Бухгалтер билиши керак бўлган барча ахборот – Buxgalter Pro да:
Турли мулкчилик шаклидаги хўжалик субъектлари бухгалтерлари янги Молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари ҳамда уларнинг таркиби ва мазмуни тўғрисидаги низом (04.11.2024 й. АВ рўйхат рақами 3567-сон) 1 январдан кучга кириши муносабати билан молиявий ҳисоботнинг муддатлари ва шакллари ҳақида кўп сўрашмоқда.
Buxgalter.uz учун бу муҳим жиҳатни солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтириб берди:
Янги тушунтиришларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
– Энг аввало, Низом бухгалтерия ҳисоби субъектлари (бюджет ва суғурта ташкилотлари, тижорат банклари ва нобанк кредит ташкилотларидан ташқари) учун молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатлари, унинг таркиби ва мазмунини белгилайди.
Молиявий ҳисоботнинг мазмуни ва таркиби БҲМС ва МҲХСга мувофиқ тузиладиган молиявий ҳисобот шакллари билан белгиланади.
Йиллик молиявий ҳисобот қонун ҳужжатларида белгиланган давлат органларига:
- БҲМС бўйича – ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 мартидан кечиктирмай;
- МҲХС бўйича – ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 майидан кечиктирмай тақдим этилади.
БҲМСга мувофиқ молиявий ҳисобот тузадиган субъектлар учун у қуйидагилардан иборат:
- бухгалтерия баланси;
- молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот;
- хусусий капитал тўғрисидаги ҳисобот;
- пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот;
- изоҳлар, ҳисоб-китоблар ва тушунтиришлар (молиявий ҳисоботга изоҳлар).
Микрофирмалар ва кичик корхоналар учун молиявий ҳисобот қуйидагилардан иборат:
- бухгалтерия баланси;
- молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот.
Ва ниҳоят, МҲХС бўйича молиявий ҳисобот таркибида:
- молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот;
- фойда ёки зарар ва бошқа умумий даромад тўғрисидаги ҳисобот;
- хусусий капиталдаги ўзгаришлар тўғрисидаги ҳисобот;
- пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот (билвосита усул);
- ҳисоб сиёсатининг муҳим элементлари қисқача тавсифи ва бошқа тушунтириш маълумотларини ўз ичига олган изоҳлар (молиявий ҳисоботга изоҳлар).
Кимлар кичик тадбиркорлик субъекти ҳисобланади
Микрофирмалар ва кичик корхоналар тоифасига киритиш учун ходимларнинг ўртача йиллик сонини аниқлаш керак.
Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ кичик тадбиркорлик субъектлари қуйидагилар ҳисобланади:
1) якка тартибдаги тадбиркорлар;
2) ходимларнинг ўртача йиллик сони қуйидагича бўлган микрофирмалар:
- ишлаб чиқариш тармоқларида – 20 кишидан кўп бўлмаган;
- хизмат кўрсатиш соҳаси ва бошқа ноишлаб чиқариш тармоқларида – 10 кишидан кўп бўлмаган;
- улгуржи, чакана савдо ва умумий овқатланишда – 5 кишидан кўп бўлмаган;
3) ходимларнинг ўртача йиллик сони қуйидагича бўлган кичик корхоналар:
- енгил саноат, озиқ-овқат саноати ва қурилиш материаллари саноатида – 200 кишидан кўп бўлмаган;
- металлга ишлов бериш ва асбобсозлик, ёғочни қайта ишлаш, мебель саноати, шунингдек бошқа саноат-ишлаб чиқариш соҳасида – 100 кишидан кўп бўлмаган;
- машинасозлик, металлургия, ёқилғи-энергетика ва кимё саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш, қурилиш ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа саноат-ишлаб чиқариш соҳасида – 50 кишидан кўп бўлмаган;
- фан, илмий хизмат кўрсатиш, транспорт, алоқа, хизмат кўрсатиш соҳаси (суғурта компанияларидан ташқари), савдо ва умумий овқатланиш ҳамда бошқа ноишлаб чиқариш соҳаларида – 25 кишидан кўп бўлмаган.
Кичик тадбиркорлик субъектлари ходимларининг ўртача йиллик сони қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади. Бунда ўриндошлик, пудрат шартномалари ва фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги бошқа шартномалар бўйича ишга қабул қилинган ходимлар сони, шунингдек унитар корхоналар, ваколатхоналар ва филиалларда ишлаётганлар сони ҳам ҳисобга олинади.
Бир нечта фаолият тури (кўп тармоқли) билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар йиллик айланма ҳажмида улуши устунлик қиладиган фаолият тури мезонлари бўйича кичик тадбиркорлик субъектларига киритилади.