ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси тўхтатиб турилган бўлса, ЭҲФни рад этиш мумкинми

preview

“Компания – ҚҚС тўловчиси В2В хизматини кўрсатди. Ҳисобварақ-фактура тақдим этиш чоғида хизмат олувчисида ҚҚС тўловчиси гувоҳномасининг ҳолати фаол эмаслигини кўрдик. У гувоҳнома тўхтатиб турилганини важ қилиб, ЭҲФни рад этди ва гувоҳнома қайта тикланганидан кейин уни қайтадан тақдим этишни таклиф қилди. Контрагентнинг ҳаракатлари қонунийми?”. 

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан Солиқ қўмитасида тушунтириб беришди:

 

Эътибор беринг
Бизнинг ТГ-каналимизга обуна бўлинг, бизда турли бухгалтерия масалалари бўйича бепул тушунтиришлар доимий эълон қилиб борилади! 

– Хизмат олувчисининг ҳаракатлари ноқонунийдир. Агар унда ҳисобварақ-фактурада баён қилинган ҳолатларнинг ҳаққонийлиги юзасидан эътирозлари бўлмаса, у ҳужжатни тасдиқлаши керак.

Ҳисобварақ-фактура товарлар жўнатилган (топширилган) ёки хизматлар кўрсатилган календарь санада расмийлаштирилиб тақдим этилади, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно :

1) товарлар КПК орқали реализация қилинганда ҳисобварақ-фактура сотиб олувчининг талабига кўра (агар онлайн-НКТ чеки урилмаган бўлса) товарлар (хизматлар) реализация қилинган календарь ойнинг охирги санасига қадар ёзиб берилади. Бундай ЭҲФ товарлар (хизматлар) амалда реализация қилинган сана билан расмийлаштирилади;

2) электр ва (ёки) иссиқлик энергияси, сув, газ, коммунал хизматлар, алоқа хизматлари, темир йўлда ташиш, транспорт-экспедиторлик хизмати реализация қилинганда, қувурлар тизими орқали юкларни ташишга доир хизматлар реализация қилинганда ва товарлар (хизматлар) доимий (узлуксиз) асосда реализация қилинадиган бошқа холларда:

– ЭҲФ календарь ойнинг сўнгги кунида мазкур ой давомида жами етказиб берилган товарлар (кўрсатилган хизматлар) ҳажми бўйича бир марта тақдим этилади;

– у товарлар (хизматлар) реализация қилинган ойнинг охирги кунидаги сана билан ёзиб берилади ва товарлар (хизматлар) реализация қилинган ойдан кейинги ойнинг 10 кунига қадар тақдим этилади;

3) объектлар қурилишида, шу жумладан, объектларни фойдаланиш учун тайёр ҳолда қуришда, шунингдек, узоқ (бир солиқ ҳисоботи давридан ортиқ) технологик даврийликдаги узоқ муддатли шартномалар бўйича, агар шартномалар шартларида хизматларни ҳар ойда топшириш назарда тутилмаган бўлса, ЭҲФ ҳар бир календарь ойнинг охирги куни тақдим этилади.

Эътибор беринг
Сотиб олувчи (хизматлар олувчиси) 10 календарь кун, рақамли маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотлар учун эса – 1 календарь кун ичида ЭРИси билан имзолаши керак. Ёки ушбу муддатда сабаби кўрсатилган ҳолда рад этиши керак. Сотиб олувчи томонидан белгиланган муддатда тасдиқланмаган ёки рад этилмаган ЭҲФ тасдиқланган ҳисобланади .

Эҳтимол, кўриб чиқилаётган вазиятда хизматлар олувчисининг ҳаракатлари гувоҳнома тўхтатиб турилган пайтда у ҚҚС суммасини ҳисобга олишга қабул қилолмаслиги билан шартлангандир. Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг январь ойидан Солиқ кодекси 266-1-модда билан тўлдирилди. Унда ҚҚС тўловчиси гувоҳномасининг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги муносабати билан ҳисобга олиш учун қабул қилинмаган суммалар гувоҳноманинг амал қилиши қайта тиклангандан кейин ҳисобга олиниши мумкин, дейилган. Бунинг учун контрагент гувоҳнома қайта тикланганидан кейин сизга тузатилган ҳисобварақ-фактура тақдим этиш илтимоси билан мурожаат қилиши керак.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


ЭҲФ ЭҲФ ЭҲФ /uz/publish/doc/text190593_qqs_tulovchisi_guvohnomasi_tuhtatib_turilgan_bulsa_ehfni_rad_etish_mumkinmi