Президент томонидан бизнес учун қандай имтиёз ва преференциялар ваъда қилинди

preview

22 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқот чоғида мамлакатимиз Президенти томонидан хусусий бизнес учун бешта йўналиш бўйича бир қатор имтиёз ва преференциялар эълон қилинди. Айнан нималар ваъда қилинди?

 

1. Преференциялар корхона қайси тоифага киришига боғлиқ бўлади:

  • микробизнес – йиллик айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган корхоналар;
  • кичик бизнес –10 млрд сўмгача бўлган;
  • ўрта бизнес –100 млрд сўмгача бўлган.

2023 йил 1 январдан бошлаб микро бизнес учун айланмадан олинадиган солиқнинг ягона 4%ли солиқ ставкаси жорий этилади (ҳозир айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 4%дан 25%гачани ташкил қилади).

2. Кичик бизнес лойиҳаларига 20 трлн сўм ажратилади

Тадбиркорлик жамғармаси томонидан кафиллик бериш имкониятлари қўшимча 2 баробарга оширилади. Натижада камида 15 минг нафар тадбиркорнинг кредит олишдаги гаров масаласи  ҳал бўлади.

3. Келгуси йилдан шарт-шароити бўйича барча туман ва шаҳарлар 5 та тоифага ажратилади

Жой қайси тоифага киришига боғлиқ ҳолда солиқ солиш, субсидия, кредит фоизлари учун компенсация ва кафиллик бериш, инфратузилмага улаш бўйича алоҳида тартиблар белгиланади.

Бундан ташқари, ерни хусусийлаштириш учун ер солиғининг 20 карраси миқдоридаги тўлов Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида 10 каррага, бошқа ҳудудларда 5 каррага пасайтирилади.

4. Суд ҳимояси кучайтирилади

Тадбиркорлар маъмурий судларга мурожаат қилганда давлат божи ставкаси 2 баробар камайтирилади. Солиқ идоралари қарори устидан судга шикоят киритиш муддати ҳозирги 1 ойдан 3 йилгача узайтирилади.

5. Тадбиркорлар фаолиятини назорат қилиш ва уларни жавобгарликка тортиш чоралари енгиллаштирилади

  • тадбиркорларга нисбатан янги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга 3 йиллик мораторий эълон қилинди;
  • келгуси йилдан 26 та идоранинг такрорланувчи назорат функциялари бекор қилинади;
  • барча турдаги текширувлар бизнес-омбудсман билан келишилади;
  • жарималар миқдори тадбиркор тўлаётган солиқ миқдоридан ошмайди;
  • савдо қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик тўлиқ бекор қилинади;
  • текширувлар муддатларини қисқартириш, молиявий хато ва камчиликларнинг минимал чегаравий миқдорини белгилаш бўйича НҲҲ қабул қилинади;
  • Савдо-саноат палатаси ҳукумат бўйсунувидан тўлиқ чиқарилади ва янги ваколатларга эга бўлади:

       – ҳукуматга кўриб чиқиши мажбурий бўлган масалани киритади;

       – тадбиркор манфаатини кўзлаб Олий судга ариза беради.

Манбага қаранг.

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади