Февраль ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
СКда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ солиш қисмида 2025 йилги ўзгаришлар ҳақида buxgalter.uz илтимосига кўра Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мутахассислари маълумот бердилар:
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
1. Солиқ ставкалари оширилди
2024 йилда амал қилган солиқ ставкалари саноат корхоналари, электр станциялари ва коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари, алкоголсиз ва алкоголли маҳсулотлар (пиво ва вино бундан мустасно) ишлаб чиқарувчилар учун ўртача 10 фоизга индексация қилинди.
Бошқа тармоқлардаги корхоналар учун ставкалар саноат корхоналари ставкаларига тенглаштирилди ва қуйидаги миқдорда белгиланди:
- ер усти сувлари учун 1 куб метрга 700 сўм (345 сўм ўрнига);
- ер ости сувлари учун 850 сўм (415 сўм ўрнига).
Автомобилларни ювиш учун фойдаланиладиган сув учун ставка 1 куб метрга 15 000 сўм (2 700 сўм ўрнига) миқдорида белгиланди.
2. Солиқ ставкаларига коэффициентлар жорий этилди
Агар корхона сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этган ва суғориш учун сув ҳажмини сув ўлчаш асбоблари асосида аниқлайдиган бўлса, солиқ ставкасига 0,5 коэффициентни қўллаган ҳолда солиқ тўлайди.
Бунда:
- бундай технологиялардан бирини жорий этган тақдирда – 0,7 коэффициент қўлланилади;
- сувни тежайдиган технологиялар жорий этилмаган ёки сув ўлчаш асбоблари қўлланилмаган бўлса – 1,1 коэффициент қўлланилади;
- балиқчилик учун сув ҳажми сув ўлчаш асбоблари асосида аниқланган тақдирда 0,7 коэффициент қўлланилади.
Туман (шаҳар) халқ депутатлари кенгашларига солиқ ставкасига 0,7 гача пасайтирувчи ва 1,5 гача оширувчи коэффициент белгилаш ҳуқуқи берилди. Бундан қуйидагилар мустасно:
- электр станциялари ва коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари;
- қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқ етиштириш (ўстириш) учун фойдаланиладиган сув, шу жумладан деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлари бўлган жисмоний шахслар;
- Президент қарори билан рўйхати тасдиқланадиган йирик солиқ тўловчилар.
Эътибор беринг
Барча солиқлар бўйича ҳисоб-китоб мисоллари билан долзарб тушунтиришларни Buxgalter Pro дастурида топишингиз мумкин.