Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Хизмат сафари харажатларининг қайси меъёрларини солиқ солиш мақсадларида қўллаш керак
«Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва фойда солиғини ҳисоблаш мақсадида хизмат сафари харажатларининг қайси меъёрларини ҳисобга олиш керак?»
Саволга buxgalter.uz илтимосига кўра Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг бухгалтерия ҳисоби ва аудит методологияси бўлими мутахассислари томонидан тушунтириш берилди.
Мутахассиснинг керакли тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
– Солиқ кодексига мувофиқ:
- хизмат сафарлари билан боғлиқ компенсация тўловлари, шу жумладан – йўл харажатлари, турар жой ижараси ва брон қилиш, қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрлар доирасида суткалик харажатлар, қонун ҳужжатларида белгиланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган бошқа тўловлар жисмоний шахсларнинг даромадлари сифатида кўриб чиқилмайди ;
- қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрлардан ортиқ суткалик харажатлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ солинадиган меҳнат ҳақи тарзидаги даромадлар таркибидаги компенсация тўловларига киради ;
- СКда харажатларга ўтказиш учун меъёрлар белгиланган харажатларнинг ушбу меъёрларни қўллаган ҳолда ҳисобланган чегаравий суммадан ошган қисми фойда солиғини ҳисоблашда чегирилмайдиган харажатларга киради .
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва фойда солиғини ҳисоблаш мақсадида хизмат сафари харажатларининг қайси меъёрларини ҳисобга олиш керак? Мамлакат ичидаги хизмат сафарлари мисолида кўриб чиқамиз.
Хизмат сафари харажатларини қоплаш миқдори жамоа шартномаси ёки иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинган локал ҳужжат билан белгиланади. Бунда улар бюджет ташкилотлари учун белгиланган миқдорлардан кам бўлиши мумкин эмас . Бюджет ташкилотлари учун қоплаш миқдорлари Низомда белгиланган.
Иш берувчи ушбу ҳужжатларда хизмат сафари харажатларини қоплаш миқдорини, шу жумладан – тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган ҳолларда ҳам белгилаши мумкин.
Йўл харажатлари
Хизмат сафари жойига бориш ва қайтиш учун амалда тўланган йўл харажатлари, шу жумладан брон қилиш тўловлари, тасдиқловчи ҳужжатлар асосида жисмоний шахс даромади ҳисобланмайди. Агар йўл ҳужжатлари бўлмаса – темир йўл транспорти (темир йўл алоқаси бўлмаган тақдирда шаҳарлараро автобус) билан юриш қийматида, лекин авиачипта қийматининг 30 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда ҳисобланади .
Яъни, ҳужжатлар билан тасдиқланган миқдордаги йўл харажатлари солиққа тортилмайди.
Агар ходим йўл ҳужжатини тақдим этмаса, харажатларни қоплаш меъёри – темир йўл транспорти (темир йўл алоқаси бўлмаган тақдирда шаҳарлараро автобус) билан юриш қийматида, лекин авиачипта қийматининг 30 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда белгиланган. Ҳужжатлар бўлмаган ҳолда солиқ солиш мақсадида йўл харажатларини қоплашнинг солиқ солинмайдиган меъёри айнан шу сумма ҳисобланади.
Яшаш харажатлари
Турар жой ижараси бўйича амалда тўланган тўловлар жисмоний шахс даромади ҳисобланмайди. Агар яшаш учун тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаса – қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрлар доирасида тўлов қилинади .
Яъни, ҳужжатлар билан тасдиқланган миқдордаги яшаш харажатлари солиққа тортилмайди.
Агар тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаса, яшаш харажатларини қоплашнинг солиқ солинмайдиган меъёри қуйидагича ҳисобланади:
- жамоа шартномаси ёки иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинган локал ҳужжат билан белгиланган миқдорлар ;
- агар қоплаш миқдорлари ушбу ҳужжатларда белгиланмаган бўлса – ҳар бир сутка учун БҲМнинг 20 фоизи .
Суткалик харажатлар
Хизмат сафарида бўлган вақт учун тўланадиган, қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрлар доирасидаги суткалик харажатлар жисмоний шахс даромади ҳисобланмайди .
Суткалик харажатларни қоплашнинг солиқ солинмайдиган меъёри қуйидагича:
- жамоа шартномаси ёки иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинган локал ҳужжат билан белгиланган миқдорлар ;
- агар қоплаш миқдорлари ушбу ҳужжатларда белгиланмаган бўлса – БҲМнинг 0,35 қисми .
Мамлакатдан ташқарига хизмат сафарлари бўйича харажатларни қоплаш масаласида маҳаллий хизмат сафарлари учун қўлланиладиган Меҳнат ва Солиқ кодексларининг ўша меъёрлари амал қилади.
Ҳужжатлар бўлмаган ҳолдаги яшаш харажатлари ва суткалик харажатлар қисмида корхонанинг жамоа шартномаси ёки локал ҳужжатида белгиланган миқдордаги хизмат сафари харажатлари солиққа тортилмайди. Корхонада тасдиқланган меъёрлар бўлмаган тақдирда солиқ солиш мақсадида Низомга 1-иловадаги меъёрлар қўлланилади.