Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Ўзини ўзи банд қилган шахсларни қурилиш пудратига ёллаш мумкинми
“Компания – умумбелгиланган солиқлар тўловчиси қурилиш пудрати шартномаси асосида ўзини ўзи банд қилган шахсни таъмирлаш ишларига ёлламоқчи. Мазкур шахс ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этди ва тижорат таклифида “6 нафар ходимдан иборат бригада”ни кўрсатди. У ходимлар билан ўзи ҳисоб-китоб қилади. Ўзини ўзи банд қилган шахслар шунча нафар ходимларни ёллаш ҳуқуқига эгами? Мазкур битимнинг барча томонлари учун қандай солиқ оқибатлари юзага келади?”.
Саволларга buxgalter.uz илтимосига биноан молиявий ва солиқ маслаҳатчиси Феруза СУЛТОНОВА жавоб берди:
– Жисмоний шахслар ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш жойидаги солиқ органларида ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтадилар. Рўйхатдан ўтганлик ҳолати ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида матрицали штрих кодга (QR-код) эга бўлган маълумотнома билан тасдиқланади .
Корхона ўзини ўзи банд қилган шахсларни пудрат шартномаси асосида бир марталик хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажаришга жалб қилиш ҳуқуқига эга . Бироқ муайян ўзига хос жиҳатлар мавжуд:
- ўзини ўзи банд қилган шахслар ўз фаолиятида ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланишга ҳақли эмас ;
- ўзини ўзи банд қилган шахслар фақат жисмоний шахсларга мураккаб бўлмаган умумий қурилиш, қурилиш-таъмирлаш ишларини (бетон қуйиш, бўёқчилик, сувоқчилик ишлари, ғишт ва кафель териш, перфорация, дурадгорлик, чилангарлик ва бошқа умумий қурилиш ишлари) бажариш ҳуқуқига эга .
Юқорида баён этилганлар асосида ташкилот ўзини ўзи банд қилган шахс билан қурилиш пудрати шартномасини туза олмаслиги тушунарли бўлганлиги боис, солиқ оқибатлари ҳам юзага келмайди.
Қуйидаги материалларда сиз янада кўпроқ йўл-йўриқларни топасиз:
- Ўзини ўзи банд қилишни тартибга солиш ҳақида нималарни билиш лозим;
- Қандай қилиб ўзини ўзи банд қилганлар иш стажи ҳақида ғамхўрлик қилишлари лозим;
- Қандай шартларда бухгалтер ўзини ўзи банд қилган бўлиши мумкин;
- Қандай қилиб ўзини ўзи банд қилган шахс билан ташкилот учун муаммосиз шартнома тузиш мумкин;
- Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган шахслар қандай ишлашади.