Январь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
2025 йилда ер солиғида нималар ўзгаряпти
2025 йилда жисмоний ва юридик шахслардан ер солиғини ундириш бўйича Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришлар ҳақида buxgalter.uz сўрови бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ ва божхона сиёсати бошқармаси бошлиғи Умид ХАМРОЕВ маълумот берди:
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Юридик шахслар учун:
1.Солиқ ставкалари индексация қилинди
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича 2024 йилги солиқ ставкалари ўртача 10 фоизга индексация қилинди.
2. Пасайтирилган солиқ ставкаси индексация қилинди
2025 йилдан электр узатиш линиялари, умумдавлат алоқа линиялари, умумфойдаланишдаги темир йўллари ва шу каби айрим тоифадаги ерларга нисбатан солиқ ставкаси 0,4 фоиздан 0,45 фоизгача оширилди.
3. Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари эгаллаган ерлар бўйича имтиёз ўзгартирилди
2025 йилдан умумий қуввати қуйидагича бўлган алоҳида жойлашган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари эгаллаган ерлар солиқдан озод қилинади:
- 100 кВтгача бўлган – қурилмалар фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб 3 йил муддатга, панеллар қувватининг камида 25 фоизи миқдорида электр энергиясини тўплаш тизимли қуёш панеллари ўрнатилганда эса – 10 йил муддатга;
- 100 кВт ва ундан юқори – фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб 10 йил муддатга алоҳида турган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари эгаллаган ерлар солиқдан озод қилинади.
Илгари номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан юқори бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларини фойдаланишга топшириш пайтидан бошлаб имтиёз муддати 10 йилни ташкил этарди.
4. Янги барпо этилган боғлар, узумзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар бўйича имтиёз ўзгартирилди
2025 йилдан янги боғлар, узумзорлар ва тутзорлар барпо этилган ерлар (5 йил давомида) солиқ солишга тортилмайдиган ер участкаларига киритилиши ҳақидаги норма бекор қилинди.
Унинг ўрнига янги барпо этилган боғлар, узумзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерларга нисбатан 5 йил муддатга солиқ ставкасини 50 фоизга камайтириш шаклида имтиёз жорий этилди.
Бунда ваколатли орган томонидан иқтисодий самарасиз ва паст ҳосилли деб тан олинганлиги тўғрисида хулоса берилган кундан бошлаб 12 ой ичида янги боғлар ва узумзорлар барпо этилмаган ерлар бўйича солиқ 3 баравар миқдорда тўланади.
5. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириладиган ва сақланадиган, ипак қурти боқиладиган ерларга 0,2 коэффициенти белгиланди
2025 йилдан туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан белгиланган ставкага нисбатан 0,2 коэффициент қуйидагилар учун мўлжалланган бино ва иншоотлар эгаллаган ерларга нисбатан қўлланилади:
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сақлаш;
- ипак қурти боқиш (ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиладиган ва имтиёзлар тадбиқ этиладиган ер участкаларида жойлашган объектлар бундан мустасно).
Ушбу норма 2024 йил 1 январдан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам тадбиқ этилади.
6. Шаҳар ва посёлкалардаги қишлоқ хўжалиги ерлари бўйича оширилган ставка бекор қилинди
Шаҳар ва посёлкаларнинг маъмурий чегараларида жойлашган қишлоқ хўжалиги ерлари учун қишлоқ хўжалиги ерларига белгиланган солиқ ставкаларининг 2 баравар миқдорида солиқ тўланиши ҳақидаги норма чиқариб ташланди.
Бу истисно 2024 йил 1 январдан юзага келган муносабатларга ҳам тадбиқ этилади.
Жисмоний шахслар учун:
1. Солиқ ставкалари индексация қилинди
2024 йилда амалда бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича солиқ ставкалари ўртача 10 фоизга индексация қилинди.
Бунда турар-жой фонди кўчмас мулк объектлари эгаллаган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларига эга жисмоний шахсларга нисбатан ўтган йилга нисбатан солиқ ўсишидаги чеклов сақланиб қолади.
2025 йилда солиқ 2024 йилда ҳисобланган солиқ суммасидан 1,3 баравардан кўп бўлмаслиги керак.
2. Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари эгаллаган ерлар бўйича имтиёз ўзгартирилди
2025 йилдан турар-жой хоналарида энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узилган ҳолда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахсларни солиқдан озод қилиш бўйича имтиёз бекор қилинди.
Унинг ўрнига турар-жой фонди кўчмас мулк объектларида умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар учун солиқ суммаси 2 БҲМдан ортиқ бўлмаган суммага камайтирилиши ҳақидаги норма жорий этилди.
Имтиёз умумий қуввати 1 кВтдан юқори бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари эгаллаган ерларга нисбатан қуйидаги муддатларда қўлланилади:
- қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб 3 йил;
- панеллар қувватининг камида 25 фоизи миқдорида электр энергиясини тўплаш тизимли қуёш панеллари фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб 10 йил.
Имтиёздан жисмоний шахс томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида электр таъминоти ташкилоти томонидан берилган маълумотнома асосида турар-жой фонди кўчмас мулк объекти эгаллаган битта участка учун фақат бир марта фойдаланиш мумкин.
Эътибор беринг
Барча солиқлар бўйича ҳисоб-китоб мисоллари билан долзарб тушунтиришларни Buxgalter Proда топасиз.