Жисмоний шахсдан транспортни ижарага олиш харажатларини қандай асослаш мумкин

preview

Корхона  таъсисчидан- жисмоний шахсдан транспорт воситасини ижарага олган. 2022 йилнинг декабрь ойида 97 млн сўмга хизмат кўрсатилди. Фойда солиғи ҳисоб-китобида 0112-“Оператив ижара бўйича харажатлар” сатрида биз ушбу харажатларни чегириб ташланадиган харажатлар сифатида кўрсатганмиз. Лекин – биз “автокамерал” натижалари бўйича уларда дастурда ЭҲФ мавжуд эмаслиги боис ижара бўйича харажатлар суммаси кўринмаётганлиги ва 2022 йил учун фойда солиғи бўйича ҳисоботни қайта топшириш кераклиги ҳақида хат олдик”. 

Бу вазиятда корхона харажатларни қандай асослаши кераклигини “Норма” эксперти Дилором САИДОВА тушунтирди:

 

– Текширувдан олдинги таҳлил (“автокамерал”) чоғида дастур ЭҲФ, БЮД, инвойслар, ТСОЯЭАТ, таҳлика-таҳлил, кадастр ва E-ijara тизимлари маълумотлари, my.soliq.uz тизимидаги онлайн-НКТ чекларидаги маълумотлар ва солиқ органлари фойдаланиши мумкин бўлган бошқа ахборотни автоматик тарзда таҳлил қилади. Ушбу маълумотлар корхонанинг муайян ҳисобот даврлари учун солиқ ҳисоботи кўрсаткичлари билан солиштирилади.

Кўриб чиқилаётган вазиятда солиқ тўловчи қуйидагиларни текшириши керак:

1) жисмоний шахснинг даромади ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобида акс эттирилганлигини; 

2) жисмоний шахснинг мулкий даромадидан ЖШДС ушлаб қолинганлиги ва тўланганлигини. 

Агар сизнинг томонингиздан ҳуқуқбузарликлар бўлмаса, “автокамерал”нинг хатига жисмоний шахснинг товарларини (хизматларини) реализация қилишда, шу жумладан – мол-мулкини ижарага беришда ЭҲФ тақдим этилмаслигини кўрсатган ҳолда , ёзма жавоб бериш лозим. Жавобга ижара шартномаси, қабул қилиш-топшириш далолатномаси ва солиқ тўланганлиги тўғрисидаги тўлов топшириқномасининг нусхасини (pdf форматида) илова қилинг.

 

Автотранспорт ижараси шартномасини E-ijara тизимида рўйхатдан ўтказиш керакми

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб фуқаролар ва йўловчи ташиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар ўртасида тузиладиган транспорт воситаси ижараси шартномаларини E-ijara тизимида рўйхатдан ўтказиш лозим .