Бухгалтерлар учун батафсил тушунтиришлар:
Нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) учун бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботни шакллантиришнинг соддалаштирилган тартибини белгиловчи 77-сонли МҲМС тасдиқланди (04.08.2026 й. АВ рўйхат рақами 3917-сон). Стандарт 2028 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
Янги стандарт ННТларнинг ҳисоб сиёсати, ҳисобварақлар режаси ва бухгалтерия ҳисоби регистрларига қандай талабларни қўйиши ҳақида – buxgalter.uz шарҳида ўқинг:
Янги НҲҲлар шарҳларини Телеграм-каналимизда кузатиб бориш қулай.
Эътибор беринг
Материаллардан нусха кўчириш ва фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола мавжуд бўлганда ёки таҳририятнинг ёзма рухсати билан йўл қўйилади.
Ушбу Стандарт талаблари ННТларнинг юридик шахс мақомига эга бўлган ваколатхоналари ва филиаллари, шунингдек бош ташкилоти Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган халқаро ва хорижий нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиалларига (кейинги ўринларда — алоҳида бўлинмалар) нисбатан татбиқ этилади.
Стандарт барча ННТлар учун мажбурийдир. Агар ташкилот (устав доирасида) тадбиркорлик фаолиятини амалга оширса, у бўйича даромадлар ва харажатлар ҳисоби алоҳида-алоҳида юритилади, олинган фойда эса фақат уставда белгиланган мақсадларга йўналтирилади.
Ишчи ҳисобварақлар режаси ва ҳисоб сиёсати
ННТлар ўз фаолиятининг эҳтиёжлари ва хусусиятларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси молиявий ҳисоботнинг миллий стандарти (2-сонли МҲМС) «Молиявий ҳисоботларни тайёрлаш асослари: ҳисоб сиёсати ва ҳисоб баҳолари»
асосида ўз ҳисоб сиёсатини тасдиқлайдилар ва мақсадли тушумларнинг (аъзолик бадаллари, грантлар, субсидиялар, хайр-эҳсонлар ва ҳ.к.) хусусиятларини инобатга олган ҳолда ишчи ҳисобварақлар режасини шакллантирадилар.
Ҳисоб сиёсати қуйидаги муҳим жиҳатларни ўз ичига олиши керак:
- бухгалтерия ҳисобининг ишчи ҳисобварақлар режаси;
- бошланғич ҳисоб ҳужжатларининг шакллари;
- бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар айланиши талаблари;
- нотижорат фаолият учун фойдаланиладиган активларнинг ҳисоби;
- мақсадли тушумларнинг ҳисоби, уларни тан олиш ва улардан фойдаланиш;
- харажатларни тақсимлаш;
- инвентаризация ўтказиш;
- молиявий ҳисоботни тақдим этиш.
Ҳисоб сиёсати ННТ юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган кун бошлаб қўлланилади. Ягона ҳисоб сиёсати ННТ ва унинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган алоҳида бўлинмалари учун ҳам қўлланилади.
Бухгалтерия ҳисобининг ишчи ҳисобварақлар режаси ННТнинг молиялаштириш манбалари, нотижорат фаолияти, тадбиркорлик фаолияти, активлари, мажбуриятлари, даромадлари ва харажатларини алоҳида-алоҳида ҳисобга олиш учун зарур бўлган ҳисобварақларни ўз ичига олиши лозим.
Бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот
Амалга оширилган бухгалтерия операциялари хронологик тартибда «Бухгалтерия операцияларини қайд этиш журналида» (77-сонли МҲМСга 1-илова) рўйхатга олинади. Зарурат бўлганда журнал янги устунлар билан тўлдирилиши мумкин.
Аналитик ва синтетик ҳисоб «Бухгалтерия операцияларини ҳисобга олиш китоби» регистри (77-сонли МҲМСга 2-илова) асосида бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлари бўйича юритилади.
Тегишли техник воситалар мавжуд бўлганда, бошланғич ҳисоб ҳужжатлари ва бухгалтерия ҳисоби регистрлари, шунингдек ТМЗ, пул маблағлари ва бошқа бухгалтерия операциялари бўйича иштирокчиларни идентификация қилиш имконини берувчи ҳисоб ҳужжатлари (шу жумладан «Бухгалтерия операцияларини қайд этиш журнали» ва «Бухгалтерия операцияларини ҳисобга олиш китоби») автоматлаштирилган ахборот тизимида юритилиши мумкин.
Агар бухгалтерия ҳисобини юритиш учун автоматлаштирилган ахборот тизимида ички назорат учун зарур маълумотлар ва бухгалтерия операцияларининг тафсилотлари бўйича умумлаштирилган маълумотлар мавжуд бўлса, алоҳида бухгалтерия ҳисоби регистрлари тузилмаслиги мумкин.
ННТнинг йиллик молиявий ҳисоботи молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботдан (бухгалтерия баланси) иборат бўлади.
Агар ташкилот тижорат фаолиятини амалга оширса, қўшимча равишда молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот топширилади.
Жамоат фондлари йиллик ҳисоботни аудиторлик хулосаси билан бирга эълон қилишлари шарт.
ННТ молиявий ҳисоботини тузиш ва тақдим этишнинг асосий тамойиллари Молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш учун концептуал асос
ва 77-сонли МҲМС талаблари билан белгиланади.
Мазкур Стандарт бошқа молиявий ҳисоботнинг миллий стандартлари билан биргаликда қўлланилади, 77-сонли МҲМСда бевосита тартибга солинмаган масалалар бўйича эса молиявий ҳисобот стандартларининг умумий талаблари амал қилади.
![]()