ДМ билан боғлиқ бўлмаган норезидентларга даромадлар тўласангиз, ўқиб чиқинг:
2023 йил январь-апрель ойлари учун ижтимоий солиқни солиқчиларга қайтариш керакми
Солиқчилар алоҳида компанияларга 2023 йил январь-апрель ойлари учун 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун давлат бюджетидан қоплаб берилган ижтимоий солиқ суммасини қайтаришни сўраб мурожаат қилишди. Солиқ тўловчиларни аризаларни солиқчиларнинг ўзи қабул қилиб, ижобий кўриб чиққанлари, энди эса пулларни қайтаришни сўраётганликлари ғазаблантирмоқда.
Гап нимада эканлигини тушунишда buxgalter.uzга солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА ёрдам берди.
Агар қонун ҳужжатларининг нормаларига таянадиган бўлсак, солиқчиларнинг талаблари асосли бўлиб, қонуний асосларга эгадир.
Илгари 25 ёшдан ошмаган ёш ходимлар учун ижтимоий солиқни қайтариш 20.04.2021 йилдаги ПФ-6208-сон Фармонга мувофиқ амалга оширилган. Ушбу Фармоннинг нормалари 2021 йил 1 майдан 2022 йил 31 декабргача бўлган даврга татбиқ этилган.
Ҳозир ҳам ижтимоий солиқни қайтариш тўғрисидаги норма амал қилмоқда, бироқ у 26.04.2023 йилдаги ПФ-61-сон Фармон билан белгиланган. Мазкур НҲҲга мувофиқ ижтимоий солиқни қайтариш 2023 йил 1 майдан 2025 йил 1 январгача бўлган даврда амалга оширилади. 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси тўлиқ давлат бюджетидан қайтарилади. Ижтимоий солиқни қайтаришни иш берувчилар олишлари мумкин, бундан бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари ва давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада тўловчилар мустасно. Ёш ходим 6 ой давомида узлуксиз меҳнат фаолиятини амалга ошириши керак ва 7 ойдан бошлаб унинг учун тўланган ижтимоий солиқ қайтарилади.
Ушбу вазиятда иккита сана муҳим ҳисобланади:
- ПФ-6208-сон Фармон бўйича ижтимоий солиқ 2022 йил 31 декабрга қадар қоплаб берилган;
- ПФ-61-сон Фармон бўйича ижтимоий солиқ 2023 йил 1 майдан бошлаб қоплаб берилади.
Яъни тўрт ой – 2023 йилнинг январь ойидан апрель ойига қадар – унга мувофиқ 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун ижтимоий солиқ қайтариладиган норма мавжуд бўлмаган.
Лекин my.soliq.uz ва my3.soliq.uz сайтларида бу вақтда интерактив хизмат ишлаган, унинг ёрдамида қайтаришга ариза бериш мумкин бўлган. Бундан ташқари, аризаларни кўриб чиқиш учун масъул бўлган солиқ органларининг ходимлари, афтидан, 2023 йилнинг январь-апрель ойларида ижтимоий солиқни қайтариш учун асос мавжуд эмаслигини эътибордан четда қолдиришган ва ушбу давр учун аризаларни маъқуллашни давом эттиришган. Айрим солиқ тўловчилар ҳам ПФ-6208-сон Фармон бўйича мазкур норманинг амал қилиш муддатига эътибор беришмаган ва ариза беришни давом эттиришган.
Солиқ тўловчилар солиқчиларнинг талабини бажаришлари ва 2023 йилнинг январь ойидан апрель ойигача бўлган давр учун 25 ёшдан ошмаган ходимлар бўйича ижтимоий солиқни қоплаш суммасини қайтаришларига тўғри келади.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади