Май ойида ҳар бир бухгалтерга асқотади:
Жисмоний шахсларга электромобилларни зарядлаш харажатларининг бир қисми қопланадими?
2026 йил 1 майдан 2030 йил 31 декабрга қадар жисмоний шахслар томонидан электромобилларни қувватлантириш станцияларида истеъмол қилинган 1 кВт/соат электр энергияси қийматининг 300 сўмдан ортиқ қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланиши мумкин.
«Электромобилларни зарядлаш инфратузилмасини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги НҲҲ лойиҳаси 17 майга қадар ҚҲТБТда муҳокама қилинади. Тафсилотлар – buxgalter.uz шарҳида:
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Эътибор беринг
Материаллардан нусха кўчириш ва улардан фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола ёки таҳририятнинг ёзма рухсати мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.
Лойиҳага кўра:
- электромобилларни қувватлантириш учун зарядлаш станцияларидан фойдаланувчи жисмоний шахсларга субсидиялар ажратилади;
- субсидия миқдори электромобиллар учун зарядлаш станцияларига сотиладиган 1 кВт/соат электр энергиясининг белгиланган нархи ва 300 сўм ўртасидаги фарқдан келиб чиқиб ҳисобланади;
- субсидия тўловлари жисмоний шахсларнинг жами даромадига киритилмайди;
- субсидиялар солиқ органлари томонидан фуқароларнинг банк карталарига ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-санасига қадар «Солиқ» мобил иловаси орқали ўтказиб берилади.
Бир вақтнинг ўзида қуйидагилар режалаштирилмоқда:
- қувватлантириш станциялари фаолиятини кузатиш ва бошқариш учун ягона рақамли платформани (EV-Power) жорий этиш (платформанинг синов версиясини ишга тушириш – 2026 йил 1 августгача, оператор – «Ўзинфоком»);
- хўжалик юритувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш орқали инфратузилмани ривожлантиришга хусусий инвестицияларни кенг жалб этиш.
Шаҳар марказлари ва республиканинг бошқа ҳудудларида энергия тизимига бир вақтнинг ўзида катта юклама тушмаслиги учун тез зарядлаш станциялари бир-бирига бевосита яқин жойлаштирилмайди.
Республика ҳудудларига олиб борувчи халқаро ва давлат автомагистраллари бўйидаги ёқилғи қуйиш шохобчалари, газ-компрессор станциялари ва инфратузилма объектларида тез зарядлаш шохобчалари сони ҳудуд электр тармоғидаги юкламани ҳисобга олган ҳолда ҳар 20 км масофада жойлаштирилади. Бунда терминаллар сони 5 тагача етиши мумкин.
Амалдаги станцияларда ўлчашларнинг ишончлилиги ва аниқлигини ошириш учун республикадаги электромобилларни зарядлаш станцияларининг барча турлари аккредитациядан ўтган метрологик хизматлар томонидан белгиланган тартибга мувофиқ 2 йилда бир марта метрологик текширувдан ўтказилиши шарт.
Лойиҳа эксплуатацияда бўлган, аммо метрологик текширувдан ўтмаган ёки текширув муддати тугаган станциялардан фойдаланишни тақиқлайди.
Ушбу лойиҳа бўйича ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларингизни 17 майга қадар ҳавола орқали қолдиришингиз мумкин > > >
Эслатиб ўтамиз
2028 йил 1 январгача электромобилларни зарядлаш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорларга қуйидаги имтиёзлар берилди
:
– мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича – зарядлаш станциялари ва улар эгаллаган ер участкалари учун ушбу солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдорида солиқ тўланади;
– фойда солиғи бўйича – зарядлаш хизматларини кўрсатишдан олинган даромадлар бўйича солиқ тўлашдан озод этиш, башарти бу даромадлар ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 50 фоизини ташкил этса;
– айланмадан олинадиган солиқ бўйича – қувватлаш хизматларидан олинган даромад солиқ базасидан чегириб ташланади.
Buxgalter.uz тавсия этади
![]()