Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Хитойлик компания томонидан транспорт хизматлари кўрсатилганида солиқ оқибатлари
Корхона товарларни импорт қилади. БЮДнинг 20-сатрида FOB деб ёзилган. Товаримизни етказиб бериш учун хитойлик транспорт компанияси билан шартнома тузганмиз, бу компания ўз транспортида етказиб берган. Компания Хитойнинг солиқ резиденти эканлигини тасдиқловчи сертификатни ўз вақтида тақдим этган.
Товарларни етказиб бериш учун тўлаб берган транспорт харажатларимизнинг солиқ оқибати қандай?
Сизнинг вазиятингизда хитойлик компанияга товарларни етказиб бериш учун тўлаб берган транспорт харажатларингизнинг Ўзбекистон Республикасида солиқ оқибатлари бўлмайди.
Inkoterms 2010 етказиб бериш шартларига кўра FOB (freeon board) товарлар экспортини расмийлаштириш ва сув транспортигача етказиб, юклаб ортиш сотувчининг зиммасида эканлигини билдиради. Сув транспортининг фрахти ва қолган транспорт ва божхона харажатлари эса харидорнинг бўйнига тушади.
ҚҚС
Реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма ҚҚС бўйича солиқ солиш объектидир . ҚҚС солиш мақсадида хизматларни реализация қилиш жойи СК 241-моддасига мувофиқ аниқланади.
Чет эллик шахслар томонидан кўрсатиладиган ташиш ва (ёки) транспортда ташиш бўйича хизматлар, агар жўнатиш пункти ва белгиланган пункт Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган бўлса, Ўзбекистон ушбу хизматларни реализация қилиш жойи ҳисобланади . Агарда бундай хизматлар ушбу мезонга мувофиқ бўлмаса, уларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этилмайди.
Сизнинг вазиятингизда хитойлик компания товарни Ўзбекистоннинг ичидаги бир жойдан иккинчи жойга етказмаган, товар чет давлатдан кириб келган. Шундай экан, хитойлик транспорт компанияси товарларингизни етказиб беришида Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи эмас, ҚҚС бўйича солиқ оқибатлари вужудга келмайди.
Норезидентнинг даромадларидан олинадиган солиқ
Норезидентга халқаро ташиш, шу жумладан юкларни юклаш, қайта юклаш, тушириш ва жойлаш учун ташиш шартномаси шартларида назарда тутилган тўлов бўйича хизматлар учун тўланган даромадлар солиқ агентида норезидентнинг даромадларидан олинадиган солиққа тортилади. Халқаро ташиш деганда йўловчиларни, юкларни, товарларни, шу жумладан почтани дарё ёки ҳаво кемалари, автомобиль ёки темир йўл транспорти орқали, давлатлардан бири Ўзбекистон Республикаси бўлган турли давлатларда жойлашган пунктлар ўртасида амалга ошириладиган ҳар қандай ташиш тушунилади .
Демак, ушбу вазиятда хитойлик компания юкларни халқаро ташиш хизматини амалга оширган. Бу хизматлар солиқ агентида солиққа тортилади, солиқ ставкаси 6% .
Хитойлик транспорт компанияси корхонангизга резидентлик сертификатини ўз вақтида тақдим этибди. Шундай экан, корхонангиз солиқ агенти сифатида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси шартларини мустақил равишда қўллашга ҳақли .
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида даромаддан олинадиган солиқлаpнинг икки ёқлама қўлланишининг олдини олиш ҳақида Битим имзоланган (Тошкент, 1996 йил 3 июль). Битимнинг 8-моддасига кўра Хитой резиденти бўлган корхонанинг Халқаро ташишларда кемалар, самолётлар йўл транспорти воситаларидан (яъни автомобиль транспортидан) фойдаланиб олган даромадига фақат Хитойда солиқ солинади. Демак, бунда норезидентнинг даромадига Ўзбекистонда солиқ солинмайди.
Агар юк темир йўл транспортида ташиб келтирилган бўлса, у ҳолда Битимнинг 8-моддаси эмас, балки 21-моддаси шартлари қўлланилади. Ушбу моддага кўра Хитой резиденти бўлган корхона юкларни темир йўл транспортида ташиб келтилса, унинг бу даромадига Хитойда солиқ солинади. Яъни бунда ҳам унинг даромади Ўзбекистонда солиққа тортилмайди.