим мавсумий фаолият турлари билан шуғулланиш мумкин. Масалан, ёзда ва қишда ва ҳоказо вақтда қандай хизматлар талабгирлигини кузатиб бориш.

Россияда фаолиятни амалга ошириш жойи рўйхатдан ўтказишда аниқланади. Ушбу норма ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатдан ўтказиш бўйича тажриба-синов лойиҳаси тартибида жорий этилган. Тажриба-синов лойиҳалари Россиянинг айрим минтақаларида очилган. Ўзини ўзи банд қилган шахс ФСХни фаолиятни амалга ошириш жойи ҳақида хабардор қилади. Фаолиятни амалга ошириш жойини бир йилда фақат бир марта ўзгартириш мумкин.

 

6. Ким ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилиши мумкин, бунда у меҳнатга оид муносабатларда бўлиши мумкинми

Ўзбекистонда 16 ёшдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахс бўлиш мумкин . Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ўз фаолиятида ёлланган ходимлар меҳнатидан фойдаланишга, шунингдек тадбиркорлик субъектининг ёлланган ходими бўлишга ҳақли эмас . Буни қандай тушуниш мумкин?

Ўзини ўзи банд қилган шахс ҳақиқатан худди шундай ўзини ўзи банд қилган шахс билан меҳнатга оид муносабатларда бўлиши, уларда иш берувчи бўлиши ёки ёлланган ходим бўлиши (иш берувчи бўлиши ва ёрдамчиларга эга бўлиши мумкин бўлган ЯТТ билан солиштирса) мумкин эмас ва керак эмас деб ҳисоблайман. Тегишинча, ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган даромадларга ЖШДС солинмайди. Бунда ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолиятидан ташқари олинган даромадларига СКда белгиланган тартибда солиқ солинади .

Акс ҳолда, меҳнатга оид муносабатларни бирга олиб боришни тақиқлаш ноқонуний меҳнат бозорининг гуллаб-яшнашига ёрдам беради ва фуқароларнинг белгиланган шаклларда меҳнат қилиш ҳуқуқини ноқонуний равишда чеклайди.

Мисол учун, агар бўш вақт ва бошқа ресурслар ўзини ўзи банд қилган шахсга меҳнат шартномаси бўйича ҳам меҳнат вазифаларини бажариш имконини берса, у ўзининг малакаси ва маълумотига кўра асосий иш жойида ишга кириши мумкин. Ва оиласи фаровонлигини ошириши мумкин. Шундай қилиб, агар ўзини ўзи банд қилган шахс таржимон сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, у ҳафтасига қанчадир соат давомида туристик фирмада - асосий иш жойи бўйича таржимон сифатида ишлаши мумкин эди.

Бу ҳолда жисмоний шахснинг:

  • ўзини ўзи банд қилган шахс сифатидаги даромадига – ЖШДС солинмайди;
  • асосий иш жойи бўйича даромадига – 12% ставка бўйича ЖШДС солинади.

Чет эллик фуқаро амалиётда ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олиши мумкин эмас. Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг фаолияти – бу меҳнат фаолияти. Меҳнатга оид муносабатлар Меҳнат кодекси ва 20.10.2020 йилдаги ЎРҚ-642-сон Қонуни билан тартибга солинади. Ушбу қонун ҳужжатларида чет эллик фуқаролар Ўзбекистон ҳудудида фақат рухсат этувчи ҳужжатлар олинган тақдирда ишлашлари ёзилган:

  • Меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистонга кириб келаётган чет эллик фуқаро иш берувчи томонидан меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома мавжуд бўлган тақдирдагина республика ҳудудида ёлланиб ишлаши мумкин. Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан берилади.

Ўзини ўзи банд қилган шахсда иш берувчи мавжуд эмаслиги боис, унинг ўзи рухсатномани олиши мумкин эмас.

Эътибор беринг

Таҳририятдан:

Қонун ҳужжатлари мазкур масала бўйича аниқ талқинни бермайди. “Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар тадбиркорлик субъектларининг ёлланган ходими сифатида меҳнат фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас” жумласи меҳнат фаолиятини амалга оширишга бўлган тақиқни тўлиқ ҳажмда очиб бермайди.

Бу масалада экспертларнинг фикри фарқланади.

Баъзи экспертлар ўзини ўзи банд қилган шахс ўзини ўзи банд қилиш даврида меҳнат фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас деб ҳисоблашади. Чунки 06.08.2020 йилдаги ПҚ-4742-сон қарорда  ўзини ўзи банд қилган шахслар иш берувчига эга бўла олмаслиги айтилган.

