Очиқ автомобиллар тўхташ майдонларига мол-мулк солиғи солинадими

preview

“Ташкилотда иккита автомобиллар тўхташ майдони мавжуд – хизмат ва тижорий тўхташ майдони. Иккала тўхташ майдони  автотранспорт учун белгилар чизилган, шлагбаум ва видеокузатув камералари билан жиҳозланган асфальт қопланган майдонларни намоён қилади. Тижорий автомобиллар тўхташ майдони назоратчи учун хона билан ҳам жиҳозланган. Бундай очиқ автомобиллар тўхташ майдонлари мол-мулк солиғи солиш объекти ҳисобланадими? Агар очиқ автомобиллар тўхташ майдони ижарага берилса, шартномани E-Ijara тизимида рўйхатга олиш зарурми?”. 

Саволларга buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ Ресурс солиқлари маъмуриятчилиги бошқармаси бошлиғи Нодир ҚОДИРОВ жавоб берди:

 

– Кадастр органларида рўйхатдан ўтказилган бино ва иншоотлар мол-мулк солиғи солиш объекти ҳисобланади .

0111-“Ерни ободонлаштириш” счётида ер майдонлари тузилишини ўзгартириш, келиш йўллари, автомобиллар ва бошқа транспорт воситаларининг тўхташ майдонлари, деворлар ва бошқа иншоотларнинг ҳолатини яхшилаш харажатлари бино ва иншоотлардан алоҳида ҳисобга олинади .

Шу билан бир вақтда Асосий фондлар таснифлагичига асосан “Ерни яхшилаш” гуруҳи 2-бўлимга “Бошқа бино ва иншоотлар” киради .

Ободонлаштириш ишларини ташкил этиш қоидаларида қуйидаги тушунчалар берилган:

1. Ободонлаштириш объектлари:

  • кўчалар, айланма кўчалар, йўллар, марказий майдонлар, йўлкалар, кўприклар, туннеллар, йўловчилар ўтадиган ер ости йўллари, фавворалар, ариқлар, каналлар, дарёлар, кўллар ва бошқа сув ҳавзаларининг қирғоқлари, аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини ва ҳордиқ чиқаришини қондириш учун фойдаланиладиган объектлар (маданият ва истироҳат боғлари, ўрмон массивлари, боғлар, бульварлар, хиёбонлар), ташқи ёритиш, реклама паннолари, йўл кўрсаткичлари, порталлар, пешлавҳалар, дренаж (дренажнинг вертикал, ёпиқ ва очиқ горизонтал, ёпиқ коллектори), ирригация новлари тармоқлари, ташқи ёритиш тармоқлари;
  • аҳоли пунктларининг умумий фойдаланиладиган ерлари;
  • майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, суғориш тармоқлари, ариқ бўйлари;
  • аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини ва ҳордиқ чиқаришини қондириш учун фойдаланиладиган ерлар (дарахтзорлар, парклар, бульварлар, хиёбонлар, шунингдек ариқ тармоқлари ерлари);
  • коммунал-маиший мақсаддаги ерлар (қабристонлар, чиқиндиларни зарарсизлантириш ва утилизация қилиш жойлари);
  • аҳоли пунктларидаги сув ҳавзаларининг қирғоқ полосалари;
  • шаҳарнинг умумий марказлари, режалаштирилаётган ҳудудлар марказлари, турар жой ҳудудларининг марказлари, маҳаллий хизмат кўрсатиш марказлари, шаҳарлар ва туманлар марказларидаги дастлабки турар жой марказлари.

2. Иншоот - ишлаб чиқариш жараёнларининг ҳар хил турини бажариш, материаллар, буюмлар, асбоб-ускуналарни сақлаш, одамларнинг вақтинчалик бўлишлари, одамлар, юклар ва шу кабиларнинг ўтиши учун мўлжалланган асосий, тўсувчи ёки қўшма конструкциялардан иборат бўлган ҳажмли, текис ёки қатор қурилиш тизими.

Ер участкалари, бинолар ва иншоотларга кадастр рақамларини шакллантириш ва бериш тартиби 31.12.2001 йилдаги 492-сон ВМҚга иловада белгиланган.

 

Хулоса: автомобиллар тўхташ майдонлари кадастр органларида иншоот сифатида рўйхатдан ўтказилган тақдирда уларга мол-мулк солиғи солинади.

 

 

Шартномани E-Ijara да рўйхатга олиш зарурми

2022 йилнинг 1 январидан бошлаб юридик шахслар томонидан кўчмас мулкни ижарага бериш (олиш) ёки текин фойдаланиш шартномаларини солиқ органларида ҳисобга қўйиш лозим .

Кўчмас мулк жумласига: ер участкалари, ер ости бойликлари, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулк, яъни –белгиланган мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмайдиган объектлар киради .

Хулоса: автомобиллар тўхташ майдонлари – бу кўчмас мулк, шу боис автомобиллар тўхташ майдонларини ижарага бериш шартномаси солиқ органларида ҳисобга қўйилиши лозим.