Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаш ва ҳисобга олиш тартиби

29.12.2025
author avatar

Олег ЦОЙ

«Норма» эксперти

Тавсияда:      

– ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш;
– ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини ҳисоблаш;           
– ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаш;
– ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг бухгалтерия ҳисобини юритиш; 
– ҳомиладорлик ва туғиш нафақасига солиқ солиш.

 

Маълумот учун

2026 йил 1 январдан бошлаб:

  •  ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси проактив шаклда Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси орқали тайинланади ва тўланади  ;
  • ЖШДС солиқ ставкасининг 0,2 фоиз банди Давлат ижтимоий суғурта жамғармасига суғурта бадали сифатида йўналтирилади. Бунда ЖШДСдан суғурта бадали ушланмайди :

– мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган йиллик даромад тўғрисидаги декларацияга асосан;
– тўлов манбаида ушлаб қолинган дивиденд ва фоизлар кўринишидаги даромадлардан.

Эътибор беринг

Тавсияга 2025 йил 14 февралдан кучга кирган 13.02.2025 йилдаги ЎРҚ-1030-сон Қонунга асосан ўзгартиришлар киритилди.

Ходима ҳомиладорлик ва туғиш таътилини олиш ҳуқуқига эга, у ижтимоий таътиллар жумласига киради .

Таътил муддати – туғруққача 70 календарь кун ҳамда туғруқдан кейин 56 (туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилган тақдирда – 70) календарь кун. Таътилни аёлга туғруққача ҳақиқатда фойдаланилган кунлар сонидан қатъи назар, тўлиқ беринг .

Аёл туғишдан олдинги ва туғишдан кейинги таътилда бўлган вақтида унга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўланг . Нафақани махсус Низомга мувофиқ тайинланг ва тўланг.

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси қандай тайинланади

Қуйидаги нафақаларни тайинлаш учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асос бўлади :

  • ҳомиладорлик ва туғиш бўйича;
  • янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган (суднинг ҳал қилув қарори ва ҳокимнинг васий ёки ҳомий тайинлаш тўғрисидаги қарори бўйича) ходимга бериладиган.

Ходимга нафақани, агар уни олиш ҳуқуқи меҳнатга оид муносабатларда бўлган даврда, шу жумладан синов даврида ҳамда ишдан бўшатилган кунда пайдо бўлса, тўланг .

Агар таътил кунлари ходимнинг ишдан ноқонуний бўшатилгани тўғрисида низо кўриб чиқилаётган даврга тўғри келса, у ишга тикланган ёки суд томонидан меҳнат шартномаси қонунга хилоф равишда бекор қилинганлиги бўйича қарор қабул қилинган тақдирда барча давр учун нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлади  .

Эътибор беринг

Олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим ташкилотларини, магистратура, таянч докторантура, клиник ординатура, докторантурани тамомлаган ва ишга юборилган ходимларга нафақани ишни бошлагунга қадар берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида меҳнат шартномасига кўра ишга келиши лозим бўлган кундан бошлаб тўланг .                                                                                    

Иш ҳақи сақланмаган ҳолда иши вақтинчалик тўхтатилган ёки ишдан (лавозимдан) четлаштириш оқибатида таътил берилганда, нафақани ушбу давр тугагандан кейин ходим ишга чиқиши лозим бўлган кундан бошлаб беринг. 

Агар ходим йиллик таътилда ёки болани парваришлаш учун таътилда бўлган вақтда таътил берилса, таътилнинг меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча кунлари учун нафақа беринг.

Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ҳомиладорликнинг 30-ҳафтасидан бошлаб амбулатор поликлиникаларнинг акушер-гинекологи (умумий амалиёт шифокори) томонидан даволаш-профилактика муассасаси бош шифокори ўринбосари билан биргаликда 126 календарь кунга берилади.

Туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда туғруқхона муассасаси ушбу таътилни узайтириш учун яна 14 календарь кунга варақа беради.

Варақаларни беришнинг бошқа қоидалари Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 3-бобида белгиланган.

Эътибор беринг

2024 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномалар фақат электрон шаклда берилади. Шу муносабат билан бу ҳужжатларни қоғоз шаклида талаб қилиш тақиқланади .

Тиббиёт муассасаси томонидан берилган электрон меҳнатга лаёқатсизлик варақаси Ягона миллий меҳнат тизимида (ЯММТ) ходимнинг шахсий саҳифасидаги – «Касаллик варақаси» бўлимида акс этади. Зарур бўлганда уни юклаб олиш ва қоғозга чиқариш мумкин. Ходимнинг ўзи касаллик варақаси мавжудлигини (очилгани ва ёпилганини) Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) текшириши мумкин.

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини нафақа тайинлаш комиссияси ёки ташкилот раҳбари томонидан бунга вакил қилинган ходим вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари каби тайинлайди . Бу ҳақда батафсил тавсияда ўқинг.

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси қандай ҳисобланади

Нафақани туғруққача ҳақиқатда фойдаланилган кунлар сонидан қатъи назар, меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган бутун давр учун жамланган ҳолда ҳисобланг ва тўланг  .

Қуйидаги меҳнат стажига эга бўлган ходимларга нафақа миқдори :

  • ишга қабул қилинган кундан 12 ойгача – ўртача ойлик иш ҳақининг 75%и;
  • ишга қабул қилинган кундан 12 ойдан ортиқ – ўртача ойлик иш ҳақининг 100%и.

Ўртача иш ҳақини Меҳнат кодексининг 257-моддасига ва Низомнинг 4-бобига мувофиқ ҳисобланг.

Нафақани қуйидаги формулалар бўйича ҳисобланг:

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси (янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга нафақа) = Ўртача кунлик иш ҳақи х 6 кунлик иш ҳафтаси* ҳисобидан таътил даврида ўтказиб юборилган иш кунлари сони х Нафақа фоизи;

Ўртача кунлик иш ҳақи = Ўртача ойлик иш ҳақи : 25,3* (МК 257-моддаси 10-қисмига мувофиқ иш кунларининг ўртача ойлик сони).

* 25,3 рақами 6 кунлик иш ҳафтасидан келиб чиқиб ҳисобланганлиги боис таътил даврида ўтказиб юборилган иш кунлари сони ҳам шундай ҳафта ҳисобидан келиб чиқиб аниқланади.

Мисол
Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси қандай ҳисобланади

Ходимага 1 июлдан 126 календарь кунга ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилган. Бу даврга
6 кунлик иш ҳафтасида 104 иш куни тўғри келади.

Ходима ташкилотда ўтган йилнинг 1 августидан 11 тўлиқ ой ишлайди.

Унинг маоши – 4 000 000 сўм (иш бошлангандан буён ўзгармаган).

Ўтган йил 1 августдан жорий йил 30 июнгача ҳисоб-китоб даври учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги бошқа даромадлар – 5 500 000 сўм.

Ўртача ойлик иш ҳақи:

(4 000 000 х 11 + 5 500 000) : 11 = 4 500 000 сўм.

Ўртача кунлик иш ҳақи:         

4 500 000 : 25,3 = 177 865,61 сўм.

Ходиманинг меҳнат стажи 12 ойдан кам бўлганлиги сабабли унга ўртача ойлик иш ҳақининг 75%и миқдорида нафақа тўланиши лозим.

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси:

177 865,61 х 104 х 75% = 13 873 517,58 сўм.

Нафақа қуйидагиларнинг маблағлари ҳисобидан тўланади:

  • Ижтимоий суғурта жамғармасининг 2 676 000 сўмга (669 000 х 4) тенг 4 МИХ миқдорида;
  • ташкилотнинг 11 197 517,58 сўм (13 873 517,58 – 2 676 000) миқдорида.

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси қандай тўланади

Нафақа тўлаш муддатларини жамоа шартномасида ёки ички ҳужжатда, агар улар мавжуд бўлмаса – меҳнат шартномасида белгиланг. Бунда улар меҳнатга лаёқатсизлик варақаси тақдим этилган кундан бошлаб 16 календарь кундан ошмаслиги керак (иш ҳақи ойига 1 марта тўланадиган ходимлар бундан мустасно) .

Нафақа ходималарга тўланади :

  • бюджет ташкилотлари томонидан – бюджет маблағлари ҳисобидан;
  • бошқа ташкилотлар томонидан – ўз маблағлари ҳисобидан.

Агар барча юридик шахсларда (бюджет ташкилотларидан ташқари) ва якка тартибдаги тадбиркорларда ишловчи ходиманинг меҳнат шартномаси асосидаги узлуксиз иш стажи камида 6 ой бўлса, Ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан 4 МИХ миқдорида нафақа тўланади  .

Нафақа тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги қарор «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида автоматик равишда қабул қилинади:

  • фуқаролардан қўшимча ҳужжатларни талаб қилмасдан;
  • Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот тизими орқали келиб тушган вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида. Варақани ходимнинг яшаш жойидаги оилавий поликлиника (қишлоқ врачлик пункти) очади ва ахборот тизимига киритади.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳақидаги ахборот солиқ органларининг маълумотлар базасида, иш стажи тўғрисидаги маълумотлар эса ЯММТда акс эттирилган бўлса, нафақа тайинланади.       

Нафақа тўғридан-тўғри ходиманинг банкдаги ҳисобрақамига (пластик картасига) ёки яшаш жойидаги «Халқ банки» бўлинмалари орқали нақд пулда тўланади.

Иш берувчи нафақа тайинлангани ва тўлангани тўғрисида солиқ тўловчининг шахсий кабинети ва ЯММТ орқали хабардор қилинади.

Меҳнатга лаёқатсизлик варақасини олгач, корхона ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини ҳисоблайди. Агар унинг суммаси:

  • 4 МИХдан кўп бўлса – ташкилот фарқни ўз ҳисобидан ходимага тўлайди;
  • 4 МИХга тенг ёки ундан кам бўлса – ташкилот нафақа тўламайди.
Эътибор беринг

Нафақа ўриндошлик (шу жумладан ички ўриндошлик) асосидаги иш жойи бўйича алоҳида
тўланади .

