2022 йил 26 сентябрь №06/04-01-02-32/3374 ахборот хабари

preview

2022 йил 26 сентябрь

№ 06/04-01-02-32/3374

Ўзбекистон Республикаси

Давлат солиқ қўмитасига

 

Қорақалпоғистон Республикаси,
вилоятлар ва Тошкент шаҳар
Давлат солиқ бошқармаларига

 

Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бошқармаларига

 

АХБОРОТ ХАБАРИ

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги дори воситаларини ишлаб чиқариш, импорти ва реализациясини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларидан мурожаатлар келиб тушаётганлиги муносабати билан Солиқ кодексининг 27-моддасига асосан қуйидагиларни тушунтиради.

1. Солиқ кодексининг 295-моддасида фойда солиғи бўйича солиқ тўловчи томонидан олинган фойда солиқ солиш объекти ҳисобланади.

Юридик шахс учун эса Солиқ кодексининг XII бўлимда назарда тутилган жами даромад ва харажатлар ўртасидаги фарқ фойда деб эътироф этилади.

Солиқ кодексининг 297-моддасида жами даромад юридик шахс томонидан Ўзбекистон Республикасидаги ва унинг ҳудудидан ташқаридаги манбалардан ҳисобот (солиқ) даври мобайнида олинган даромадлардан иборатдир.

Жами даромадга ҳар қандай шаклда ва (ёки) ҳар қандай фаолиятдан олиниши лозим бўлган даромадлар, шу жумладан товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромад киради.

Шу билан бирга, Солиқ кодексининг 42-моддасига мувофиқ нафни баҳолаш имконияти мавжуд бўлган тақдирда ва бундай нафни баҳолаш мумкин бўлган даражада ҳисобга олинадиган пул ёки натура шаклидаги иқтисодий наф ҳам даромад деб эътироф этилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига асосан тадбиркорлик фаолияти субъектлари тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад (фойда) олишга, бундан товарлар (ишлар, хизматлар) бозорида устун мавқени эгаллаб турган тадбиркорлик фаолияти субъектлари мустасно, шунингдек ўз товарларини (ишларини, хизматларини), ишлаб чиқариш чиқиндиларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, мустақил равишда белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича ёки шартнома асосида реализация қилишга ҳақли, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

2. Солиқ кодексининг 305-моддасига асосан юридик шахсларнинг фойда солиғи базасини аниқлашда ушбу шахсларнинг жами даромадидан даромад олиш билан боғлиқ барча харажатлар чегириб ташланади, бундан чегириб ташланмайдиган харажатлар мустасно.

Солиқ тўловчи томонидан Ўзбекистон Республикасида ҳам, унинг ҳудудидан ташқарида ҳам ҳисобот (солиқ) даври давомида амалга оширилган (кўрилган), асосланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган чиқимлари (Солиқ кодекснинг  333–336-моддаларида назарда тутилган ҳолларда эса зарарлар) харажатлар деб эътироф этилади.

Асосланган харажатлар деганда баҳоси пул шаклида ифодаланган, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган чиқимлар тушунилади.

Ҳар қандай чиқимлар, башарти улар ҳеч бўлмаганда қуйидаги шартлардан бирига мувофиқ келган тақдирда, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган чиқимлар деб эътироф этилади:

1) даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган бўлса;

2) шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаб туриш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ёхуд хизмат қилса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан алоқаси аниқ асосланган бўлса;

3) қонунчиликнинг қоидаларидан келиб чиқса.

Солиқ кодексида товарлар (хизматлар) таннархидан ёки товарлар олинган баҳосидан паст баҳоларда реализация қилинганда товарларни (хизматларни) реализация қисмидан олинадиган даромадлар товарлар (хизматлар) таннархидан ёки товарлар олинган баҳосидан келиб чиқиб аниқланиши лозимлиги бўйича нормаларни ўз ичига олмаган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, солиқ тўловчи ўз нарх сиёсатига амал қилган ҳолда товарнинг истеъмолбоплик хусусиятлари пасайиши оқибатида товарнинг нархини пасайтирганда ва бундай истеъмолбоплик хусусиятларининг пасайиши ишончли фактлар билан тасдиқланганда, бундай товарни реализация қилишдан олинган даромад битимнинг ҳақиқий нархи асосида аниқланади. Бунда, агар солиқ тўловчи томонидан бундай битим натижасида зарарлар кўрилган бўлса, у ҳолда бундай зарарлар фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегириладиган харажатлар деб ҳисобланади.

Хусусан, яроқлилик (сақлаш) муддати яқинлашиши муносабати билан дори воситаларининг нархларини пасайтирганда, шу жумладан сотиб олинган таннархидан баҳоси пасайтирилганда ҳам, товарни реализация қилишдан олинган даромадлар товарни ҳақиқий реализация қилиш нархидан келиб чиқиб аниқланади, бундай реализация қилиш натижасида ҳосил бўлган зарарлар эса фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегирилади.

Мазкур тушунтириш солиқ органлари томонидан  ҳуқуқларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари аниқланганда (Солиқ кодексининг 14-моддаси) ва бозор нахларидан келиб чиқиб солиқ базасига тузатиш киритиш ҳолларига (Солиқ кодекси 297-модданинг учинчи қисми 25¹ - банд) қўлланилмайди.

Вазир ўринбосари Д.Султанов


Расмий тушунтиришлар Расмий тушунтиришлар Расмий тушунтиришлар /uz/publish/doc/text184493_2022_yil_26_sentyabr_06_04-01-02-32_3374_ahborot_habari