Огоҳлантиришсиз солиқ аудити: нима қилиш керак

preview

Тошкентдаги корхона 2023–2025 йиллар учун солиқ аудити ўтказилиши тўғрисида буйруқ олди. Аудит буйруқ чиқарилгандан 3 кун ўтиб тайинланган. Буйруқда кўрсатилган ягона асос солиқ хавфини баҳолаш тизими бўйича юқори хавф даражасидир.

Buxgalter.uz илтимосига биноан Наталья ТУРАЛИНОВА, аудитор, «Аркад Аудит» аутсорсинг компанияси раҳбари бунга нима учун йўл қўйиб бўлмаслигини ва бундай вазиятда солиқ тўловчи нима қилиши кераклигини тушунтириб беради:

Янги материалларни Телеграм-каналимизда кузатиб бориш қулай.

Эътибор беринг

Материаллардан нусха кўчириш ва фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола мавжуд бўлганда ёки таҳририятнинг ёзма рухсати билан йўл қўйилади.

 

30 кунлик огоҳлантириш мажбурийдир

Солиқ аудити тўғрисида солиқ тўловчи 30 календарь кун олдин огоҳлантирилиши шарт . Бу шунчаки расмиятчилик эмас: ушбу муддат ҳужжатларни тўплаш, вакилни жалб қилиш ва аудит дастури билан танишиш учун зарур.

Огоҳлантиришсиз аудит ўтказишга фақат алоҳида ҳолларда ва бир вақтнинг ўзида иккита шартга риоя этилганда йўл қўйилади : солиқ тўлашдан бўйин товлаш аломатлари мавжудлиги ва Солиқ қўмитаси билан келишилганлиги.

SRM бўйича юқори хавф баллининг ўзи бўйин товлаш аломати ҳисобланмайди.

 

Солиқ қўмитасининг келишуви тақдим этилмаган

СК 140-моддаси 5-қисмида аниқ белгиланган: огоҳлантиришсиз аудит фақат Солиқ қўмитаси билан келишилган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Солиқ тўловчи ушбу ҳужжатни талаб қилишга ҳақли. Мазкур ҳолатда у тақдим этилмаган ва буйруқда унга ҳавола мавжуд эмас.

 

Бундай аудит якунлари бўйича қабул қилинган ҳар қандай қарор бекор қилиниши мумкин

Солиқ аудитини тайинлаш ва ўтказиш тартибининг бузилиши аниқ оқибатларга олиб келади :

  • 3-қисм: мансабдор шахслар томонидан Солиқ кодекси талабларига риоя этмаслик юқори турувчи орган ёки суд томонидан қарорнинг бекор қилинишига сабаб бўлиши мумкин;
  • 4-қисм: агар солиқ тўловчига текширув материалларини кўриб чиқишда иштирок этиш ва тушунтиришлар бериш имконияти таъминланмаган бўлса, солиқларни қўшиб ҳисоблаш ва жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор бекор қилиниши лозим;
  • 5-қисм: бошқа тартиб-таомилга оид ҳуқуқбузарликлар ҳам, агар улар қарор қабул қилинишига таъсир этган ёки таъсир этиши мумкин бўлса, бекор қилиш учун асос бўлади.

 

Мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги

МЖтК 241-2-моддаси текширувлар ўтказиш тартибини бузганлик ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қонунга хилоф равишда текшириш ташаббуси билан чиққанлик учун мансабдор шахсларга БҲМнинг 40 бараваридан 80 бараваригача миқдорда жарима солиш тарзидаги жавобгарликни назарда тутади.

Жиноят кодексининг 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисмига кўра қуйидаги жазо чоралари белгиланган: БҲМнинг 150 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 2 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

«Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддасида солиқ назоратини амалга ошириш чоғида солиқ хизмати мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари билан етказилган зарарлар қонунда белгиланган тартибда қопланиши мустаҳкамлаб қўйилган.

 

Солиқ тўловчи нима қилиши керак

Аудитни тайинлаш тўғрисидаги буйруқ норматив хусусиятга эга бўлмаган ҳужжат ҳисобланади. У муайян корхонага қаратилган бўлиб, аудит тугашини кутмасдан, мустақил равишда унинг устидан шикоят қилиниши мумкин .

Авваламбор, солиқ органига Солиқ қўмитасининг келишувини тақдим этиш ва аудитнинг 30 кунлик огоҳлантиришсиз бошланишига асос бўлган солиқ тўлашдан бўйин товлашнинг аниқ аломатларини кўрсатиш тўғрисида ёзма талабнома юбориш лозим .

Шу билан бир вақтда, аудитни тайинлаш тартиби бузилганлиги юзасидан Солиқ қўмитасига шикоят бериш тавсия этилади .

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга (бизнес-омбудсманга) мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир. Текширувлар ўтказиш тартибини бузиш МЖтК 241-2-моддасига мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Омбудсман айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш ташаббуси билан чиқишга ҳақли. Унинг талабларини бажармаслик БҲМнинг 3 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади .

 

 

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text216602_ogohlantirishsiz_soliq_auditi_nima_qilish_kerak