Алоҳида ҳолларда нафақа тўлашнинг бошқа жиҳатлари Низомнинг 4-бобида акс эттирилган.

Вазият
Ходимага бир давр учун ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳамда иш ҳақи тўланди

Ходима ўзбошимчалик билан ҳомиладорлик ва туғиш таътилини тўхтатди. У эътиборсизлик туфайли ишга қўйилди ва унга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бўйича ҳақ тўланган давр учун яна иш ҳақи тўланди.

Ходимадан ортиқча тўланган суммани ушлаб қолиш мумкинми?

– Бу вазиятда бундай қилишни тавсия этмаймиз, чунки ортиқча тўланган суммалар фақат муайян ҳолларда, ортиқча тўлов қуйидагилар туфайли тўланганда ундирилиши мумкин  :  

  • санашда (арифметик) адашиш;
  •  ходимнинг қалбаки маълумотнома тақдим қилиши;
  • ходимнинг суд томонидан белгиланган ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги);
  • меҳнат низоларини кўриб чиқувчи орган томонидан ходимнинг меҳнат нормаларини бажармаганликдаги айби эътироф этилган бўлса (агар иш ҳақи ҳақида сўз бораётган бўлса).

Кўриб чиқилаётган вазиятда бундай асослар мавжуд эмас:

  • ортиқча тўлов ҳисоблашдаги хатолик билан боғлиқ эмас;
  • ходима томонидан ҳеч қандай ёлғон маълумотлар ёки қалбакилаштириш бўлмаган;
  • ишга қўйиш иш берувчининг ташаббуси ёки рухсати билан амалга оширилган;
  • иш ҳақи ва нафақаларни ҳисоблаш – иш берувчининг онгли ва ҳужжат билан тасдиқланган ҳаракати.

Тегишинча, ортиқча тўланган суммани ходимадан ушлаб қолиш қонунчиликка зид.

Вазиятни ҳал қилиш учун:

1) ҳуқуқбузарлик фактини тан олинг ва хизмат хатини (далолатномани) расмийлаштиринг (далолатнома);

2) қоидабузарликни тўхтатинг – ходиманинг меҳнатга лаёқатсизлик даври тугагунга қадар меҳнатга жалб этилишини истисно этиб (агар касаллик варақаси ҳали ёпилмаган бўлса), ҳомиладорлик ва туғиш таътили режимига риоя этилишини таъминланг;

3) ходимадан иш ҳақини ҳам, нафақани ҳам ушлаб қолманг – бу қонунбузарлик бўлади;

4) бўлинма раҳбарлари ва кадрлар хизмати ходимлари ўртасида ходимнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлиги даврида ишга қўйилишига йўл қўйилмаслиги тўғрисида тушунтириш ишларини олиб боринг.

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади 

Ўз маблағлари ҳисобидан тўланадиган нафақани қуйидагиларга киритинг:

  • бошқа ишлаб чиқариш харажатларига – ишлаб чиқариш жараёнида иштирок этувчи ходимлар бўйича ;
  • ташкилотнинг бошқа операцион харажатларига (9430-счёт) – бошқа ходимлар бўйича .

Бугалтерия  ўтказмалари:

 

Хўжалик операцияcи
мазмуни

Счётлар корреспонденцияси 

дебет

кредит

Ўз маблағлари ҳисобидан тўланадиган нафақа ҳисобланди

Харажатларни ҳисобга олувчи счётлар

6710

ЖШДС ушлаб қолинди (зарур бўлганда)

6710

6410

ШЖБПҲга бадаллар ушлаб қолинди (зарур бўлганда)

6410

6530*

Ижтимоий солиқ ҳисобланди (зарур бўлганда)

Харажатларни ҳисобга олувчи счётлар

6410

6520

Нафақа ташкилот кассасидан тўланди

6710

5010

Нафақа пластик картага (банкдаги ҳисобрақамга) ўтказилди

6710

5110

*6530-«ШЖБПҲга бадаллар» счётини ҳисобварақлар ишчи режасига киритиш тавсия этилади. 

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланганда юзага келадиган солиқ оқибатлари

Қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда тўланадиган нафақа:

  • ЖШДСни ҳисоблашда жами даромадга киритилмайди, демак, унга ижтимоий солиқ солинмайди  ;
  • фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташланади .

Қонун ҳужжатларида белгиланган миқдордан ортиқ нафақа суммаси:

  • ишлаб берилмаган вақт учун тўлов (меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар) ҳисобланади, демак, унга ЖШДС ва ижтимоий солиқ солинади ;
  • агар ташкилот бундай тўловнинг иқтисодий жиҳатдан асосланганлигини исботласа, фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташланади .
Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, бу Сизнинг мустақил қарор қабул қилишингиз учун асос бўлади.

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг