Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
2022 йил учун молиявий ҳисоботни қачон топшириш керак
Қуйидаги корхоналар 2022 йил учун молиявий ҳисоботни қачон топширишлари керак:
1) МҲХСга ўтган;
2) чет эл инвестициялари иштирокидаги;
3) назорат қилинадиган битимларга эга;
4) фойда солиғи тўловчилари?
Муддатлардаги номувофиқлик билан боғлиқ вазиятни “Норма” ва buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:
– МҲХСга ўтган ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар учун муддатлар Чораклик ва йиллик молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари тўғрисидаги низомда аниқ ёзилган бўлиши керак. Уни нафақат янгилаш ва тўлдириш, балки уларни Солиқ кодексининг бошқа нормалари билан боғлаган ҳолда, молиявий ҳисоботни топширишнинг барча муддатларини умуман қайта кўриб чиқиш лозим.
МҲХС
МҲХСга ўтган корхоналар учун муддатлардаги чалкашликлар бутун ўтган йил давомида кузатилди. Гоҳ ҳисобот шакллари мавжуд бўлмади, гоҳ корхоналар ҳатто муддатлар бир неча марта кўчирилганлигини ҳисобга олган ҳолда ҳам улгуришмади. Молия вазирлиги у пайтда ахборот хабарлари билан ушбу масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилди. 2023 йилда вазият яхшироқ эмас ва бунда 2022 йил учун ҳисобот билан қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида ахборот хабарларимавжуд эмас.
Ҳамкасбим Татьяна Назарова Солиқ қўмитасига мурожаат қилди ва унга жавоб олди: “Солиқ қўмитасининг 2020 йил 28 январдаги “Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан йиллик молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтган юридик шахсларнинг солиқларини ҳисоблаб чиқариш учун 2020-03-сон қарорнинг 13-иловасига мувофиқ тасдиқланган солиқ ҳисоботи шакллари кейинги йилнинг 1 мартига қадар тақдим этилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 февралдаги ПҚ-4611-сон қарорига мувофиқ МҲХС бўйича ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан узайтирилиши ёки қайта кўриб чиқилиши мумкин”.
Жавоб – тўлиқ. Солиқ идорасида анча аниқ жавоб бериш учун бошқа асослар (норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар) мавжуд эмас.
Вақт ўтиб бораётганлиги боис, 2022 йил учун ҳисобот билан қандай йўл тутиш кераклигини тушунтирувчи Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот хабарини кутамиз. Ва бекор турмаймиз. Ҳозирча мўлжал – “1 мартга қадар”.
Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар учун белгиланган муддатларда ҳисоботни кимлар топширади
Яқинда устав фондида – 184 млн сўм – чет эл инвесторининг ҳиссаси бўлган солиқ тўловчи маслаҳат юзасидан мурожаат қилди. Лекин унда солиқ тўловчининг шахсий кабинетида молиявий ҳисоботни топшириш муддати – 15 февралга қадар кўрсатилган, гарчи 942-сон Низом бўйича – чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар учун сўнгги муддат – 25 март.
Ҳамма гап шундаки, ҳамма чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ҳам шундай тарзда эътироф этилмайди. Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар – бу унда бир вақтнинг ўзида қуйидаги иккита норма бажариладиган юридик шахс:
- корхонада акцияларнинг (улушларнинг, пайларнинг) ёки УФ (УК)нинг камида 15 фоизини чет эл инвестициялари ташкил этади ;
- УФ (УК)нинг миқдори 400 млн сўмдан ошади * .
* УФнинг миқдори камида 200 млн сўм бўлган ҳамда УФдаги чет эл инвестициялари улуши 15 фоизни ташкил этувчи корхоналар Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудида янги барпо этиладиган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар деб ҳисобланади .
Агар ушбу шартларнинг ҳеч бўлмаганда биттаси бажарилса, корхона чет эл инвестицияларига эга деб ҳисобланмайди.
Чалкашлик бўлмаслиги учун, ушбу жиҳатни Чораклик ва йиллик молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари тўғрисидаги низомда аниқ ёзиш керак.
Молиявий ҳисобот ва трансферт нарх белгилаш тўғрисида хабарнома топшириш муддатларидаги номувофиқлик
СКнинг 182-моддасига мувофиқ солиқ тўловчилар солиқ органларини календарь йилда ўзлари тузган, СКнинг 180 ва 181-моддаларида кўрсатилган назорат қилинадиган битимлар тўғрисида хабардор қилиши шарт. Буни назорат қилинадиган битимлар тузилган календарь йилга оид йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай амалга ошириш лозим.
Мен назорат қилинадиган битимлар тўғрисидаги тўлиқ маълумотни фақат молиявий ҳисоботни топширгандан кейин тақдим этиш мумкин, деб ҳисоблаётган ҳамкасбларим ва солиқ тўловчилар билан ҳамфикрман. Молиявий якунлар чиқарилгандан сўнг, ўтаётган йилда амалга оширилган битимларнинг қайсилари назорат қилинадиган битимлар жумласига киришини таҳлил қилиш ва – улар тўғрисида ҳаққоний маълумот тақдим этиш мумкин.
Шубҳасиз, бу ерда СКда белгиланган муддатларни қайта кўриб чиқиш лозим. Назорат қилинадиган битимлар тўғрисида хабарномани молиявий ҳисобот топширилгандан кейин тақдим этиш керак. Лекин ҳозирча Солиқ кодексининг амалдаги нормаларини бузмасликка ҳаракат қиламиз.
Фойда солиғи
Шунингдек, эътиборингизни қуйидагиларга қаратишни хоҳлайман: биз илгари гапирган кўп муаммолар ҳозирча ҳал қилинмай қолган. Масалан, фойда солиғи бўйича ҳисоботни топшириш муддати 1 мартга қадар, молиявий ҳисоботни топшириш муддати эса – 15 февралга қадар этиб белгиланган. Йирик корхоналарда бу жуда катта муаммоларни туғдиради, сабаби фойда солиғи бўйича якунлар чиқарилмаган, молиявий ҳисоботни тайёрлашнинг имкони йўқ.
Умуман, молиявий ҳисоботни топшириш муддатлари билан боғлиқ нормалар қисмида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масаласини қўйиш вақти келди. Ечимларни кутиб қоламиз.
Қуйидагини ўқишни тавсия қиламиз:
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади