Солиқ қўмитасидан муҳим ҳужжатларни қандай ўтказиб юбормаслик керак

preview

“Биз импорт қилувчилар жумласига кирамиз. Ҳафта давомида солиқ тўловчининг шахсий кабинети почтасига кириш зарурияти бўлмайдиган ҳолат бўлди. 2 апрелда почтага кирдик – у ерда эса 27 март санаси билан ташқи савдо контрактлари бўйича активларни репатриация қилиш тўғрисида талабнома бор экан. СКнинг 138-моддаси бўйича жавоб бериш учун бизда атиги 5 кун бор эди. Жавоб бериш муддатини ўтказиб юборгач, қўшимча муаммолар орттирдик, боз устига биз солиқ органларининг хулосаларига рози эмасмиз”.

Солиқчилардан муҳим ҳужжатларни ўтказиб юбормаслик учун нима қилиш кераклиги ҳақида buxgalter.uz ўқувчилари учун махсус солиқ маслаҳатчиси, “Tax Consensus” СМТ директори Иродахон АББОСХОНОВА гапириб берди:

 

Материалларимизни ўтказиб юборманг – телеграм-каналга обуна бўлинг.

 

– Импорт қилувчиларнинг бу борадаги ташвишларини тушунаман. Ушбу вазиятда Талабноманинг  солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборилган санаси тўғрисидаги ҳаққоний маълумотларга эга бўлиш муҳимдир. Агар солиқ тўловчилар Талабнома ҳақиқатда юборилган санани исботлай олишмаса, бу тушунмовчиликлар ва муаммолар туғдириши мумкин.

Нимани амалга оширишга уриниб кўриш мумкин? Солиқ органига Талабнома шахсий кабинетга ҳақиқатда юборилган сана юзасидан далилларни тақдим этиш тўғрисида сўров билан мурожаат қилиш. Бу тегишли ҳужжатлар ёки ҳисобга олиш журналлари билан тасдиқланиши мумкин.

Солиқ органининг жавобида ҳаққоний маълумотларни ўрнатиш имконсиз бўлса ёки импорт қилувчи жавобдан қаноатланмаган бўлса, ўз манфаатларингизни ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишингиз мумкин.

Аммо бу мураккаб, узоқ чўзиладиган жараён ва ҳаққоний маълумотларни тезкор тарзда олиш осон бўлмайди. 

 

Солиқчиларга ўз вақтида жавоб берилмайдиган вазиятга қандай йўл қўймаслик керак

Шу билан бирга, бундай вазиятларнинг олдини олган маъқул, деб ҳисоблайман.

Айрим солиқ тўловчилар шахсий кабинетда активациясиз ишлашади. Нафақат импорт қилувчилар, балки барча солиқ тўловчиларга, шу жумладан жисмоний шахсларга шахсий кабинетни активация қилишларини тавсия қиламан. My3.soliq.uzда доим бу ҳақда пуш-хабарнома чиқади.

Кабинет мобиль телефон рақамини мажбурий кўрсатган ҳолда тегишли аризани қабул қилиш орқали активация қилинади. Бу ҳолда Солиқ тўловчининг шахсий кабинетидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомнинг  13-бандига мувофиқ шахсий кабинетга янги ҳужжат келиб тушганда солиқ тўловчининг аризасида кўрсатилган мобиль телефони рақамига автоматик тарзда СМС хабарнома юборилади.

СМС хабарномаларни активация қилиш жараённинг шаффофлигини оширади ва сиз ва солиқ органи ўртасидаги ҳамкорликни осонлаштиради. Ва импорт қилувчига Талабнома ўз вақтида ёки вақтини ўтказиб юборилганлиги фактини тасдиқловчи далил бўлиб хизмат қилади.

Солиқ органи томонидан СМС хабарномалар юбориш бўйича Солиқ тўловчининг шахсий кабинетидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 13-банди талабларига риоя қилиниши ишонч даражасини оширади ва солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинет орқали ҳамкорлик қилиш тизимига катта ишончини таъминлайди.