Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Шпаргалка: якка тартибдаги тадбиркор қандай солиқларни тўлайди
Тадбиркорлик фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор сифатида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда амалга ошириш мумкин . Солиқ қўмитаси тадбиркорлик субъектларининг ушбу тоифасига солиқ солишга тааллуқли тез-тез бериладиган саволларни тушунтирди.
Материалларимизни ўтказиб юборманг – телеграм-каналга обуна бўлинг.
Якка тартибдаги тадбиркор сифатида қандай рўйхатдан ўтиш керак?
– Фаолият турини аниқлаштириб олинг. Якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатидан 07.01.2011 йилдаги 6-сон ВМҚга 1-иловада фойдаланиш мумкин.
Қуйидаги усуллардан бири орқали рўйхатдан ўтиш мумкин:
1. Давлат хизматлари марказига мурожаат қилинг.
2. New.birdarcha.uz сайтида масофадан туриб давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида ариза беринг.
Рўйхатдан ўтказиш учун бож миқдори қуйидагини ташкил этади :
- ўзи келган ҳолда – 1 БҲМ (340 000 сўм);
- new.birdarcha.uz Интернет-портали орқали – 0,9 БҲМ (306 000 сўм).
Давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳолати бўйича якка тартибдаги тадбиркорга Давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳнома берилади.
Якка тартибдаги тадбиркор ходимларни ёллаши мумкинми?
– Якка тартибдаги тадбиркорлар 5 нафаргача ходимларни ёллашга ҳақли .
ЯТТ ёлланган ходимлар билан ёзма шаклда меҳнат шартномасини тузади . Меҳнат шартномаси Якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатидан ошмайдиган муддатга тузилади.
Меҳнат шартномаси икки нусхада тузилади: биттаси якка тартибдаги тадбиркорда, иккинчиси – ходимда қолади.
Қуйидагилар талаб қилинмайди:
- меҳнат шартномасида якка тартибдаги тадбиркорнинг имзосини муҳр билан тасдиқлаш;
- ходимни ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштириш.
Ходимнинг меҳнат стажини ҳисоблаш бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўланганлиги тўғрисидаги маълумотлар асосида амалга оширилади.
Якка тартибдаги тадбиркор қандай солиқларни тўлайди?
– 1. Товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади 100 млн сўмдан ошмайдиган ЯТТ даромадлардан олинадиган солиқни қуйидаги тарзда тўлаши мумкин :
- жами йиллик даромад тўғрисида декларация асосида;
- қатъий белгиланган миқдорда.
Декларация асосида солиқни тўлашнинг сўнгги муддати – 1 июнь. 2024 йилда тўлашнинг сўнгги куни 3 июнга тўғри келади, сабаби 1 ва 2-сана – ишланмайдиган кунлар.
Қатъий белгиланган миқдордаги ЖШДС давлат рўйхатидан ўтказилган ойдан кейинги ойдан бошлаб ҳар ойда 15- санадан кечиктирмай тўланади.
2. Агар календарь йилда товарларни, хизматларни реализация қилишдан олинган даромад 100 млн сўмдан ошган бўлса, ЯТТ айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтиши шарт .
3. Агар даромад 1 млрд сўмдан ошган бўлса, ЯТТ ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиши шарт .
Ҳатто айланмадан олинадиган солиқ ёки ҚҚСга мажбурий ўтиш учун шартлар рўй бермаган тақдирда ҳам ЯТТ исталган солиқ солиш режимини танлашга ҳақли. Мисол учун, 100 млн сўмгача айланмага эга ЯТТ ўз бизнеси эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, айланмадан олинадиган солиқ ёки ҚҚСни тўлаши мумкин.
Солиқ солиш режимини давлат рўйхатидан ўтишда ёки my3.soliq.uzдаги шахсий кабинет орқали тегишли ариза берган ҳолда танлаш мумкин.
4. Ёлланган ходимларнинг даромадларидан ЖШДС ушлаб қолинади ва ШЖБПҲга ажратмалар амалга оширилади. Якка тартибдаги тадбиркорлар эса жамғариб бориладиган пенсия тизимида ихтиёрий асосда иштирок этишади.
5. Барча якка тартибдаги тадбиркорлар ижтимоий солиқ тўлашади:
- ўзи учун ойига камида 1 БҲМ миқдорида – 340 000 сўм;
- савдо комплекслари ва бозорларда фаолиятни амалга оширувчи ёлланма ходимлар учун ойига 0,5 БҲМ – 170 000 сўм;
- бошқа соҳалардаги ёлланма ходимлар учун йилига 1 БҲМ – 340 000 сўм.
Ижтимоий солиқ:
- ҳар ойда тўлайдиганлар томонидан ойнинг 15 санасидан кечиктирмай;
- йилда бир марта тўлайдиганлар томонидан – 1 декабрга қадар тўланади.
6. Якка тартибдаги тадбиркор ресурс солиқларини: мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув солиғини тўлайди – башарти солиқ солиш объекти мавжуд бўлса.
Айланмалар мавжуд бўлмаса, солиқларни тўламаса бўладими?
– Ҳа, бўлиши мумкин. Бунинг учун якка тартибдаги тадбиркор сифатидаги фаолиятингизни тўхтатиб туриш лозим . Буни қуйидаги тарзда амалга ошириш мумкин:
- Давлат хизматлари марказига мурожаат қилган ҳолда;
- new.birdarcha.uz портали орқали.
Агар якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини тўхтатиб турса, солиқ органлари кейинги иш куни тугашидан кечиктирмай бу ҳақдаги ахборотни олишади ва ёлланма ходимлар учун ижтимоий солиқ ва ресурс солиқларидан ташқари солиқларни ҳисоблаш тўхтатиб турилади. ЯТТнинг ёлланма ходимлари бўйича тўланадиган ижтимоий солиқни ҳисоблашни қандай тўхтатиб туриш ҳақида – давомида ўқинг.
Агар ЯТТ фаолияти тўхтатиб турилганидан сўнг ижтимоий солиқни ҳисоблаш давом этса, нима қилиш керак?
– Бу фақат ёлланма ходимларга эга ва солиқ органларига ходимларни ҳисобга қўйиш карточкаларини топширмаган якка тартибдаги тадбиркорларда бўлиши мумкин. Ҳисобга қўйиш карточкалари ҳар бир ходимга алоҳида юритилади.
Ёлланма ходимлар учун ижтимоий солиқ ҳисобланишини тўхтатиб туриш учун:
- ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш;
- 1 иш кунидан кечиктирмай солиқ органларига меҳнат шартномалари бекор қилинганлиги тўғрисида хабарнома бериш;
- ҳисобга олиш жойи бўйича солиқ органига ҳар бир ёлланма ходим учун карточкаларни топшириш лозим.
Солиқчилар хабарнома қабул қилинган кунда ходимни ҳисобга қўйиш карточкасини бекор қилади. Шундан сўнг ҳисобга қўйиш карточкалари солиқ органларига топширилган ходимлар учун ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатиб турилади.
Buxgalter.uz тавсия қилади
- Якка тартибдаги тадбиркор солиқ солиш тизимини қандай ўзгартириши мумкин
- Якка тартибдаги тадбиркор айланма маблағларни қандай тўлдириши керак
- ЖШДС солиш объекти ва унинг солиқ базасини қандай аниқлаш мумкин
- ШЖБПҲга бадалларни қандай ҳисоблаш ва тўлаш керак
- Айрим тоифадаги жисмоний шахслар ижтимоий солиқни қандай тўлашлари керак