Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
ТСОЯЭАТда далолатномаларни рўйхатдан ўтказиш муддатларидаги ўзгаришлар
24.10.2023 йилдаги 560-сон ВМҚга асосан ТСОЯЭАТда тизимида хизматлар экспорти ва импорти бўйича далолатномаларни (маълумотларни) рўйхатдан ўтказиш муддатига ўзгартириш киритилди. Илгари у имзоланган кундан бошлаб 1 кунни ташкил этган. Бундай қисқа муддат компаниялар учун ноқулай бўлган, сабаби имзоланган далолатномалар ҳар доим ҳам чет эллик ҳамкорлар томонидан 1 кун мобайнида тақдим этилмаган. Кўпинча кечикиш ва потенциал жарималар хавфи юзага келган.
ТИФ-операциялари бўйича рўйхатдан ўтказишнинг янги муддатида амалиётчи бухгалтерлар яна нимага эътибор беришлари мақсадга мувофиқлиги ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан Profi Training бизнес-тренери, МҲХС ва бошқарув ҳисоби бўйича эксперт Александра ТОЛМАЧЁВА гапириб берди.
– Ҳозирги вақтда хизматлар экспорти-импорти бўйича далолатномаларни (маълумотларни) рўйхатдан ўтказиш муддати хизматлар экспорти-импорти билан тўғридан-тўғри боғлиқ бўлган ҳисоботларни топшириш муддатларига мувофиқ келтирилди.
Бу ҳақда биз қуйидаги материалда ёзганмиз:
Мисол учун, компаниялар хизматлар импорти бўйича иккита ҳисобот топширади: норезидентнинг даромадларидан олинадиган солиқ (электрон ҳисоботда солиқ коди – 137) ва хизматлар импорти учун ҚҚС (электрон ҳисоботда солиқ коди – 29).
Хизматлар экспорти-импорти бўйича далолатномаларни энди далолатнома тузилган ойдан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай рўйхатдан ўтказиш лозим, бу юқорида кўрсатилган ҳисоботларни топшириш муддатларига мувофиқ келади.
Солиқ органлари топширилган ҳисоботни ТСОЯЭАТга киритилган ахборот билан таҳлилдан ўтказади ва тафовутлар аниқланган тақдирда ташкилотнинг шахсий кабинетига хат юборади.
Хизматлар экспорти билан боғлиқ вазиятда, умумбелгиланган солиқлар тўловчиси бўлган компания ҚҚС бўйича ҳисобот топширади (электрон ҳисоботда солиқ коди – 1), уни тақдим этишнинг сўнгги муддати далолатномаларни рўйхатдан ўтказиш муддатига мувофиқ келади. Агар компания айланмадан олинадиган солиқни тўласа (электрон ҳисоботда солиқ коди – 100), ҳисоботни топшириш муддати – ҳар ойнинг 15-санасидан кечиктирмай.
Далолатномалар тўғри акс эттирилганлиги, валюта контрактлари бўйича тўлов ва сальдонинг тўғрилигини мустақил равишда my.gov.uz сайтидаги «Ташқи иқтисодий фаолиятга тегишли контракт (шартномалар) маълумотларини Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритиш» сервиси ёрдамида қуйида кўрсатилган тарзда текшириш мумкин.