Бошқаларнинг, бу тақиқ иш берувчи ва тадбиркорлик субъекти ўртасидаги муносабатларга ва фақат ўзини ўзи банд қилган шахслар кўрсатадиган хизматлар борасида татбиқ этилишига ишончлари комилдир. РФдаги шунга ўхшаш норманинг белгилашича, ўзини ўзи банд қилган шахс меҳнат шартномаси тузилган юридик шахс бир вақтнинг ўзида худди шу ўзини ўзи банд қилган шахсда  буюртмачи бўлмаган ёки охирги 2 йил давомида иш берувчи бўлмаган тақдирда меҳнат шартномаси бўйича ишлаши мумкин (РФ МВнинг 01.02.2019 йилдаги 03-11-11/5884-сон хати).

Кўрганимиздек, РФда ўзини ўзи банд қилиш ва меҳнат фаолиятининг бошқа шаклларини бирга олиб боришга тўғридан-тўғри тақиқ мавжуд эмас. Бу ҳолда солиқ органлари меҳнатга оид муносабатларни ўзини ўзи банд қилишга алмаштиришни солиқ солишдан бўйин товлаш сифатида баҳолашлари мумкин.

Ўзбекистонда меҳнатга оид муносабатларни тартибга солиш қисмида ушбу саволга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тўлиқ жавоб бериши мумкин.

Россияда ҳар қандай жисмоний шахс 16 ёшдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахс бўлиши мумкин. Иш берувчи билан меҳнатга оид муносабатларда бўлган субъект ўзини ўзи банд қилган шахс бўлиши мумкин. Ўзини ўзи банд қилган шахс асосий иш жойига эга бўлиши мумкин. Якка тартибдаги тадбиркор параллел равишда ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ишлаши мумкин. Ўзини ўзи банд қилган шахснинг солиғи ЖШДСдан алоҳида ҳисоблаб чиқарилади. Асосий иш жойи бўйича ва ўзини ўзи банд қилиш тартибида олинган даромадлар солиқ солиш мақсадларида жамланмайди. Асосий иш жойи бўйича меҳнат стажи узилмайди.

Давлат хизматчилари фақат тураржой биноларини ижарага беришдан олинган даромадларни қонунийлаштириш учун ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олишлари мумкин.

Бунда Россияда ўзини ўзи банд  қилган шахс мақомини РФ ёки Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлган давлат (Беларусь, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон) фуқароси олиши мумкин. Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо эмас, шу боис ватандошларимиз РФда ўзини ўзи банд  қилган шахс сифатида ишлай олмайди.

 

7. Хизматлар буюртмачисини танлашда чекловлар

Ўзбекистонда чекловлар мавжуд эмас. Жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатиш тартиби бир марталик хусусиятга эга бўлиши керак:

  • “Ташкилотлар томонидан ўзини ўзи банд қилган шахсларни шартнома асосида бир марталик хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш бўйича фаолиятга жалб қилишга йўл қўйилади” .

Россияда ўзини ўзи банд қилган шахс, агар ишдан бўшатилган кундан эътиборан 2 йилдан кам вақт ўтган бўлса, ФҲХ шартнома ёки меҳнат шартномалари бўйича муносабатда бўлган илгариги иш берувчига хизматлар кўрсатиши мумкин эмас. Мазкур чеклов меҳнат шартномаларини алмаштириш, солиқ солишдан бўйин товлаш мақсадида ходимларни оммавий тарзда ўзини ўзи банд қилган шахсларга ўтказишни олдини олишга қаратилган.

 

8. Ўзини ўзи банд қилган шахсга нима учун жарима солишади 

Ўзбекистонда жарималар қуйидагилар учун қўлланилади:

  • ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳисобда турмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш;
  • Рухсат этилган фаолият турлари рўйхатига киритилмаган фаолият билан шуғулланиш (08.06.2020 йилдаги ПҚ-4742-сон қарор билан тасдиқланган);
  • махсус рухсатномасиз лицензияланадиган фаолиятни амалга ошириш.

Россияда ўзини ўзи банд қилган шахслар қуйидагилар учун жаримага тортилади:

  • чекни шакллантириш тартиби ёки буюртмачиларга чекларни бериш муддатларини бузганлик учун;
  • солиқни ўз вақтида тўламаганлик учун;
  • даромадни яширганлик, “Менинг солиғим” иловасида тушумни акс эттирмаганлик  учун;
  • махсус рухсатномасиз лицензияланадиган фаолиятни амалга оширганлик учун;
  • ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳисобга қўймасдан фаолиятни амалга ошириш учун.

 

9. Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг турар жой биносида фаолияти 

Ўзбекистонда Рўйхатда (08.06.2020 йилдаги  ПҚ-4742-сон қарорга илова билан тасдиқланган) тақиқ мавжуд эмас. Аксинча, фақат уй шароитларида айрим фаолият турларини юритишга тўғридан-тўғри кўрсатма бор:

  • қадоқлаш ускуналаридан фойдаланмаган ҳолда уй шароитида миллий ширинликлар, қандолат маҳсулотларини тайёрлаш ва сотиш;
  • салатлар ва тузламаларни тайёрлаш ва сотиш, шунингдек, уй шароитида доналаб сотиладиган таомларнинг айрим турларини тайёрлаш ва ўтириш жойларини ташкил этмасдан ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан ажратилган махсус жойларда сотиш;
  • уйда кир ювиш ва дазмоллаш хизматлари.

Бироқ, агар ўзини ўзи банд қилган шахс, мисол учун, металлдан ясалган ҳайкаллар, тўсиқларни тайёрласа, у шубҳасиз бинони ижарага олишига тўғри келади. Бу эса қўшимча харажатлар билан боғлиқ.

Россияда ўзини ўзи банд қилган фуқаро тураржой ва нотурар жой бинода фаолиятни амалга оширишга ҳақли. Қонун пуллик хизматлар кўрсатувчи, бироқ тадбиркор мақомига эга бўлмаган жисмоний шахслар фаолиятига нисбатан тақиқларни ўз ичига олмаган. Чекловлар фақат биноларга муайян талаблар қўйилган тақдирдагина юзага келиши мумкин, уларнинг бажарилиши давлатнинг назорат қилувчи органлари томонидан текширилади (масалан, Роспотребнадзор алкоголь ичимликлари дўконларини текширади ва ҳоказо).

 

Хулоса қиламиз:

Кўрганимиздек, ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган солиқ режими жуда кўп афзалликларга эга. Бироқ, ушбу мақомда рўйхатдан ўтишдан олдин хавфларни баҳолаш, бизнесни ривожлантириш учун ўз истиқболларини ва қонуннинг барча нозик жиҳатларини ҳисобга олиш зарур.

Ўзини ўзи банд қилган фуқаронинг меҳнат шартномаси бўйича ишлаши мумкинлигини назарда тутувчи Россия амалиёти шаффоф ва тушунарлидир. Ўзини ўзи банд қилган шахсларга имтиёзли кредитлар беришади, улар солиқ чегирмалари олишади. Бу масала Ўзбекистон қонун ҳужжатларида ҳали тартибга солинмаган. Кўп фуқаролар қонун ҳужжатларининг ушбу нормаси остига тушиб қолиш хатарини бошдан кечирмай, профессионал фаолиятдан олинган ўз даромадларини яширишади.

Мисол учун, велосипедларни таъмирлаш билан шуғулланиб кўп ишлаб топиш мумкин эмаслигини ҳар бир киши тушунади. Нари борса, бу “монетизация” қилинадиган хобби бўлиши мумкин. Бундай вазиятда албатта асосий даромад керак.

Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтмасдан ўз хизматларини кўрсатувчи жисмоний шахслар қонуний ишлашлари учун уларга субсидиялар, давлат кўмагини бериш зарур. Фуқароларни қизиқтириш лозим.

Қонун ҳужжатларида ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг хизматлари ЖШШИР ва ўзини ўзи банд қилган шахснинг рўйхатга олиш рақами кўрсатилган ҳолда чеклар, имзоланган бажарилган ишлар далолатномаси билан тасдиқланиши белгилаб қўйилишини истардик. Акс ҳолда, истеъмолчи хизматлар учун ҳақ тўлаган ва кейинчалик нуқсонларни аниқлаган ҳолда, уларни тузатиш ва компенсация олиш борасида ҳимоясиз қолади.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан касса техникасидан фойдаланилишини уларга ТХКМ хизматларидан фойдаланиш учун имтиёзли режалар бериш билан рағбатлантириш мумкин.

 

 

ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ /uz/publish/doc/text183497_uzbekistonda_uzini_uzi_band_qilgan_shahslar_qanday_ishlashadi