Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Мол-мулк солиғини ҳисоб-китоб қилишда қайта баҳолашни қачон ҳисобга олиш мумкин
“Корхона ҳисоб сиёсатига асосан 2023 йил 1 январь ҳолатига асосий воситаларни қайта баҳолашни амалга оширмоқчи. Компания балансида кўчмас мулкнинг қолдиқ қиймати 1 кв метр учун мутлақ миқдорда белгиланган энг кам қийматдан юқори.
Баён этилганлардан келиб чиқиб, агар корхона кўчмас мулкининг (биносининг) қолдиқ қиймати 1 кв метр учун энг кам қийматдан юқори бўлса, корхона қайта баҳолашни амалга ошириш ва 2023 йил учун мол-мулк солиғини ҳисоб-китоб қилишда ушбу қайта баҳолаш натижаларини ҳисобга олиш ҳуқуқига эгами?”
Саволга Солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВА жавоб беради.
– Сизнинг вазиятингизда корхона:
- бухгалтерия ҳисоби мақсадларида асосий фондларни қайта баҳолашни амалга оширишга ҳақли, башарти бу ҳисоб сиёсатида назарда тутилган бўлса;
- қайта баҳолаш натижаларидан мол-мулк солиғини ҳисоб-китоб қилиш мақсадларида фойдаланиши мумкин эмас, сабаби кўчмас мулкнинг ўртача йиллик қиймати энг кам қийматдан юқори.
2021 йил 1 январдан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар учун асосий фондларни мажбурий қайта баҳолаш бекор қилинган . Бироқ корхонанинг ҳисоб сиёсатида назарда тутилган бўлса, у бухгалтерия ҳисоби мақсадларида қайта баҳолашни амалга ошириши мумкин.
2022 йил 1 январдан бошлаб бино ва иншоотлар (шу жумладан тўлиқ амортизация қилинган) бўйича солиқ базаси 1 кв. метр учун мутлақ миқдорда белгиланган энг кам қийматдан паст бўлиши мумкин эмас . Бунда корхона, агар объектнинг 1 кв. метри қиймати энг кам қийматдан паст бўлса, кўчмас мулк объектлари қийматини мустақил баҳолашни амалга оширишга ҳақли.
Бинонинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати энг кам қийматдан юқори эканлиги боис, сиз мол-мулк солиғини ҳисоб-китоб қилишда қайта баҳолаш натижаларини ҳисобга олишга ҳақли эмассиз. Корхонангиз солиқни ўртача йиллик қолдиқ қийматдан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқариши керак.