2024 йилда фойда солиғини қандай тўлаймиз

preview

Фойда солиғининг асосий элементлари – солиқ ставкалари, ҳисоблаш ва тўлаш тартиби, ҳисоботни тақдим қилиш муддатлари 2024 йилда ўзгармади. Аммо ўзгаришлар ҳам йўқ эмас. Norma мутахассислари томонидан тайёрланган мақолада бу ҳақда батафсил маълумот жамланган.

 

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

Бўнак тўловчилар учун даромаднинг рухсат этилган миқдори ўзгарди

Фойда солиғи бўйича ҳар ойда бўнак тўловларини тўлаши лозим бўлган тадбиркорлик субъектлари даромадларининг рухсат этилган миқдори 5 млрд сўмдан 10 млрд сўмгача оширилади.

2024 йилда сиз бўнак тўловларини тўлайсиз, агарда:

  • 2023 йил учун киритилган тузатишларни ҳисобга олган ҳолда жами даромад 10 млрд сўмдан ошган бўлса ;
  • корхонангизнинг даромади йил давомида 10 млрд сўмдан ошган бўлса . Шундай вазиятда бўнак тўловлари бундай ошиб кетиш содир бўлган  чорак ўтганидан кейин тўланади. Ушбу қоида янги ташкил этилган корхоналарга ҳам тааллуқли.
Эслатиб ўтамиз
Бўнак тўловлари ҳар ойнинг 23-санасидан кечиктирмай тўланади.

 

Бўнак тўловлари солиқ органи томонидан мустақил равишда ёки сиз тақдим этган маълумотномага мувофиқ ҳисоблаб чиқарилади.

Солиқ органлари томонидан ҳисоблашда 2024 йилнинг I чораги учун бўнак тўловлари суммаси 2023 йилнинг IV чорагида тўланадиган жорий (ойлик) тўлов миқдорида белгиланади. Агар 2023 йилнинг IV чорагида бўнак тўловлари тўланмаган бўлса, уларни 2024 йилнинг I чорагида тўлаш шарт эмас.

Агар сиз бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани тақдим қилсангиз, уни чорак учун кутилаётган фойда суммасидан келиб чиқиб  жорий чорак биринчи ойининг 15-санасидан кечиктирмай тақдим қилинг. Яъни, I  чорак учун – 15 январдан кечиктирмай.

Норезидент бўлган юридик шахсларнинг акциялари бўйича дивидендлар тарзидаги даромадлари, шунингдек облигациялар бўйича фоизлар тарзидаги даромадлари бўйича имтиёзлар узайтирилади

26.07.2022 й. ЎРҚ-785-сон Қонунга мувофиқ 483-моддага  –  2022 йил 1 апрелдан 2024 йил 31 декабргача бўлган давр учун:

  • норезидент юридик шахсларнинг акциялари бўйича дивидендлар тарзидаги даромадларига фойда солиғи бўйича 5 фоиз миқдорида солиқ ставкаси қўлланилиши ҳақида имтиёз киритилган эди;
  • резидент ва норезидент юридик шахсларнинг хўжалик жамиятлари облигациялари бўйича фоизлар тарзидаги даромадлари даромад солиғидан озод этилади.

Имтиёз  муддати 2028 йил 31 декабргача узайтирилган.

 

Эслатиб ўтамиз

Норезидентларга имтиёз қўлланмасдан тўланадиган дивидендлар ва фоизларга 10% ставка бўйича солиқ солинади .

Резидентларга тўланадиган фоизлар солиқ солиш мақсадларида уларнинг жами даромадида ҳисобга олинади .

 

Кичик бизнесни ривожлантиришга йўналтирилган кредитлар бўйича фоизларга фойда солиғи солинмайди

Кичик бизнесни доимий қўллаб-қувватлаш комплекс дастурида иштирок этаётган тижорат банкларининг ушбу дастур доирасида лойиҳаларга ажратилган кредитлар бўйича даромадлари фойда солиғи солиқ базасидан чегириб  қолинади.

Имтиёз 2024 йил 1 январдан 2026 йил 1 январгача амал қилади .

Имтиёз  04.09.2023 й. ПҚ-292-сон Қарори билан тасдиқланган «Йўл харитаси» дастурини бажариш доирасида жорий қилинган.