Хавфли чиқиндилар бўйича кимлар ҳисобот топшириши керак

preview

2026 йил 1 октябрдан бошлаб фаолиятида I–IV хавфлилик синфига мансуб чиқиндилар ҳосил бўладиган корхоналар статистика ҳисоботини шакллантириши шарт. Ушбу ва бошқа мажбуриятлар Президентнинг 03.08.2026 йилдаги ПҚ-289-сон қарорида белгиланган.

Батафсил buxgalter.uz шарҳида.

Янги НҲҲ шарҳларини Телеграм-каналимизда кузатиб бориш қулай.

Эътибор беринг

Материаллардан нусха кўчириш ва фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола мавжуд бўлганда ёки таҳририятнинг ёзма рухсати билан йўл қўйилади.

 

Хавфли чиқиндилар билан муомалада бўлиш бўйича янги талаблар кимларга тааллуқли

Президентнинг ПҚ-289-сон қарорининг амал қилиши I–IV хавфлилик синфига (Чиқиндиларнинг тасниф каталогига мувофиқ) мансуб чиқиндилар (кейинги ўринларда – хавфли чиқиндилар) билан муомалада бўлишга татбиқ этилади ва қуйидагиларга тааллуқлидир:

  • фаолияти давомида радиоактив ва кимёвий хавфли чиқиндилар ҳосил бўладиган юридик шахслар (хавфли чиқиндилар эгалари). Хусусан, булар тоғ-кон, металлургия ва кимё саноати, нефть-газ ва электр энергетикаси соҳаларидаги корхоналар, шунингдек хавфли чиқиндилар ҳосил бўладиган бошқа ишлаб чиқариш корхоналари;
  • ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, қонунчиликка мувофиқ хавфли чиқиндиларни мустақил равишда қайта ишлаш, зарарсизлантириш, утилизация қилиш ёки кўмишга рухсат берилган бошқа ташкилотлар – уларда тегишли ваколатлар, инфратузилма ва экологик экспертизанинг ижобий хулосаси мавжуд бўлган тақдирда;
  • ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, фақат ушбу фаолият турлари билан шуғулланувчи ихтисослашган компаниялар.

 

Корхоналарга қўйиладиган талаблар

2027 йил 1 январдан бошлаб хавфли чиқиндиларни ҳосил қилувчи ташкилотлар бундай чиқиндиларни бошқариш бўйича йиллик режаларни ишлаб чиқиши ва уларни Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги билан келишиши шарт.

Бундай режада корхона ҳосил бўладиган хавфли чиқиндилар ҳажмини қандай камайтиришини, уларни қайта ишлаш ва хавфсиз жойлаштириш улушини оширишни, чиқиндиларни кўмиш учун фақат ихтисослашган ташкилотларга топшириш масалаларини ҳамда хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича ечим ва технологияларни жорий этишни белгилаши лозим.

Қарорда маълумотларни йиғишнинг қуйидаги тартиби белгиланмоқда:

  • 2026 йил 1 октябрдан бошлаб фаолиятида хавфли чиқиндилар ҳосил бўладиган ташкилотлар йил якунлари бўйича статистика ҳисоботларини шакллантириши ва уларни Агентликнинг ҳудудий бошқармаларига тақдим этиши шарт;
  • тадбиркорлик субъектлари хавфли чиқиндиларнинг ҳажми ва уларнинг кейинги ҳаракати тўғрисидаги маълумотларни белгиланган тартибда Ягона ҳисоботлар тизими орқали киритадилар;
  • хавфли чиқиндиларни ҳосил қилувчи ташкилотлар ҳар чоракда (ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 20-санасига қадар) ҳосил бўлган чиқиндилар ҳажми ва уларнинг кейинги ҳаракати тўғрисидаги маълумотларни Агентликнинг ахборот тизимига киритиб боришлари шарт.

Йиллик режаларда назарда тутилган кўрсаткичларнинг бажарилиши устидан назорат Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, хавфли чиқиндиларни ҳосил қилувчи ташкилотларнинг (хавфли чиқиндилар эгаси бўлган юридик шахсларнинг) хавфли чиқиндилар билан боғлиқ инвестиция лойиҳалари (таркибида қимматбаҳо, рангли, ноёб, қора металлар ва саноат учун муҳим минераллар мавжуд бўлган чиқиндилар бундан мустасно) Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда амалга оширилиши, бунда Агентлик давлат иштирокчиси ҳисобланиши белгиланди.

 

Президент қарори 2026 йил 4 августдан эътиборан кучга киради.

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text216596_havfli_chiqindilar_buyicha_kimlar_hisobot_topshirishi_kerak