Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
2024 йил декабрда қандай дам оламиз
Йил охири – бухгалтерда иш қайнаб кетади: компаниядаги ҳар бир сўмни текшириш, етишмаётган ҳужжатларни тўплаш, яна солиқларни тўлаш ва ҳисоботларни хатосиз топширишни унутмаслик керак... Cизга бу мураккаб даврни соддалаштириш учун декабрдаги иш кунлари ҳақида муҳим маълумотларни тайёрладик.
Ҳаммасига улгуриш учун вақтни олдиндан режалаштиринг!
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни
Байрам санаси 8 декабрь якшанба кунига тўғри келгани учун МК 208-моддаси 2-қисмига асосан 9 декабрь – барча иш режимидагилар учун қўшимча дам олиш куни.
Шундай қилиб, қуйидаги тартибда узлуксиз дам олинади:
- беш кунлик иш ҳафтасида 3 календарь кун – 7 (шанба), 8 (якшанба) ва 9 декабрь (душанба);
- олти кунлик иш ҳафтасида 2 календарь кун – 8 (якшанба) ва 9 декабрь (душанба).
❖
2024 йил декабрь учун бош бухгалтер режаси – 2024 йил декабрда солиқларни тўлаш ва ҳисоботларни топшириш муддатларини билиб олинг
Янги йил байрамлари
Янги йил олди кунлари ва Янги йилда Президентнинг 2023 йил 22 декабрдаги ПФ-213-сон Фармонига мувофиқ дам оламиз:
- 30 декабрь, душанба:
– олти кунлик иш ҳафтаси учун қўшимча дам олиш куни;
– беш кунлик иш ҳафтаси учун бу кун ҳам дам олиш куни, лекин кўчириш билан. Уни олдиндан – 14 декабрь шанба куни ишлаб берадилар.
- 31 декабрь, сешанба, – барча учун қўшимча дам олиш куни.
- 2025 йил 1 январь, чоршанба, – байрам, дам олиш куни.
1 январдан кейин дам олиш қанча давом этиши 2025 йилдаги дам олиш кунлари тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилингандан сўнг маълум бўлади.
Эътибор беринг
Бухгалтер учун ҳаммаси: бепул маслаҳатлар, янгиликлар, мансабдор шахсларнинг жавоблари ва долзарб муаммолар таҳлили – ҳар куни бизнинг Телеграм-каналимизда! Обуна бўлинг!
Декабрдаги иш кунлари ва соатлари
Беш кунлик иш ҳафтаси учун – 20 иш куни, 160 соат.
Олти кунлик 40 соатлик иш ҳафтаси учун – 23 иш куни, 152 соат.
Олти кунлик 36 соатлик иш ҳафтаси учун – 23 иш куни, 137 соат.
Нималарни эслаб қолиш муҳим
7 декабрь (шанба) олти кунлик иш ҳафтаси учун байрам арафаси бўлгани учун иш куни 1 соатга қисқартирилади . Беш кунлик иш ҳафтасида 6 декабрь куни ходимлар тўлиқ ишлайдилар – бу байрам арафаси эмас.
Янги йил олди дам олиш кунлари олдидан иш куни ҳам қисқартирилмайди, чунки бу байрам санаси арафаси эмас.
2024 йил декабрда йиллик меҳнат таътили кунларини ҳисоблашда фақат 8 декабрь (МК бўйича байрам куни сифатида) киритилмайди . Президент Фармони бўйича бериладиган қўшимча дам олиш кунлари таътилда ҳисобга олинади.
Валерия ЛЯНДРЕС тайёрлади